Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:06

Рамзан Қодировнинг модели


Телебошловчига айланган собиқ модел навбатдаги шоуга ҳозирланмоқда.
Телебошловчига айланган собиқ модел навбатдаги шоуга ҳозирланмоқда.

Канадалик ёш модел Кристал Каллаҳан моделлик шоҳсупасини Чеченистон телевидениесидаги бошловчиликка алмаштирди. Қорамағиз, хушқомат, инглиззабон қиз мода, шоу-бизнес ва туризмга бағишланган 20 дақиқалик кўрсатуви билан ҳафтада бир бор томошабинларга кўринмоқда.

Кристал Каллаҳан бозор-ўчар қилиш, махсус дизайнерлар тиккан кийимларни кийиш ва турли миллатларнинг ширин овқатларини ёқтиради.

Шу боис ҳам у “Ҳафтанинг энг муҳим воқеалари Кристал Каллаҳан билан” номли ҳафталик кўрсатувида, асосан, гўзаллик ва мода мавзуини фолкор мусиқаси ва маданияти билан уйғун тарзда ёритиб боришга интилади.

Унинг кўрсатувларини томоша қилаётган одамнинг асли канадалик модел яқиндаги икки даҳшатли урушни бошдан кечирган ўлка ҳақида кўрсатув бераётганини англаши жуда қийин.

Албатта, Чеченистонда уруш расман тугаган. Аммо минглаб изсиз йўқолганлар, оммавий қабрларга дафн қилинганларнинг яқинлари ҳануз қалбида ўтли алам билан яшамоқда. Бундан ташқари, бу ўлкада ҳануз одамлар ўғирланмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар учун эса Чеченистон дунёдаги энг хавфли ҳудудлигича қолмоқда.

Бироқ Торонтода туғилган модел бу давлатда ўзини мутлақо хавфсиз сезишини айтади. Албатта, у ўзи яшаётган Грозний шаҳрида ҳаёт хавфли бўлиши мумкинлигини тушунади. Аммо, унинг фикрича, бу шаҳар жиноятчилик авж олган Ғарб шаҳарлари, масалан, Чикаго ёхуд Мексикадан кўра хавфсизроқдир.

- Мен ўзимни мутлақо хавфсиз сезаман. Менимча, бу ерда муаммо кўпроқ одамларнинг ўзлари билан боғлиқ ва уларнинг бу давлатга келишдан қўрқишига сабаб матбуотда салбий ахборотнинг кўплиги билан боғлиқ. Чеченистон ҳақида матбуотда бирорта яхши хабарни кўриш мушкул. Менимча, муаммо шунда, дейди Чеченистонда телебошловчилик қилаётган канадалик модел Кристал.

2009 йилнинг июн ойидан буён унинг кўрсатуви Чеченистон давлат телевидениеси орқали ҳафтада бир бор эфирга берилиб келади ва ҳар гал кўрсатувда Шимолий Кавказдаги бу республика ҳаётининг ижобий томонлари ёритилади.

“Хайрли оқшом, мен Кристал Каллаҳан ва эфирда ҳафтанинг муҳим воқеалари”, деган сўзлар билан чеченистонликлар хонадонига кириб борадиган канадалик моделнинг мухлислари ҳам жуда кўп.

Ҳар якшанба оқшом, энг томошабоп вақтда 20 дақиқа инглиз тилида бериладиган кўрсатув рус тилидаги субтитр билан тақдим қилинади. Кўрсатувдаги ранг-баранг матолар, гўзал чеҳралар, лаззатли емаклар икки урушдан азоб тортган айрим томошабинлар қалбига ором ҳам беради.

Кўрсатувидан мақсаднинг ҳам айнан шу эканини таъкидлайдиган Кристал эса моделлик ишини телебошловчиликка алмаштиргани, алмаштирганда ҳам Чеченистондай ўлкага келганидан афсус қилмаслигини айтади.

У биринчи бор 2007 йилда урушдан азоб чеккан бир гуруҳ чечен ёшлари ҳақида ҳужжатли филм олиш учун бу ўлкага келган эди. Сафари давомида чечен миллатининг ҳаёти, маданияти ва мусиқасига шайдо бўлган Кристал Каллаҳанда шу давлатда қолиб, телевидениеда ишлаш истаги туғилган экан.

Мана ҳозирга келиб у Чеченистоннинг хориждаги нуфузини тикловчи қиёфага айланиб бормоқда. У инглиз тилида ҳозирлаётган кўрсатув Чеченистон чегарасидан ўтиб, яқин ва олис хориж экранларига ҳам кўчмоқда.

Шунинг учун, Чеченистонни фақат уруш ва қирғин ўчоғига айланган ўлка, деган тасаввурлардан тозалаб, ҳаёт тиклана бошлаётган, ёруғ бир диёр, деган тушунчани дунёга ёяётгани учун Кристалдан миннатдор бўлган чеченистонликлар ҳам кўп.

Айни пайтда мамлакатнинг ички ижтимоий-сиёсий ҳаёти, урушлар тарихи ва раҳбариятининг қилмишларидан бехабар бу қизнинг мамлакат президенти Рамзан Қодиров сиёсатини мақтаётганидан норози бўлаётганлар ҳам кўпчилик.

Кремл томонидан қувватланаётган президент Рамзан Қодировнинг шахси ва сиёсати мақталган материаллар Кристал Каллаҳан фаолиятининг асосий қисмини ташкил қилади.

Кўрсатувларида президент қуриб берган мактаб, иншоот, президент қўллаётган ташкилотлар ҳақида гап борса, унинг интернетдаги веб сайтида Рамзан Қодиров шахсини олқишловчи мақолалар тез-тез чоп этилади.

Журналистларнинг бу ҳақда берган саволларига жавобан Каллаҳан Рамзан Қодиров шахсига ҳурмати баландлигини айтади. У Қодиров билан илк бор 2007 йилда бир финжон қаҳва ва музқаймоқ устида кўришганини яхши эслайди.

- Менинг бу киши ҳақидаги илк тасаввурим, жуда ҳам ишнинг кўзини биладиган одам экан, деган мазмунда эди. У жуда шўх эди, ҳақиқатда қизиқ ҳазиллар қилган эди. Айни пайтда у жуда ақлли ва олийжаноб эди. Бироқ, энг муҳими, у ўз ватани ва миллатидан фахрланар эди. У жуда жозибали эди. Мен умримда бундай одамни учратмаганман. Ўз миллати учун жонини берган, мактаб ва касалхоналарни қайта тиклаган бундай фидойи инсонни кўрганимдан сўнг мен учун бу ўлкада қилаётган меҳнатим, қандай бўлишидан қатъий назар, оғир туюлмайди, дейди канадалик модел Кристал Каллаҳан.

Кристал Рамзан Қодиров номига сўнгги 2009 йил давомида янграган энг кескин танқидларни ҳам “спекуляция, ғийбат ва миш-миш”, деб атади.

У Чеченистон давлат телевидениеси билан бир йиллик шартнома имзолаган ва ҳозир катта шижоат билан ишини давом эттирмоқда. Яқинда эса “Чеченистондаги моделнинг кундалиги” номли китобини чоп эттирди. Бундан ташқари, канадалик собиқ модел мусиқа соҳасида ҳам карьера қилмоқчи. Шу кунларда унинг чечен тилида ижро этган қўшиғи маҳаллий теле-радио тармоқларида қўйилмоқда.
XS
SM
MD
LG