Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Ўзбекистон Тожикистон вагонларини қўйиб юборди


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги юк вагонлари транзитига оид жанжал, қисман бўлса-да, ҳал бўлганини билдирди.

- Ўзбекистонга сўнгги мурожаатимиз ортидан бу муаммо бир қадар бўлса-да, ўз ечимини топди. Айни кунларда тахминан 68 та юк вагони мамлакат ичкарисига олиб кирилди. Ўйлаймизки, қолган вагонлар ҳам қўйиб юборилади ва Ўзбекистон томон бундан кейин бу масалада яхши қўшничилик принципларига амал қилади, деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Ташқи ишлар вазирлиги масъулининг билдиришича, 2009 йил ноябридан буён Тожикистонга тегишли юкларнинг Ўзбекистон томонда қолиб кетиши ортидан миллионлаб сомоний зарар кўрилиши баробарида Сангтўда-2 ГЭСи қурилишидаги ишларнинг ортга сурилишига сабаб бўлган. Расмийнинг айтишича, Ўзбекистон орқали Тожикистонга келаётган юк вагонларининг катта қисми Эрон ширкатларига тегишли бўлиб, бу вагонлар асосан Сангтўда-2 ГЭСи қурилиши учун зарур цемент ҳамда техник ускуналар олиб келаётганди.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳам сим қоқдик. У томондан телефон гўшагини кўтарган ўзбек дипломатларидан бири бу борада аниқ бир маълумотга эга эмаслигини айтаркан, юк вагонларининг чегараларда туриб қолиши икки давлат сиёсий муносабатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб билишини таъкидлади.

Тожикистон давлат божхона қўмитасининг контрабанда бўлими масъул ходимларидан бири юк вагонларининг, у қайси давлатга тегишли бўлмасин, бошқа давлатда ушлаб қолинишида ўша юк эгаларининг ўзи айбдор, деб билишини айтади.

- Кўп ҳолларда тижоратчилар накладнойда бир маҳсулотни кўрсатса, аслида вагонга бошқа нарсани юклашади. Бу эса давлатлар орасидаги юк транзитига доир ҳамкорлик шартномаси талабларини қўпол равишда бузишдир. Кўпинча юк қабул қилиб олувчи давлат масалани тўла ўрганмай туриб, вагонлар тутиб турилган мамлакатни ёмон отлиққа чиқаришга шошилади, деди божхона расмийси биз билан ўзаро суҳбат чоғида.

Аммо Тожикистон сиёсатчилар уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов фикрича, цемент юкланган вагонлар транзитига халақит бераётган Ўзбекистоннинг ягона мақсади Тожикистондаги гидроиншоотлар қурилишига тўсқинлик қилишдир.

- Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетика мустақиллигини қўлга киритишини умуман истамайди. Хусусан, сўнгги вақтларда Роғун ГЭСи қурилишидан ташвишга тушган расмий Тошкент турли йўллар билан Тожикистоннинг қўлини калта қилишга ҳаракат қилмоқда, дейди Мамадазимов.

Таҳлилчи ўтган ҳафтада Ўзбекистон Тожикистон учун берилажак табиий газ оқимини 30 фоизга қисқартиргани ҳам бунинг яққол исботи эканини айтади.

Эслатиб ўтамиз, 7 январ куни “Тожиктрансгаз” ширкати “Ўзтрансгаз” газ ҳажмини 30 фоизга қисқартиргани ва бунинг натижасида мамлакатдаги йирик саноат корхоналари фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Сўнгроқ Роғун ГЭСи қурилиши учун цемент етказиб бераётган “Тожикцемент” корхонаси ҳам газ тақчиллиги ортидан ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатгани маълум бўлди.

Бироқ “Тожиктрансгаз” ширкат расмийси Шавкат Шоимов Ўзбекистон томонидан табиий газ ҳажмининг қисқартирилишида ҳеч қандай сиёсий мотив йўқлигини, бу ерда гап фақат молиявий муаммода эканини таъкидланганди. Расмийнинг қайд этишича, Тожикистон Ўзбекистонга газ пулини олдиндан тўлай олмаган, пировардида газ ҳажми 30 фоизга қисқартирилган.
XS
SM
MD
LG