Линклар

Сколари қашшоқларга ëрдам йиғмоқчи

  • Замира Шукур

Ғарб спорт нашрлари¸ Англиядаги Chelsea клубининг собиқ мураббийси Сколари Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақидан 105 минг маротаба кўп ойлик олишини фош қилди.

Ғарб спорт нашрлари¸ Англиядаги Chelsea клубининг собиқ мураббийси Сколари Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақидан 105 минг маротаба кўп ойлик олишини фош қилди.

Миллионлаб одам тирикчилик илинжида муҳожиратга чиқиб кетаëтган юрт - Ўзбекистондаги ўта бой шахсларга қарашли экани айтиладиган "Бунëдкор" клубининг қимматлиги билан дунëда рекорд ўрнатган мураббийсининг ана шундай тадбирга қўшилгани айтилмоқда.

25 январ куни Португалия пойтахти Лиссабоннинг дунëга машҳур Луж стадионида Зинадин Зидан ва Роналдо дўстларидан тузилган икки жамоа ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Футбол юлдузларидан тузилган Зидан дўстлари жамоасини бу ўйинга асли бразилиялик¸ ҳозирда эса Тошкентдаги “Бунëдкор” клуби мураббийси Луиз Фелипе Сколари¸ Роналдо дўстлари гуруҳини эса¸ Испания миллий жамоаси мураббийси Висенте дел Боске ҳозирламоқда. 120 минг томошабин сиғадиган Луж стадионидаги мазкур ўйиндан тушадиган маблағ камбағалларга ëрдам жамғармаларига ажратилади.

Бу ҳақда Португалиядаги “A Bola” газетаси хабар қилди.

Бу хабар¸ аниқроғи унинг сўнгги сатрига кўзим тушиши ҳамоно¸ ëдимга бир воқеа тушди.

2000 йилнинг сентябрида Прагада Халқаро валюта жамғармасининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. АҚШ президенти Жорж Бушдан тортиб¸ Африканинг кичик давлатлари раҳбарларигача келди бу машваратга.

Прага маркази қамалдаги қўрғон ҳолига тушган ўша кунларда британиялик дугонам Клэр билан кечки емак устида учрашадиган бўлдик. Одатда қувноқ ва сергапгина бўлган ўртоғимнинг ўша куни машқи анча суст эди. Сабабини сўрадим.

- Қилаëтган ишим ўзимга ëқмай қолди¸ дея гап бошлади у.

Клэр турли конференция¸ машварат ва зиëфатлар уюштириш билан шуғулланадиган Ғарб ширкатида еvent manager¸ яъни шундай тадбирларни уюштирувчи бўлиб ишларди. Халқаро валюта жамғармаси саммити кунлари унинг ширкати¸ унинг ўзи ҳам қўли-қўлига тегмай ишлаëтган эди.

- Нега энди ишинг тўсатдан ëқмай қолди¸ яқинларгача жуда хурсанд эдингку¸ дея ўсмоқчиладим мен.

- Ўзи анчадан бери қилаëтган ишим бировга керакми¸ деган шубҳа¸саволларим бор эдию¸ аммо кечагиси ҳаммасидан ошиб тушди¸ деди Клэр.

- Кеча нима бўлди¸ дедим Клэр гапини тугатар-тугатмас.

- Кеча биз Ғарбдаги банклардан бирига саммит доирасида йиғин уюштириб бердик. Саммитга келган ҳукуматлар¸ халқаро молия ташкилотлари ва хусусий банклардан бир неча юз одам нонушта устида жаҳондаги қашшоқликка кураш масаласини бир соатча муҳокама қилдилар.

- Буни ҳозирги тушкунлигингга нима алоқаси бор¸ дея ажабландим.

- Биласанми¸ қашшоқликни қандай камайтирсак¸ деган қуруқ гап-сўзлардан бошқа бир тайинли иш чиқмаган ана шу нонуштага бу банк қанча пул сарфлади?

