Линклар

logo-print

Соғлиқни сақлаш тизимини ким ва қандай ислоҳ қилади?

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонликлар соғлиқни сақлаш тизимининг фақат пули борга хизмат қилишидан зорланмоқдалар.

Ўзбекистонликлар соғлиқни сақлаш тизимининг фақат пули борга хизмат қилишидан зорланмоқдалар.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатасига ўтказилган сайловлар арафасида номзодларнинг кўпи соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ҳақида гапирдилар. Аммо афтидан бу гапни гапираëтганларнинг ўзи ҳам бу ишни қандай амалга оширишни билмайдиган кўринади.

Саломатлик дастурининг янги йилдаги биринчи сони Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича яқиндагина Олий Мажлисга сайланган сиёсий партиялар таклиф қилаётган дастурлар мавзусига бағишланади.

Бу сафарги сайлов олди кампанияси давомида ўзбекистонлик сайловчилар сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатнинг ишораси ўлароқ, ташкил этилган телебаҳслар гувоҳи бўлдилар.

Сиёсий партиялар вакиллари¸ сайловчиларни ўз томонига оғдириш илинжида эълон қилган дастурларида¸ соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга ҳам тўхталди.

Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси соғлиқни сақлаш тизимни такомиллаштириш учун хусусий муассасаларни ривожлантиришни таклиф қилди. ЎзЛиДеп фикрига кўра, шунда рақобат кучайиб¸ тиббий хизматлар сифати ҳам ошади.

- Бу ҳақда бизнинг ўзимизнинг фикримиз бор. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда республикамизда бир қатор хусусий клиникалар¸ хусусий шифохоналар¸ хусусий диагностик марказлар аҳолига сифатли даражада хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу хусусий секторда¸ мана хусусий клиникаларда минглаб медицина ходимлари ишлаб келаяпти. Яъни тадбиркор минглаб медицина ходимларига иш берди. Мана шу медицина ходимлари шу иш орқали оиласини боқмоқда. Бунинг нимаси ëмон¸ дейди ЎзЛиДеп вакили.

ЎзЛиДеп вакилининг “бунинг нимаси ёмон”, деган саволига “адолатчилар” вакили бундай эътироз билан жавоб берди.

- Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзининг дастурида яна бир нарсани айтаяпти. Биз бироз шунга эътироз билдирамиз. Бу шундан иборатки¸ тиббий медицина хизматининг кўпроқ хусусий секторини ривожлантириш борасида улар кўпроқ фикр билдирмоқда. Шу жиҳатдан биз давлат тиббий хизматини кўпроқ ривожлантириш йўлидан бормоқчимиз, дея жиғибийрон бўлди “адолатчи”.

Телебаҳсда ҳар бир партия вакилига икки дақиқадан сўз навбати берилиб, бирортаси ҳам гапини охиригача тугата олмаганиданми ё бошқа сабабданми, улар соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича илгари сураётган дастурлар моҳиятини¸ ростигап, камина тушуна олмади.

Соғлиқни сақлаш ҳақидаги баҳсни бошлаб берган ЎзЛиДепнинг дастури ҳақида бафуржа гаплашгани партия идорасига қўнғироқ қилдик.

- Биз партиянинг номидан гапира олмаймиз. Биз Тошкент шаҳар кенгашимиз.

Озодлик: Партиянинг вакилисизларку сизлар?

- Партиянинг вакили депутатлар бўлади. Партиянинг номидан гапира оладиган депутатлар бўлади. Бизлар сотрудникмиз. Партия номидан гапира олмаймиз.

Озодлик: Сиз партияга аъзо эмасмисиз?

- Мен партия аъзосиман. Умуман сотрудникман. Менга партиянинг номидан гапиришга ҳуқуқ берилмаган. Так что¸ бу маънода ëрдам бера олмайман сизга¸ дейди ЎзЛиДепнинг идорасида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Бошқа партиялар вакилларидан ҳам шунга ўхшаш жавобни олдик.

Ўзбекистондаги расмий партияларнинг сайлов олдидан ўзаро тортишиб, жумладан соғлиқни сақлаш масаласида ҳам телевизорда баҳсу-мунозара қилгани шу пайтгача мисли кўрилмаган воқеа бўлди.

Бунақа тортишувлар Ғарб демократияларида ҳам бўлади. Масалан, АҚШдаги сайлов олди жараёнларидан хабардор тингловчимиз буни яхши билади.

Лекин соғлиқни сақлаш ҳақида ўзбекчасига баҳслашаётган сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, Америкадаги сиёсий партияларнинг бунга оид аниқ қарашлари бор. Масалан, президент Барак Обама келаси 10 йилда соҳани ислоҳ қилиш учун 1 триллион АҚШ доллари миқдорида пул сарфламоқчи.

Ўзбекистонга қайтсак. Сиёсий партияларнинг аниқ позициясини билишнинг иложи бўлмагани боис, соғлиқни сақлаш соҳасини қандай яхшилаш мумкин, деган савол билан тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдуллага мурожаат қилдик.

- Медицинанинг ўзи система деб қабул қилинадиган бўлса¸ ўша нарса даврга мослаб қайта ислоҳ қилинмаган бўлса¸ қанақа қилиб бу нарсанинг ўзида бирор нарсани амалга ошириш мумкин? Мисол учун Ўзбекистонда медицина соҳасининг ҳаддан ташқари қимматлашиб кетаëтганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунда маълум нархлар жорий қилинмаган бўлса¸ хусусий ва давлат клиникалари ўртасидаги фарқлар аниқ кўрсатилмаган бўлса¸ унда ҳам¸ бунда ҳам пул олиб ëтилаëтган бўлса¸ страховой медицина деган гап Ўзбекистонда умуман тадбиқ қилинмаган бўлса¸ қандай қилиб бу соҳани тўғирлаш мумкин? Замонга мослаб¸ қайси тизимга борилаëтган бўлса¸ шу тизим асосидаги константалар ишлаб чиқилмаган бўлса¸ қандай қилиб бу нарсани тўғирлаш мумкин? Қандай қилиб¸ дейди профессор Суҳбат Абдулла.

ЎзЛиДеп таклиф қилган хусусий секторни ривожлантириш масаласига келсак, деб давом этади профессор...

- Кимки рақобатбардош нарсани медицинага¸ тиббиëтга жорий қиламан деса¸ у жуда қаттиқ янглишган бўлади. Хусусий клиникаларнинг очилишини давлат корхоналари билан рақобатга киришув¸ деб ҳисоблаган одам янглишади. Хусусий клиникалар жуда зўр бўлиб кетганини¸ Ўзбекистонда мана бу зўр деб айтиладиган хусусий клиникани ҳали мен кўрмадим. Хусусий клиникадаги аҳволлар бундай бўлиши керак эмас. Хусусий клиникага бордингизми¸ чўнтагингизни қаппайтириб боринг¸ у ерда сизни гипноз қилиб чўнтагингизни енгил қилиб юборадиган бир даргоҳ деб қабул қилиш керак. У ерда бирорта бечоранинг соғлиги рол ўйнаëтгани йўқ. У ерда чўнтак рол ўйнайди. Битта-яримта врачнинг виждони сал қийналиши керакку ахир¸ дейди профессор Суҳбат Абдулла.

Профессор Суҳбат Абдулланинг фикрларини яқинда Тошкентдаги хусусий шифохонага мурожаат қилган андижонлик Абдуқаҳҳор ака ҳам тасдиқлайди.

- Тошкентда врачга кириб консултация олишнинг ўзи 21 минг сўм экан. Врачнинг олдига кирдик. Рентгенга туш¸ деб ëзиб берди. Рентгенга тушганимга 20 минг олди. Аппаратига 55 минг олди. Ўша нархни чиқариб берди. 25 минут ëтқизиб¸ вакуумнинг ичига тиқиб қўяр экан. Умримда биринчи марта кўришим эди. 55 минг бунга олди. 20 минг рентгенга олди. Яна қайтиб врачнинг олдига кирдим. Врачнинг хулосаси бўлар экан. “Ҳеч хавфли жойи йўқ. Докторга бориб учрайсиз. Ўзи даволаш усулларини қилиб даволайди” деди¸ дейди Абдуқаҳҳор ака.

