Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:50

Қирғиз мухолифатчиси тарафдорлари норозилиги кучаймоқда


Собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақовнинг 8 йилга кесилиши унинг тарафдорлари ўртасида катта норозилик уйғотди.
Собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақовнинг 8 йилга кесилиши унинг тарафдорлари ўртасида катта норозилик уйғотди.

Бишкек гарнизон суди томонидан 11 январ куни 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақовнинг тарафдорлари ҳарбий суд ҳукмини сиёсий буюртма ўлароқ баҳоламоқдалар.

Генерал Исмоил Исақов 11 январ куни судда сўзлаган сўнгги сўзида ўзига қўйилган айбловлар мутлақо асоссизлигини айтди.

- Биз теран ишончдамиз, қонунга зид келувчи буйруқни берганлар ва уларни бажарганлар ким бўлмасин, эртадир-кечдир халқ олдида бўлмаса ҳам¸ Худо олдида жавоб беради. Бугунги вазият Қирғизистонда ҳуқуқий, демократик давлатчилик тугаб бораётганини, унинг ўрнини оилавий бошқарувга асосланган криминал ва авторитар ҳокимият эгаллаётганини кўрсатиб турибди, деди Исмоил Исақов.

Ҳарбийлар, халқ ва мухолифат орасида катта обрўга эга бўлган генерал Исмоил Исақов хизмат лавозимидан ўз манфаати йўлида фойдаланганликда, Балиқчи гарнизонидаги ҳарбий техникани ноқонуний сотишда ва коррупцияда айбланган эди. Бироқ бир йил давомида давом этган тергов натижасида судга тақдим этилган айбловларнинг аксарияти ўз исботини топмади. Суд жараёнида Исмоил Исақовдан коррупция ва ҳарбий техникани ноқонуний сотиш айбловлари олиб ташланди. Шунга қарамай, суд ҳукми билан Исмоил Исақов 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Исмоил Исақовнинг адвокати Азимбек Бекназаровнинг маълум қилишича, улар 11 январ куни чиққан суд ҳукмини ололмаганлар. Ҳимоячилар ҳукм олиниши билан шикоят аризаси билан юқори инстанция – республика ҳарбий судига мурожаат қилишмоқчи.

Айни пайтда Қирғизистондаги таниқли сиёсатчиларнинг аксарияти суд ҳукмини сиёсий буюртма ўлароқ баҳоламоқдалар:

- Бунинг сиёсий буюртма экани кўриниб турибди, ҳеч қандай гуноҳи йўқ одамни 8 йилга қамашнинг ўзи аҳмоқлик. Шу жиҳатдан қарасак, Бакиевлар кишини сўроқсиз отгандай гуноҳ қилишмоқда, дейди мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати аъзоси Эмил Қаптағаев.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун собиқ давлат амалдорларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар Қирғизистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига путур етказади, деб ҳисоблайди:

- Албатта¸ бу бизнинг халқаро имиджимизга салбий таъсир кўрсатади. Негаки, суд хулосаси қандай бўлмасин, Исмоил Исақович амалидан кетгач, мухолифатга қўшилиб, ҳукуматга нисбатан салбий фикрларни айтиб юрган одам. Шунинг учун бу суд хулосасига сиёсий тус берилади, деди Қирғизистон Омбудсмени.

Айни пайтда Қирғизистоннинг мухолифатидаги Бирлашган халқ ҳаракати суд ҳукмидан норозилик билдириб баёнот тарқатди. Бу борада Қирғизистон парламентидаги Социал-демократлар фракцияси раиси Роза Ўтунбаева маълум қилди.

Ўтунбаева хоним қирғиз ҳукуматига норозилик билдирганларнинг суд ҳукми билан узоқ йилларга қамалишини расмийларнинг халқни қўрқитишга бўлган уриниши сифатида баҳолади:

- Петровка, Новқат, Балиқчи бўладими, умуман, Қирғизистон халқининг барини қўрқитиб, хонлик тузуми барпо этишга ҳаракат қилинмоқда. Бироқ Қирғизистонда Қўқон хонлиги қурилмайди. Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз, деди Роза Ўтунбаева.

11 январ куни Исмоил Исақовнинг қамалиши муносабати билан Ўш вилоятидаги Олой туманида норозилик намойиши бўлиб ўтган. Сўнгги хабарга кўра, намойишда 300 киши иштирок этаяпти.

Норозилар ўз акцияларини 12 январ куни давом эттиришларини айтиб, Ўш-Эргаштом автойўлини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилгандилар.

Бироқ Олой туман ҳокими Алмазбек Ўсмўнов туманда вазият тинч эканини, ҳеч қандай норозилик намойишлари кузатилмаганини маълум қилди:

- Хозир Олойда аҳвол барқарор. Ҳеч қандай тўпланган, норози бўлган одамлар йўқ. Барча одамлар ишда, ҳеч қандай норозилик намойишлари йўқ, деди Алмазбек Ўсмўнов.

Айрим оммавий ахборот воситаларида “айни пайтда Олой туманида милиция кучайтирилган тартибда ишламоқда”, деган хабарлар пайдо бўлди. Олой тумани ҳокими Алмазбек Ўсмўнов ушбу хабарни ҳам тасдиқламади.

13 январ куни Қирғизистон бирлашган мухолифати иқтидордаги расмийларга мухолиф бўлган кишиларни тақиб қилишни тўхтатиш талаби билан очлик акциясини бошламоқчи.
XS
SM
MD
LG