- Қайдан билай¸ буни сен билсанг керак ҳойнаҳой¸ дедим

- 3 миллион доллар¸ тасаввур қил¸ бўлмағур бир нонуштага ўртача бир хусусий банк 3 миллионни бизнинг ширкат орқали ҳавога совурди!!! Шунинг ўрнига шу пулга Африкадаги очадан ўлаëтганларга овқатми¸ дорими юборса яхши бўлмасмиди? Мен бунақа цинизмдан чарчадим¸ бунақа сафсатабозликни ортиқ томоша қилолмайман¸ кўнглим айнаб кетаяпти¸ деди жаҳл билан Клэр.

2000 йилнинг охирига бориб ўртоғим¸ ўзи айтган каби сафсатабозлик томошасидан вoз кечиб¸ бошқа ишга ўтиб кетди. Аммо бу билан дунëда қашшоқликни камайтириш ҳақидаги сафсаталар камайиб қолмади афтидан.

Йўқса¸ “Бунëдкор” клуби мураббийси Сколарининг қашшоқларга (қаердаги қашшоқлар¸ қанақа ëрдам? - буниси “A Bola” хабарида ëзилмаган) ëрдам пули йиғаман, деган ўйинга мураббийлик қилиш учун 6 500 минг километр йўл босиб¸ Тошкентдан Лиссабонга бориши жуда шартмиди?

Боринг майли¸ давлат ичидаги давлат бўлиб қолган Тошкентда Сколари ëрдамига қараб қолган қашшоқ йўқ ҳам дейлик. Агар жаноб Сколарининг жуда қашшоқларга ëрдам бергиси келиб кетса¸ Тошкентдан сал ташқарига чиқиб кўрсин¸ унинг ëрдамига муҳтож бўлган қанча ўзбекистонликка кўзи тушарди унинг! Далага қор тушгунча йилт этган оқлик қидириб пахтазорларда изғиëтган¸ ëхуд исталган бозор олдида ҳозир ҳам юпун кийимда иззиллаб турган аравакаш болаларга¸ аниқроғи Ўзбекистондаги қашшоқлар синфининг бир тилимига кўзи тушарди унинг!

БМТ Тараққиëт жамғармасининг расмий Тошкент келтирган рақамлар асосида ҳозирлаган ҳисоботларига кўра¸ Ўзбекистонда аҳолининг камида 25 фоизи қашшоқлик даражасидан пастда кун кечирмоқда¸ яъники 7 миллион одам кунига истеъмол қилиниши лозим энг минимум 2100 калориялик овқатга пул тополмаëтир. Жаноб Сколари эса¸ ана шундай камбағал мамлакатнинг ҳозирча бировни қойил қолдирмаган клубига мураббийлик қилаëтгани учун ойига 2 миллион 100 минг доллар маош олмоқда ва дунëдаги энг қиммат мураббийлар рўйхатига етакчилик қилмоқда.

Интернетни қидирсангиз¸ жаноб Сколарининг Ўзбекистондаги тўйларда зарбоф чопонлару Марғилон дўппиларни кийиб¸ мазза қилаëтгани акс этган видеосуратларни истаганча топасизу¸ аммо ҳозирча Ўзбекистон пойтахтида яшаëтган жаҳондаги энг қиммат тренернинг ўзини бойитаëтган бу юрт қашшоқлари учун бир тийин садақа бергани¸ аниқроғи хайрия қилгани ҳақда на сўз¸ на сурат тополмайсиз.

Балки 25 январ куни дунëдаги энг катта стадионда қашшоқларга ëрдам учун ўтказиладиган ўйинда майдон чеккасидан туриб бўлса ҳам ишқибозлар кўзини яшнатадиган жаноб Сколари ўзбекистонлик қашшоқларга ҳам ëрдам бераëтгандиру¸ уни озодликчилар кўролмаëтганмикин?

Ҳар қалай¸ Озодлик микрофонига Луж стадионида ўрнатиладиган видеокамералар билан беллашишга йўл бўлсин?!!!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG