Линклар

logo-print

Ватан ҳимоячиси ҳайкали янгиланди

  • Абдулла Искандар

12 январ куни юзидан парда кўтарилган Ватан ҳимоячисининг янги қиëфаси.

12 январ куни юзидан парда кўтарилган Ватан ҳимоячисининг янги қиëфаси.

Ўзбекистон Қуролли кучлари музейи олдида 12 январ куни янги ҳайкал пайдо бўлди. Монумент она пойида ўзбек байроғини ўпаëтган ўзбек аскарини тамсил қилади. Ҳайкал очилишида Ўзбекистон президентининг шахсан ўзи иштирок этди.

Бу монумент ўтган йили Тошкентда демонтаж қилинган совет аскари ҳайкали ўрнига тикланди.

Қизил аскарга қўйилган ҳайкалнинг олиб ташланиши Россия миллатчиларининг ғазабини келтирди.

Бунга жавоб қилган расмий Тошкент ҳайкалнинг реставрация учун олиб кетилганини билдирган эди.

Осмонга милтиқ ўқталган эски ҳайкал ëдгорликлар омборхонасига жўнатилган.
12 январ куни Ўзбекистон қуроли кучлар музейи олдига эса мутлақ бир янги ҳайкал тикланди.

Осмонга ППШ автоматини ўқталган совет аскари ўрнига мустақил Ўзбекистон байроғини ўпаëтган ўзбек аскари ҳайкалининг тикланиши муҳим воқеа¸ дейди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ходими.

- Албатта. Ватан ҳимоячилари кунининг 18 йиллиги арафасида жуда катта воқеа бўлдида¸ дейди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ходими.

Ватан ҳимоячилари куни арафасида музей олдига тикилган ҳайкал бир ой ичида Ўзбекистон Бадиий академияси кенгаши тавсиясига кўра ҳайкалтарош Жалолиддин Миртожиев тарафидан яратилди¸ дейди академия раисининг ўринбосари Озодлик мухбирига.

1973 йилда 2- жаҳон урушида СССРнинг ғалаба қилгани муносабати билан ўрнатилган ҳайкал (СССР жанубий чегаралари ҳимоячиси деб номланган тунука ҳайкал) олиб ташланганида эътироз билдирган рус миллатчиларига жавобан расмий Тошкент ўзининг Москвадаги элчиси тили билан ҳайкалнинг реставрацияга олиб кетилганини билдирган эди.

12 январ куни эса бу гапнинг ëлғон экани аëн бўлди.

Тадбирга келганлар ҳайкал устидаги оқ мато сидирилиб тушгани ҳамон янги бир монумент билан юзма-юз бўлишди.

Ўзбекистон ҳимоячисининг асли ва мажози.
Ҳайкал ëнидаги ғозғон мармаридан йўнилган супага Ўзбекистон қуролли кучларининг Каримов фармони билан тузилгани зарҳал ҳарфларда зарб қилинган.

Очилишида президент қатнашган ҳайкал олдингисидан мутлақ фарқ қилади¸ дейди ўз овози ëзилишини истамаган мунаққид.

- Олдинги ҳайкалда аскар тикка турувди¸ бу аскар эса тиз чўктирилган.

Олдинги аскарнинг қўлида ППШ деган совет автомати бор эди¸ бу аскар қуролининг қайси русумда экани ноаниқ.

Олдинги ҳайкалда славян қиëфали йигит акс этган бўлса¸ бу ҳайкал ўзбек қиëфасида.

Энг муҳими¸ бу ҳайкалда оймомо ва12 юлдузли ўзбек байроғи акс этган. Умуман бу янги бир монументал асар¸ дейди суҳбатдош.

Ҳайкал Шерали Жўраев ижросидаги “Она турар ҳайкал пойида” деган қўшиғининг тескарисини эслатади.

Солдатнинг¸ онага орқасини қилиб турган ҳолда унинг пойида тиз чўкиб тургани акс этади янги монументда.

Эски ҳайкал ҳозирги мафкурага тўғри келмайди¸ дейди Мудофаа вазирлиги вакили.

- Ундай ҳайкаллар президентимиз бошчилигида ўтказилаëтган ислоҳотларга тўғри келмайди. Шунинг учун ëдгорлик бошидан маънавий нимасини ўзгартириш нимасидада. Важоҳат билан нима қилиб турган зўравон бир нимаси¸ сиëсатни акс эттириб турган деган маънодами шунақа бир ҳайкал бор эдида. Бизнинг бугунги нимамизга жавоб бермайдиганда. Маънавий томонларини ўйлайдиган бўлсак¸ янгилашни замон тақозо этган. Биз ҳам интернет хабарларини кузатиб борамиз. Биз ҳам “Ҳайкал олинди. Ëдгорлик нима қилинди” деган фикрларни ўқиганмиз. Кўпчилик ахборот нималари тушунар тушунмасдан ëзди уни. Янгилайликда уни. Бутунлай бугунги юритаëтган¸ нима дейди¸ сиëсатимизгами¸ армиямизда олиб борилаëтган ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан келиб чиқибми¸ олдинги нима ватанни ҳимоя қилаëтган ҳимоячининг маънавий қиëфасини акс эттира олмас эдида. Ҳозирги қилинган ҳайкал¸ она қиëфасини оладиган бўлсангиз¸ биз қадим-қадимдан ҳам она нимасида вафо¸ садоқат мужассамда. Дуо қилиб турган она у ҳарбийларимизни матонатга¸ фидойиликка ундайдида. Шу маънода биз ҳам хурсанд бўлдик¸ дейди Мудофаа вазирлиги вакили.

Расмийнинг таъкидича¸ ҳайкал тиз чўкиб байроқ ўпаëтган аскар тарзига кириб¸ миллий қиëфа касб этди. Айни пайтда аксарияти мусулмон бўлган давлатда ҳайкал ва бутларга зарурат йўқ¸ дегувчилар ҳам бор. Бироқ шоир ва мулла Мирза Кенжабек бу фикрга қўшилмайди.

- Ҳамма нарсани бут деб бўлмайди. Инсон қачонки бир нарсага сиғинса¸ у бут бўлади. Ҳеч ким буларга сиғинаëтгани йўқ. Булар фақат инсонларни амалий бир¸ нима дейди буни¸ амалий бир кўргазма сифатида инсонларнинг кўзига яхши таъсир қилади. Кўзга таъсир дегани¸ кўз орқали идрокка таъсир қиладики¸ масалан бунга ўхшаган нарсалар ватаннинг мудофаасини билдиради. Булар ватанни муҳофаза қиладиган¸ мудофаа қиладиган мардлар борлигини билдирадиган мажоз тимсоллар. Ҳамма нарсадан ундай нима қидирсак¸ хато бўлади. Ҳамма нарсадан бутнинг нимасини қидириб бўлмайди. Уларда бир тимсол борда. Булар инсонларнинг кўнглини кўтарадиган¸ инсонларнинг руҳиятига¸ идрокига таъсир қиладиган мажоз тимсоллар¸ дейди Мирза Кенжабек.

Кенжабек назарида миллий тимсоллар фуқаролар қалбида ватанпарвар ҳисларни гуркиратади.

- Бунга ўхшаган тимсоллар инсонларнинг руҳини кўтариш учун¸ кўтаринки бир кайфият бағишлаш учун қилинади. Буларнинг ҳаммаси мажоз¸ дейди Мирза Кенжабек.

Янгисини қурмагунча эскисини бузма¸ деган гапни яқин-яқинларгача Каримовга нисбат беришар эди. Мана янги ҳайкал қурилди¸ аммо эскиси қани?

Қаерга кетди у милтиқли киши?

Эски ҳайкалнинг Ўзбекистон ëдгорликлар рўйхатида турганини ҳисобга олиб¸ Ëдгорликларни сақлаш идорасига қўнғироқ қилдик.

- Унинг тақдирини билиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига телефон қиласиз. Бизлар “Тарихий ëдгорликларни таъмирлаш бош бошқармаси”миз¸ дейди Ëдгорликларни сақлаш идорасининг ходимаси.

Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозими эски ҳайкаллар¸ аниқроғи Ленинлар¸ Дзержинскийлар ҳаммасининг бир жойда тўплаб қўйилганини айтди.

- Ватан ҳимоячиси ҳайкалими? Специалный экспозиционный нимамиз¸ мастерскойлар бор. Ўша ерда ҳаммаси тўпланиб турибди.

Озодлик: Лениннинг ҳайкали қаерга кетди?

- У ҳам ўша ëқда. Ҳаммаси турибди¸ дейди Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозими.

Мафкура сургунидаги бу ҳайкаллар яна ўз шоҳсупасига қайтишни кутишаяпти¸ деб қўшиб қўяди шаҳар ҳокимиятидаги ўзбекчани сувдек ичган Иван амаки.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG