Линклар

Ўзбекистон - Эрон ҳамкорлиги кенгаймоқда


Эрон раҳбари Ўзбекистон аъзо бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғинларида меҳмон мақомида иштирок этиб келмоқда.

Эрон раҳбари Ўзбекистон аъзо бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғинларида меҳмон мақомида иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг сув ва ëнилғи масаласида ўз қўшнилари билан¸ Эроннинг эса ўз ядровий дастури борасида Ғарб билан муносабатлари кескинлашиб бораëтган ҳозирги шароитда¸ иккала ҳукумат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга уринмоқда.

17 – 18 январ кунлари Теҳронда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссиянинг 10-йиғилиши бўлиб ўтади.

MNA ахборот агентлигининг Эрон Савдо вазири Меҳдий Ғазанфарийга асосланиб билдиришича, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги учрашувида асосий эътибор хусусий сектор роли ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш масалаларига қаратилади.

Ғазанфарийга кўра, комиссия йиғилиши давомида савдо ва инвестиция бўйича тўрт ҳужжатнинг имзоланиши кутилмоқда.

Швейцариядаги “Халқаро алоқалар ва хавфсизлик” тадқиқот маркази таҳлилчиси Александр Вилнер фикрича, ўз ядровий дастури борасидаги келишмовчилик сабаб ҳозир глобал савдо ишларида Эронга нисбатан босим кучайиб бормоқда. Шу боис Теҳрон қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали савдо алоқаларини диверсификация қилишга уринмоқда.

Айни пайтда, ғарблик таҳлилчи Ўзбекистон-Эрон ўртасида иқтисодий алоқалар ривожланишидан икки томон манфаат кўради¸ деган фикрда.

- Ўзбекистон Эрон билан иқтисодий ҳамкорликдан катта манфаат кўради. Эрон Ўзбекистонга малакали мутахассислар ва муҳандислик хизмати, ўзининг техник имкониятларини таклиф қилиши мумкин. Ўз навбатида Ўзбекистон Эрон билан экспорт-импорт ҳажмини ошириши мумкин. Менимча, 2008 йилда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бир миллиард долларга яқинлашди. Яқин иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлса ҳам ривожланиш имкониятлари доим бўлади. Пахта, қурилиш материаллари, метал ва бошқа маҳсулотлар ўзаро савдонинг асосий қисмини ташкил қилганига қарамай, ўзаро ҳамкорлик соҳасини диверсификация қилиш учун доим имконият бор, дейди ғарблик таҳлилчи.

Айрим кузатувчилар фикрича¸ Эрон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш Тошкентнинг ўз сиëсий мақсадларига эришиши йўлида қўшимча таянч бўлиши мумкин.Ўзбекистон қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда гидроэлектр станциялар қуриш лойиҳалари халқаро экспертиза ўтказилганидан кейин амалга оширилишини хоҳламоқда. Бироқ Бишкек ва Душанбе ўз ниятидан воз кечиш ниятида эмас. Ана шундай минтақавий таранглик вазиятида¸ ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Ўзбекистон Эрон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш орқали ўз манфаатларини олдинга суришга ҳаракат қилади.

- Ҳозирги пайтда Эрон халқаро сиқувда. У билан ҳамкорлик қилаëтган мамлакатлар кам. Айни пайтда Ўзбекистон Эрон билан алоқани кенгайтириш орқали ўз манфаатлари учун маълум бир лойиҳаларни ҳам амалга ошириши мумкин. Лекин Ўзбекистоннинг асосий мақсади Эроннинг Тожикистон билан алоқаларини сал бўлса ҳам пасайтириш¸ энергетик иншоотларни қуришда Эроннинг иштирокини пасайтириш¸ хусусан Эрон инвестицияларини камайтиришга ҳаракат қилишдир. Эрон кейинги пайтларда Тожикистон билан алоқаларини ривожлантириб¸ ҳам техникавий¸ ҳам мутахассислар¸ қурилишларни техниологик жиҳатдан назорат қилиш¸ хуллас икки томонлама алоқаларни ривожлантириб келаëтган эди. Ўзбекистоннинг асосий мақсади Эронни иложи борича Тожикистондан сал бўлса ҳам узоқлаштириш, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод яқинда Туркманистон ва Тожикистонга сафар қилди. Ташрифи давомида у ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид қатор ҳужжатлар имзолади. Эрон бир неча йилдан бери Тожикистондаги “Сангтўда-2” ГЭСи қурилишини молиялаштирмоқда. Бироқ Теҳрон ҳозирча Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсга сабаб бўлиб келаётган Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиш истагини билдиргани йўқ.

Эрон бўйича россиялик таҳлилчи Ражаб Сафаров Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга уриниб келаётган Эрон минтақадаги вазиятни чигаллаштириши мумкин бўлган ишга қўл урмайди, деган фикрда. Унга кўра Теҳроннинг барча ҳаракати фақат қўшни давлатлар билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ражаб Сафаров Ўзбекистон ва Эрон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайишининг энергетика соҳасида Ўзбекистон-Тожикистон ўртасида юзага келган бўҳронли вазиятга таъсир этиши эҳтимолдан йироқ¸ деган фикрда.

- Мен, Эрон қўшни давлатларда хавотир уйғотадиган лойиҳаларга сиёсий ёки бошқа томондан босим кўрсатишга, айниқса, иқтисодий фаоллик кўрсатишга тайёр деб ўйламайман. Масалан, Эрон ҳеч қандай шароитда Роғун ГЭСи қурилишига сармоя ётқизмайди. Чунки, бу масала Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида жиддий мунозараларга сабаб бўлмоқда, дейди россиялик таҳлилчи Ражаб Сафаров.

Айни пайтда Швейцариядаги “Халқаро алоқалар ва хавфсизлик” тадқиқот маркази таҳлилчиси Александр Вилнер Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари Ғарб давлатлари нигоҳидан четда қолмаслигини айтди.

- Ўзбекистоннинг Эрон билан муносабатлари жуда мураккаб. Бу ҳамкорлик маълум соҳалардагина¸ холос. Мен икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик Вашингтон ва Ғарбдаги бошқа пойтахтларда диққат билан кузатиб борилади¸ деб ўйлайман, дейди ғарблик таҳлилчи.

Шуни эслатиш жоизки, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши 2008 йил Тошкентда бўлиб ўтган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Эрон муносабатлари ривожланиб бормоқда. 2000 йилдан бери икки давлат ўртасида уч марта олий даражали учрашув бўлиб ўтди.

Регнум ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистонда эронлик сармоядорлар иштирокида тузилган 117та корхона фаолият юритмоқда. Эроннинг 29та ширкати Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган. 2009 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги савдо ҳажми 376,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG