Линклар

logo-print

Freedom House:"Марказий Осиëда авторитаризм жипслашди"


"Дунëдаги эркинлик 2010 " ҳисоботига илова қилинган жадвал.

"Дунëдаги эркинлик 2010 " ҳисоботига илова қилинган жадвал.

Ўзбекистон дунёдаги энг авторитар ва мутлақ эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолмоқда. Бош қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Freedom House ташкилотининг "Дунëдаги эркинлик " туркумидаги янги ҳисоботи хулосаси ана шундай мазмунда.

Freedom House - Озодлик уйи ҳисоботи муаллифларидан бири¸ ташкилот дастурлари раҳбари бўлган Кристофер Уолкер Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё¸ балки дунё миқёсида ҳам эркин бўлмаган ва энг авторитар тузимга эга мамлакат бўлиб қолаётганини айтади.

- Ўзбекистон авторитар давлатлигича қолмоқда. Унда полиция давлатининг барча унсурларини кўриш мумкин ва шунинг учун ҳам Ўзбекистон бизнинг рейтингимизда ҳали ҳам энг пастки ўринда қолмоқда, деди Кристофер Уолкер.

Freedom House дунё давлатларидаги сиёсий эркинликлар ва фуқаролик ҳуқуқлари даражасини 1 дан 7 баллгача бўлган шкала асосида баҳолайди. Муайян бир давлатга берилган баҳо қанчалик оз бўлса¸ у шунча эркин ҳисобланади, кўп балл олган давлат эса эркин бўлмаган давлат қаторига киритилади.

Янги ҳисоботда ҳам Ўзбекистон ўтган йилги каби сиёсий эркинликлар пунктида 7 балл, фуқаролик ҳуқуқлари пунктида ҳам 7 балл олиб, Туркманистон, Шимолий Корея, Бирма, Эритрея, Сомали каби мутлақ эркин бўлмаган давлатлар қаторидан ўрин олган.

Freedom House ҳисоботига кўра, шу кунгача Марказий Осиёда қисман эркин ҳисобланган ягона давлат - Қирғизистон эди. Аммо 2010 йил ҳисоботида Қирғизистон сиёсий эркинликлар бўйича 6, фуқаролик ҳуқуқлари бўйича 5 балл олиб, эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритилган.

Бунга Қирғизистонда ҳокимиятни бир шахс қўлига жамлаш уринишларининг кучайгани, мухолифат ва мустақил нашрларга нисбатан тазйиқларнинг янада кучайгани асос бўлган.

- Қирғизистон сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари борасида ҳафсаламизни қаттиқ пир қилди ва сўнгги икки йил ичида пастга шўнғиди. Жорий йилда ҳокимиятнинг бир қўлга жамланиши ва ошкора бошқарув йўлига қўйилган бошқа тўсиқлар бу мамлакатни қисман эркин мамлакатлар қаторидан эркин бўлмаган давлатлар рўйхатига киритишимизга асос бўлди¸ дейди Кристофер Уолкер.

Freedom House ташкилотининг бундай хулосасига ўшлик шарҳловчи Ғанижон Холматов ҳам қўшилади.

- Раҳбарларимиз Хитой раҳбарияти сиëсати ва Россия сиëсати ўртасида ўралашиб қолганлиги оқибатида давлат тузумининг кўпроқ Россия вариантини эгаллаб¸ кўпроқ мана шунга тақлид қилиши оқибатида мафкуранинг бир томонлама йўналишларининг оқибатлари таъсирида жамиятимизда анчагина демократик ҳаракатлар сусайиб кетди. Матбуот эркинлиги деярли йўққа чиқиб қолди. Мухолифатга қарши кескин курашлар бўлди. Матбуот ўз-ўзидан ҳокимиятпарастлик таъсирига тушиб қолди. Қолаверса¸ сиëсий раҳбарларнинг таъқиб остига олиниши мухолифат орасидаги парокандаликни юзага келтирди¸ дейди Ғанижон Холматов.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер фикрича, эркин бўлмаган давлатлар қаторига биринчи марта киритилаётган Қирғизистонда яна қайта нисбатан эркин бўлган давлатлар сафига қайтиш имконияти мавжуд.

- Ҳали умид бор. Кўпчилик қайд этаёганидай, Қирғизистон эркинлик таъмини тотган ва қирғиз халқи ўз эркинлиги учун курашнинг яхшигина тажрибасига эга. Бироқ бугунги кунда халқнинг бу курашда бир оз толиққани кўринади. Аммо 2010 йил бу мамлакат учун сиёсий жиҳатдан оғир бўлишини, ҳукуматнинг айрим қадамлари, жумладан Конституцияга ўзгартишлар киритилиши кутилаётгани мухолифат ва халқни яна қайтадан майдонга олиб чиқиши мумкин, дейди Брюс Панниер.

Бу таҳлилчига кўра¸Қирғизистондан фарқли¸ Ўзбекистонда бундай жараёнлардан умид йўқ ва бу ҳолат мамлакат ичкарисида диний радикализм ва бошқа салбий ҳолатларнинг кучайишига сабаб бўлади.

- Энг ёмон вазият Ўзбекистондадир. Чунки бу ерда эркин матбуот, муқобил сиёсий партиялар мутлақо мавжуд эмас. Халқ очиқ норозилик билдиришга қўрқади. Ошкораликнинг, эркинликнинг, дунёвий мухолифатнинг мавжуд эмаслиги эса радикал ҳаракатларнинг фаоллашувига сабаб бўлади, дейди Брюс Панниер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG