Линклар

Сўғдда мардикор қизлар кўпаймоқда


Мардикор қизларнинг айтишларича, уларни ёз мавсумида асосан дала ишларига ёллайдилар.

Мардикор қизларнинг айтишларича, уларни ёз мавсумида асосан дала ишларига ёллайдилар.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мардикор аёллар ўртасида балоғат ёшига етмаган қизлар кўпайиб бораётганидан ва улар кўпинча оғир ишларга жалб қилинаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Сўғд вилояти Бобожон Ғафуров туманига қарашли Ёва қишлоғидаги хотин-қизлар мардикор бозори сўнгги пайтларда гавжумлашиб қолди. Мардикорларнинг асосий қисмини балоғат ёшига етмаган, 12-14 ёшдаги қизлар ташкил этади. 15 ёшга энди қадам қўйган Гулчеҳра уч йилдан буён шу мардикор бозорига келар экан.

- Қарийб бир ой таътил, бошқа иш йўқ, бу ерда эса ҳам вақт ўтади, ҳам пул ишлайман. Ёзги таътилда ҳам ҳар куни шу ердаман. Турли ишларни бажаришга тўғри келади - кир ювиш, бола қараш. Шароит шунга мажбур қилаяпти. Оилавий аҳволимиз оғир, дейди Гулчеҳра.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, кўпинча у уйга кеч келади. Айниқса ёз мавсумида 13-14 соат меҳнат қилишга тўғри келади. Гулчеҳра асосан дехқончилик хўжаликларида ишлайди.

Навбатдаги суҳбатдошим ўзини Назира деб таништирди. У саккизинчи синфда ўқир экан.

- Ёз пайтида бизни асосан дала ишларига ёллашади. Саҳар еттидан кеч еттигача жазирама иссиқда ишлаймиз. Қиш мавсумида кўпроқ кичик корхоналарга ёллашади. Уйда ётиб қолган касалларга қараймиз ва ҳоказо ишлар. Тоқат қилишга мажбурмиз, пул ишлашимиз керак, дейди Назира.

“Мардикор қизлар бир ойда қанча пул топади?” деб сўраймиз суҳбатдошларимиздан.

- Шундай кунлар бўладики, ёшим кичик бўлгани сабабли ҳеч ким ишга ёлламайди. Ёлловчилар ёши катта бўлган аёлларни олиб кетишади. Агар омадимиз юришиб қолса, бир ойда 20 кун ишлаб қоламиз. Бир ойда 60-70 сомоний (қарийб 20 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида пул топамиз. Ёлловчилар ёшларга бундан ортиқ пул беришмайди, дейди Гулчеҳра.

Сўғд вилоят Хотин-қизлар қўмитаси вакили Раъно Бобоеванинг айтишича, қизларнинг оғир меҳнатга жалб қилинишида ота-оналарнинг айби бор.

- Ёш қизчаларнинг бундай оғир меҳнат килишлари ва умуман меҳнатга жалб қилиниши жиноятдир. Ахир бу меҳнат келажакда оғир оқибатларга олиб келади, қизларнинг соғлигига салбий таъсир қилади. Қизлар балоғат ёшига етгач, оила қуриши керак. Бироқ улар ҳозирнинг ўзидаёқ майиб бўлишади. Бугун ёшлар ўртасида камқонлик, сил касаллиги, ревматизм каби хасталиклар кенг тарқалган, дейди Раъно Бобоева.

Тожикистон конунчилигида болалар меҳнатидан фойдаланиш таъқиқланган. Шунга қарамай, мамлакатда балоғат ёшига етмаган болаларни оғир меҳнатга жалб қилиш давом этмоқда. Қонунчилик аслида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, лекин ана шу қонунлар ишламайди. Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, қонун ишламаганидан ва бу қонун ишлашини назорат қиладиган тузилмалар бўлмаганидан кейин болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаверади, жиноятчилик ҳам кўпаяверади.

- Тожикистон аҳолисининг жуда кўп қисми оила тебратиш, тирикчилик дея бошқа ўлкаларга мардикорликка кетмоқда. Оқибатда уларнинг фарзандлари қаровсиз қолмоқда. Болаларки қаровсиз қолди, бирор иш билан машғул бўлади. Айтайлик, фойдали, онгли меҳнат билан шуғулланса, яхши. Лекин уларнинг аксарият қисми оғир меҳнатга жалб қилинади, қулдек ишлатилади. Бошқа томондан эса уларни бунга иқтисодий танглик мажбур қилмоқда. Хуллас, бош сабаб - ўша бутун фожеамизни ўзида акс эттириб турган нарса ҳам мана шу иқтисодий танглик, дейди таҳлилчи Абдурасул Мамадалиев .
XS
SM
MD
LG