Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:54

Чегара билмас мухбирлар Ўзбекистондаги вазиятдан хавотирда


Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонда қолган оз сонли мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилиб, сўроққа тутилаётганидан хавотир билдирди.

Ўтган ҳафта хорижий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилаётган журналистлар - Сид Янишев, Ҳусниддин Қутбиддинов, Малик Бобоев ва Василий Марковлар Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, касбий фаолиятлари ҳақида сўроққа тутилган эди. Эртаси куни эса журналист Алексей Волосевич прокуратурага чақиртирилди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистондаги саноқли мустақил журналистларни ҳимоя қилишга чақирган.

"Ўзбекистонга ҳаддан зиёд ён бериб юборган халқаро ҳамжамият бу давлатда қолган оз сонли журналистларни ҳимоя қилиш ва уларни янги қатағонлардан қутқариш борасида конкрет ишларни қилиши керак", дейилади ташкилот баёнотида.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, шу кунларда Ўзбекистонда касбий фаолияти учун қамалган камида 10 журналист, жумладан, Солижон Абдураҳмонов, Жамшид Каримов, Дилмурод Саййид, Юсуф Жума жазо муддатини ўтамоқда, айримлари узоқ муддатларга қамалган.

Яқинда эса ўзбекистонлик фотосуратчи Умида Аҳмедовани ҳукумат нишонга олди. Аҳмедова ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланмоқда.

2005 йил май ойида Андижондаги қонли воқеалар ортидан хорижий ахборот воситалари ва ўнлаб журналистлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган эди.

Uznews.net сайти бош мухаррири Галима Бухорбоева шуларнинг бири.

- Мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилиши ва уларга Ташқи Ишлар вазирлиги ва МХХдан маълумотлар тушганлиги ҳақида айтилиши ортида гап кўп. Ўзбекистон ҳукумати янги йилда бу йўл орқали мустақил журналистларга: "яхшиси, оғзингни юмиб ўтир, акс ҳолда, сенинг ҳам овозингни ўчириш бизнинг қўлимиздан келади”, деб огоҳлантирмоқчи бўлаяпти. Менимча¸ бу навбатдаги қўрқитиш акциясининг бошланишидир, дейди Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG