Линклар

logo-print

Кампаниядан нафақахўру талабалар ҳам четда қолмаяпти

  • Гулнора Равшан

Тожикистондаги кам таъминланган қатлам вакиллари Роғун ГЭСи акцияси ўзларига расмийлар томонидан мажбурий равишда сотилаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Шикоят қилаётганларнинг асосий қисмини нафақахўрлар ва олийгоҳ талабалари ташкил қилади.

Ваҳдат туманининг Гулистон участкасида яшовчи нафақахўр Бибихол Абдуназарова Роғун акцияси сотувга чиқарилган кундан буён ҳукумат вакиллари деярли ҳар кун масжидларда одам тўплаб, кўп ҳолларда уйма-уй юриб, “ҳар бир киши акция олиши шарт”лигини уқтираётганини айтди.

- Маҳалла раиси кечаям уйимизга келди, акция олиш мажбурийлигини айтди. Энг арзони 100 сомоний (тақрибан 22 АҚШ доллари - таҳр.), деди. Ҳай, оғирлик қилсаям нима қиламиз, мажбур кеча қайнаотам пенсиясига олди, дейди Бибихол аянинг келини Сабоҳат.

- Акцияни сотиб олишдан бош тортганларга бирор чора кўришармикин? дея сўрадик Сабоҳатдан.

- Кимки Роғуннинг акциясини олмаса, катта ишчи бўлса, ишдан ҳайдалар экан, деб эшитдик. Энди қайнотамнинг деҳқончилик қиладиган ерлари бор-ку, агар акция олмаса, шу ерни тортиб олишар экан, дейишди, дейди Сабоҳатхон.

Шу ерда эслатиб ўтсак, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фуқаролар турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 1996 йили ҳукумат ихтиёрида бўлган 75 миллион гектар ерни деҳқончилик билан шуғулланувчи оилаларга бўлиб бериш борасида фармон имзолаган эди. Сабоҳатхон ана шу ерларни назарда тутмоқда.

Суҳбат давомида маълум бўлишича, маҳаллий ҳокимият расмийлари ана шундай ери борларга 100 сомонийлик акцияларни 120 сомонийга пуллаётган экан.

Маҳаллий кузатувчи Бахтиёр Мўминов ҳукумат расмийларининг бу амалини “чайқовчилик” дея баҳолайди.

- Шундай хатар бор эди, мана бугун у амалга оширилаяпти. Бу бошдан-оёқ сиёсий ўғрилик. Бизнинг халқимизда қуллик идеяси кучли, дер экан Бахтиёр Мўминов бу қуллик психологияси Роғун қурилиши бўйича мақсадини амалга ошираётган расмийларга бу жуда қўл келаётганидан куйинди.

Яна бир суҳбатдошимиз Рудакий туманининг Наврўз маҳалласи фуқароси нафақахўр Ойнихол опа Роғун акциясини сотиб олмаётганларга маҳаллий ҳукуматлар турли муаммолар яратиш билан таҳдид қилинаётганини айтди.

- Одамлардан пули бори бераяпти. Баъзилар қизиқиб, 500 сомонийга (тақрибан 114 АҚШ доллари - таҳр.) ҳам олаяпти. Энди қийналиб қолган киши учун 100 сомоний ҳам кўп-да, топиб бера олмайди. Лекин бермаганимиз учун жамоат идорасига борганимизда справка берилмайди экан. Яна ҳозир Россияга ишлагани кетаётганларга ҳам шу акциясига қараб, билет берилар экан-ку. Ким Роғун акциясини олмаган бўлса, самолётга ҳам билет берилмас экан, дейди Ойнихол опа.

Айтилганларни шу туманнинг Ҳазрати Мавлоно участкасида истиқомат қилувчи нафақахўр Худойберди Эгамбердиев тасдиқлар экан, маҳаллий ҳукумат расмийларининг мамлакат жорий қонунларига зид хатти-ҳаракатидан “юқоридагилар хабарсиз бўлса керак”, дея мулоҳаза билдиради.

- Энди ўзини демократик давлат деб билган Тожикистонимизда аслида бу ишлар мажбурий бўлмаслиги керак, акцияни сотиб олишни ҳар кимнинг ўз ихтиёрига қўйиб беришлари керак. Лекин ҳозир бўлаётган ишлар мажбурийга ўхшайди. Лекин бундан ҳукумат хабарсиз, кўп нарсадан хабарсиз ҳукумат, дейди Худойберди ота.

Гарчи Тожикистон президенти 5 январ куни давлат оммавий ахборот воситалари орқали халққа мурожаатида Роғун акциясини сотиб олиш ихтиёрийлигини бир неча маротаба такрорлаган бўлса-да, тожик жамиятида “мажбурий ватанпарварлик” кампанияси тобора авж олмоқда. Бу кампания Тожикистон аксарият олийгоҳларида ҳам кузатилмоқда.

- Роғун акциясини сотиб олмаганлар зачёткасига синов имтиҳонлари учун рухсат муҳри босилмас экан, имтиҳонларга киритилмас эканмиз. Деканатдан чиқди бу гап. Шунинг учун мажбурмиз акциялик бўлишга. Баъзи курсдошларимиз оиласида тўртта студент борлигини ва уларнинг ҳаммаси ҳам 100 сомонийдан акция олишганини айтишмоқда. Бу албатта кам таъминланган оилалар учун қийинлик қилади, дейди исми ошкор этилмаслигини ўтинган тожикистонлик талаба.

Аснода Тожикистон олийгоҳларида таҳсил кўраётган ўзбекистонлик студентларга ҳам шундай таҳдидлар қилинаётгани маълум бўлди.

- “Пул берсаларинг, ўзларингга яхши, ёрдам қилсаларинг қилибсизларда, лекин олмасаларинг, ўзларингдан кўринглар”, дейишаяпти. Шундай гап-сўзлар бўлиб турибди. Лекин мен қўрқмайман, акциясиям керак эмас, чунки мен ўзбекистонликман, бизга мажбурий бўлмаслиги керак. Шу шартнома пулини тўласам ҳам катта гап, дейди Тожикистондаги Садриддин Айний номидаги педагогика унверситети 4-курс талабаси Акбаржон.

Айни пайтда 11 январ куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов талабаларга акция сотиш мажбурий эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

- Вазирлигимиз тасарруфида бўлган барча олийгоҳлар ректорларига оммавий ахборот воситалари орқали яна бир марта мурожаат қилиб айтаманки, Роғун акциясини студентларга мажбурий сотмангиз, бундай йўл тутиш учун ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Кимда-ким ватанини севса, у ўз ақл-иродаси билан ватан ободончилиги учун ҳисса қўшади. Лекин Роғун қурилиши йўлидаги тадбирларни амалга ошира туриб, студентларнинг билим олишига тўсқинлик қилиш бу катта гуноҳ, деди вазир Раҳмонов.

Аснода Тожикистоннинг барча ҳудудларида Роғун акциясини сотиб олиш билан бу йирик иншоот қурилишида фаол қатнашишга ундаш мажбурий кампанияси давом этмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон Молия вазирлиги томонидан чиқарилган 5 миллион дона акция сотувидан 1,5 миллиард доллар маблағ жамғарилиши кўзланмоқда.
XS
SM
MD
LG