Касални аниқлаш учун 150 минг сўмдан кўпроқ пул кетди, охири касалнинг ўзини даволашга пул қолмади, деб куюнади Абуқаҳҳор ака.

- Даволанишга пул топа олмасдан ўтирибманда ҳозир. Шу алам қиладиган жойи бўлаяптида. Даволанишга¸ баъзи бир одамларнинг айтишича¸ дори бор эмиш¸ 600 доллар эмиш. Қанақадир уколмишми. Агар уколи шунақа бўлса¸ қолганлари қанақа экан? Мен даволана олмасдан ўлиб кетаман шекилли. Булар пулни кўрмаса¸ керак бўлса бош оғриқ дорисини ҳам бермайди. Бирорта виждонли доктор йўқ Ўзбекистонда, дейди Абдуқаҳҳор ака.

Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш керак, деган сиёсий партиялар дастурларида бугун иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган оддий шифокорларга тегишли шароитлар яратиш ҳақидаги фикрлар ҳам ўрин олгани йўқ, дейди профессор Суҳбат Абдулла.

- Агар бутун Ўзбекистонни поликлиника ва болницалар билан тўлдирган тақдирда¸ Ўзбекистон аҳолисининг ярмини врачларга айлантириб юборган тақдирда ҳам¸ фикрлаш тарзини жаҳон стандартларида хизмат кўрсатадиган одамлар даражасига етказилмас экан¸ шу нарсага менталитет етиб бормас экан бунинг фойдаси йўқ, дейди тиббиёт фанлари доктори Суҳбат Абдулла.

Фарғона вилояти туманларидан бирида шифокорлик қиладиган Жўра ака ҳукумат сиёсати тиббиётчиларни қийин аҳволга солиб қўйган шароитда, сиёсий партияларнинг соғлиқни сақлашни яхшилаш ҳақидаги таклифлари қуруқ гапдан бошқа нарса эмас, дейди.

Жўра ака: Врач одам пулга зориқмаслиги керак. У пулга зориқса¸ бошқа нима билан шуғулланиб кетадида. Доктор ҳар кун янгилик излаши керакда. Ҳозир докторларимиз бозорга чиқиб кетишга мажбур бўлаяпти. Чунки пластик карточкага бераëтган пули қониқтирмайди. Менинг ўзимга бераëтган пули ҳам 100 фоиз пластик карточкада беради. Зўрға уйга етади холос.

Озодлик: Сир бўлмаса¸ қанча ойлик беради?

Жўра ака: 300 минг оламан. Ҳаммасини 100 фоиз пластикда оламан.

Озодлик: Пластик карточкадан қанақа қилиб ишлатасиз?

Жўра ака: Қиммат-қиммат нарсаларни оламиз. Тез тугаб қолади. Бозорда нақд пулга арзон. Аммо унга пул етмайди.

Озодлик: Ойлигингиздан қанчасини газга¸ светга ушлаб қолади?

-Г азга¸ светга олишни мендан сўраб ўтирмайди. Олиб бўлгандан кейин¸ олинди¸ деб спискалари келади. Ушлаб қолаверади булар. Қарздормисан йўқми булар сўраб ўтирмайди, дейди фарғоналик шифокор Жўра ака.

Андижонлик Абдуқаҳҳор ака сиёсий партияларнинг сайлов олдидан ўзбекистонликлар саломатлигига қизиқиш кўрсатганини Алдаркўсанинг ҳийласига қиёслайди.

Абдуқаҳҳор ака: Менинг бир ўғлим касал бўлиб қолди. Охири Андижоннинг клиникасига олиб бордим. 1000 долларга 10 кун ëтиб даволанди. Энди сарфлаймизда. Бизнинг келажагимиз булар. Авлодимиз¸ келажагимиз ахир. Уларга қилмасак¸ эртага келажагимиз нима бўлади?

Озодлик: Давлат келажагимиз ҳақида ўйлашимиз керак деяптику. Давлат ëрдам бермадими? 1000 доллар пулингизни олибди.

- (кулиб) Айтаяпманку¸ бу ҳаммаси Алдаркўсанинг ишида. Сайловда ўзининг яхши томонини кўрсатиш учун қилинаëтган иш¸ дейди Абдуқаҳҳор ака.
XS
SM
MD
LG