Линклар

logo-print

Хитойдаги кибернетик жосуслар Google ва яна камида 20 та бошқа ширкатлар компютерларига ҳужум қилганидан кейин Google Inc. корпорацияси Пекиндаги ўз ваколатхонасини ёпиш ва ширкатнинг Хитойдаги фаолиятини тўхтатиш билан таҳдид қилди.

Googleнинг юқори лавозимли расмийси Билл Эчиксоннинг Озодликка айтишича, 2009 йил декабр ойи ўртасида кибернетик ҳужум уюштирилгани аниқланганидан сўнг ширкат бу ҳақда АҚШ ҳукуматини воқиф қилган.

- Хакерлар ҳужуми уюштирилгани аниқланди. Google қидирув тизимининг нишонга олингани ҳамда хакерларнинг хитойлик ҳуқуқ фаолларининг gmail почта қутиларига киришга уриниш бўлганини аниқладик. Улар ўз мақсадига эриша олди, деб ўйламаймиз, бироқ ўтказилган текширув ишлари Google каби яна 20 дан зиёд йирик ширкатнинг xудди шундай ҳужумга учраганини кўрсатди, деди Google компанияси вакили.

Ҳужум оқибатида Google Пекин талаби билан интернет қидирув тизимида Хитой учун нозик ҳисобланган масалаларга кўп йиллардан бери жорий қилиб келган цензурани бекор қилди.

Ўша куннинг ўзида Хитой учун нозик масала саналган сургундаги Тибет лидери Далай Лама ва Тиананмен майдонидаги қирғинга оид мақолалар ва фотосуратлар хитой тилидаги интернет тармоғида пайдо бўлди.

- Биз Хитой ҳукумати билан Хитойда цензурасиз қидирув хизматини йўлга қўйиш борасида сўзлашув олиб борамиз. Биз шундай қилишни хоҳлаймиз. Агар цензурасиз хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш қонун доирасида имконсиз бўлса, биз Googleнинг Хитой тилидаги қидирув тармоғини ёпамиз. Бунинг ўрнига Хитой тилидаги қидирувни Google.com нинг глобал қидирув тармоғи орқали таклиф қиламиз, деди Билл Эчиксон.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳукуматнинг кибернетик ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни рад қилди. Google мураккаб кибернетик ҳужум юзасидан текширув ҳозиргача давом этаётгани боис Хитой ҳукуматининг ҳужумга алоқаси бор-йўқлиги ҳақида аниқ гап айта олмаслигини билдирди.

- Биз ҳужумга учраган бошқа ширкатларга ҳам маълумот бердик. Бу Хитой ташқарисида бўлган Америкага тегишли ва Америкага қарашли бўлмаган ташкилотлардир. Кибернетик ҳужум ахборот агентликлари, кимё ширкатлари ва молия ташкилотлари ва бошқа ширкатларга қарши уюштирилган, деди Google ширкати.

Таҳлилчилар бу воқеа АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти Хитойга нисбатан позициясини қатъийлаштиришига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда.

Айни пайтда Вашингтонда эълон қилинган баёнотда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Хитой ҳукуматидан Googleга қарши кибернетик ҳужум уюштирилганига тушунтириш беришни талаб қилган.
XS
SM
MD
LG