Линклар

Дунё давлатлари кучли зилзиладан азият чеккан Ҳаити аҳолисига ёрдамга ошиқмоқда. Қурбонлар ва талафотларнинг ҳақиқий миқёсини баҳолаш ҳозирча имконсиз. Ҳаити расмийларига кўра, қурбонлар сони юз мингдан ортиши мумкин.

Сешанба куни Ҳаитида Рихтер шкаласи бўйича 7 баллни ташкил этган зилзила ортидан 5.9 ва 5.5 балл куч билан қайта ер силкинишлари қайд этилган. Пойтахт Порт-о-Пренсда кўплаб турар-жой ва маъмурий биноларга шикаст етган, касалхона, мактаб, ҳукумат бинолари вайрон бўлган.

АҚШ президенти Барак Обама Ҳаитида кучли зилзиладан азият чеккан аҳолига Вашингтон зудликда, ҳар томонлама ёрдам беришини маълум қилди.

- Ҳаити ер остида қолган одамларни қидиришда Қўшма Штатлар ёрдамига таяниши мумкин. Яқин кунларда Ҳаитига озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон жўнатамиз, деди Барак Обама.

Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси давлатлари ҳам Ҳаитига ёрдамларни ваъда қилган. Жумладан, Германия 1,450.000 доллар маблағ ажратишини билдирди.

Ҳалок бўлганлар орасида БМТ ходимлари ва халқаро тинчликпарвар кучлар таркибида ҳизмат қилган ҳарбийлар ҳам бор.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ҳаитида зилзиладан азият чеккан аҳолига инсонпарварлик ёрдамларини етказиш ва қутқарув ишларини мувофиқлаштириш учун фавқулодда вазиятлар бўйича мутахассислар гуруҳи бу мамлакатга йўл олганини билдирди.

- Бундан ташқари, фавқулодда холатлар учун мўлжалланган марказий жамғармамиз ҳисобидан 10 миллион доллар ажратаяпмиз, деди Бан Ки Мун.

Жаҳон банки ҳам Ҳаитига ёрдам сифатида 100 миллион доллар маблағ ажратишини билдирди.

Кариб кўрфазидаги Ҳаитида 9 миллион киши яшайди. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги пайтда Ҳаитида қарийб уч миллион одам ёрдамга муҳтож.
XS
SM
MD
LG