Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Мудофаа тизими коррупциядан мудофаа қилинганми?


Мустақил ўзбек армиясининг халқ ëдида қолган асосий ҳаракати унинг Андижонда қуролсиз намойишчиларни ўққа тутганидир.
Мустақил ўзбек армиясининг халқ ëдида қолган асосий ҳаракати унинг Андижонда қуролсиз намойишчиларни ўққа тутганидир.

Ўзбекистон - Марказий Осиёда мудофаа учун энг кўп пул харжлайдиган мамлакат ҳисобланади. Аммо кузатувчилар¸ қарийб бир миллиард долларга етадиган мудофаа харажатларининг каттагина қисми коррупцияга емиш бўлаëтганини айтмоқдалар.

Ўзбекистоннинг ҳарбий соҳага йилига бюджетдан қанча маблағ ажратиши ҳақидаги расмий маълумот ҳеч қаерда чоп қилинмайди. Россиялик ҳарбий эксперт Владимир Мухин сўзларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги бор мудофаа учун бюджетдан ажратилган маблағ миқдори 1994 йилда эълон қилинган эди ва ўшанда ҳарбий соҳага ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 5 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани айтилган эди:

- Ўшандан сўнг бу маълумотлар умуман ошкор қилинмай қўйилди. Бироқ Ўзбекистон Mудофаа вазирлигидан мен олган ишончли маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўзининг ҳарбий харажатларини қисқартиргани йўқ, дейди Владимир Мухин.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ҳарбий соҳадаги ҳаракатларини кўра туриб ҳам шундай хулоса чиқариш мумкин.

- Ўзбекистон ўзининг ҳарбий қудратини оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу фақат ташқи фактор бўлган Афғонистон билангина боғлиқ эмас. Ўзбекистоннинг қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳам муносабатлари яхши эмас ва шунинг учун бу давлатлар билан бўлган чегараларини зўр бериб кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Чегаралар миналаштириляпти, тиканли симлар тортиляпти, хандақлар қазиляпти ва ҳатто деворлар қуриляпти. Бу¸ албатта¸ жуда катта харажат талаб қилади, дейди россиялик ҳарбий эксперт Владимир Мухин.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон мудофаа тизимида авж олган коррупция мудофаа учун ажратилган маблағнинг бир қисмини кўкка совурилишига сабаб бўляпти. Ўзбекистонлик ҳарбий эксперт, Ҳошимбек Ирисбоев ҳам Владимир Мухиннинг гапларида жон борлигини таъкидлар экан, ўзбек армиясида коррупциянинг авж олиши учун учун шароитлар “муҳайё” этилганинини таъкидлайди.

- Энди коррупцияга келганда бу ҳаммаси яшаш шкаласига боғлиқ. Аҳолининг яшаш шкаласига боғлиқ. Коррупция ҳам шунга қараб ривожланади. Офицерларнинг¸ ҳарбийларнинг ойлигини мен тахминан аниқладим. Асосий ставкаси 200 мингга яқин. Лейтенантдан бошлаб ҳар битта юлдузига 40-50 минг қўшилади. Лекин бугунги кунга қараганда 60 фоизига етади¸ ундан ортиғига етмайди. Шунинг учун мен “Ҳозир ҳарбийлар яхши яшашади. Ҳарбийларда шароитлар яхши” деб айта олмайман¸ дейди Ҳошимбек Ирисбоев.

Бундай ҳолат эса ўз-ўзидан ҳарбий қисмларда коррупциянинг урчишига сабаб бўлади, дейди Ҳошимбек Ирисбоев. Эксперт фикрича, мудофаа тизимидаги коррупция йигитларни ҳарбий хизматга чақириш бўлимларидан бошланади.

- Ëш йигитлар хизматга чақирилади. Ана у ерда жуда катта коррупция¸ жуда катта порахўрлик. Хуллас коррупция деганда¸ биласизми¸ қўли нимага етса¸ ҳарбий қисмларда айтайлик солдатлар билан иш қилинади¸ ўқув юртларида курсантлар билан. Ана шунақа ўзларининг кунини ўзи кўради. Ўзингиз бир ўйлаб қаранг. Ҳарбий қисмнинг ëки ҳарбий бўлимнинг раҳбарини тайинлаш. У ўз-ўзидан бўлмайди. Унга айтайлик¸ маълум шартлар бор. Порадан бошлаб таниш-билишлар¸ қариндош-уруғлар¸ оғайничиликлар катта рол ўйнайди. Бу нарса унвон олишда ҳам катта рол ўйнайди. Унга ҳам маълум харажатлар бўлади¸ дейди Ҳошимбек Ирисбоев.

Ўзбекистонда ўтган йили бир қанча юқори мартабали зобитлар давлат мулкини ўғирлаганлик, ҳарбий машиналардан ечиб олинган ҳарбий ускуналарни сотганлик учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларидан бирида ишлаган ва ўз исмини ошкор қилишни истамаган капитаннинг айтишича, зобитлар оладиган маош уларнинг оиласи эҳтиёжига етмайди ва коррупция мудофаа тизимининг энг қуйи бўғинидан энг тепасига қадар чирмовуқдек тарқаб кетган.

- Бошидан оëғигача коррупция. Вазирликнинг ўринбосаридан пастигача биламан. Вазирини билмайман. Ҳаммаси алоқадор.

Озодлик: Қандай беради? Қаердан олиб қаерга беради?

- Фермер хўжаликларидан ҳамма маҳсулотлар перечесление билан олинади. Базага йиғилгандан кейин базадан ҳарбий қисмларга тарқатилади. Фермер хўжаликларининг ҳисоб-китоби база билан бўлади.

Озодлик: Буни қандай қилиб пул қилиш мумкин?

- Ҳарбий қисмдами?

Озодлик: Ҳа.

- Уларни мен сизга айта олмайман. Махфий нарсалар ҳаммаси. Тинчлик керак. Қўйинг¸ дейди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги собиқ зобитларидан бири.
XS
SM
MD
LG