Линклар

Павлюк ўлими бўйича Остона ва Бишкек биргаликда ишламоқда


Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан мақолалар ёзган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк президент Бакиев сиёсатининг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилганди.

Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан мақолалар ёзган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк президент Бакиев сиёсатининг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилганди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги декабр ойи охирида Олмаотада ўлдириб кетилган журналист Геннадий Павлюк ўлимига Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни инкор қилмоқда.

13 январ куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Қуанишбек Жуманов мамлакатдаги айрим оммавий ахборот воситаларининг қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк ўлимига Қирғизистон махфий хизмати ходимларининг алоқаси борлиги ҳақида тарқатган маълумотига изоҳ беришдан бош тортиб, журналист ўлимида қирғизистонлик айрим фуқаролар гумон қилинаётганини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

- Айни пайтда Қозоғистон бош прокуратураси томонидан қирғиз ҳуқуқ-тартибот органларига ҳуқуқий кўмак бериш учун илтимоснома юборилди. Жорий йил 11 январ куни Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Амантай Аубакиров бошчилигидаги маҳсус тергов-тезкор гуруҳи Бишкекка етиб келди, деди матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, янги йил арафасида Қозоғистоннинг КТК телеканали қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таянган ҳолда, “Қирғизистон махфий хизматининг уч ходими Геннадий Павлюкка Олмаотадаги уйларнинг бирида учрашув белгилаб, журналист ўлими пайтида у билан бирга бўлгани” ҳақида хабар қилганди.

Кейинроқ Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати Қозоғистон оммавий ахборот воситалари тарқатган бу маълумотларни қатъиян рад этганди.

Ўз навбатида, Қозоғистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг келтиришича, ички ишлар вазири ўринбосари Амантай Аубакирова Бишкекда Қирғизистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сабирбек Қурманалиев ва Қирғизистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари Сумар Насиза билан учрашиб, журналист Геннадий Павлюк ўлдирилиши бўйича жиноий ишни биргалашиб ўрганиш масаласини муҳокама қилган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, журналист Геннадий Павлюк ўлими бўйича жиноий ишга Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти тергов бошқармасининг бош терговчиси, милиция подполковниги Темур Стамқулов бошчилик қилмоқда. Бишкек шаҳрига ташриф буюрган қозоқ терговчилари марҳум журналистнинг рафиқаси билан учрашгани ҳақида Озодликка Геннадий Павлюкнинг аёли Олга маълум қилди.

- Улар ишни қачон якунлашлари аниқ эмас, аммо уларнинг айтишича, иш тафсилотлари аста-секин ойдинлашаяпти. Ҳозир улар Бишкекда тергов ишларини олиб боришмоқда. Терговчилар менга Бишкекда қанча керак бўлса, шунча қолиб, ишни ўрганишларини айтишди. Мен эса тергов органларига ўзимда бўлган барча керакли ҳужжатларни етказиб бердим, дейди Геннадий Павлюкнинг рафиқаси.

Аввалроқ Озодликнинг қирғиз шўъбаси мухбири билан суҳбатда Қирғизистон бош прокуратураси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Телек Мирзақулов журналист Геннадий Павлюк ўлимининг ечим топишида баъзи қийинчиликлар ҳам бўлиши мумкинлигини айтиб ўтганди.

- Геннадий Павлюк ишининг қандай якун топишини айтиш қийин бўлиб турибди. Чунки бу иш “сиёсат билан боғлиқ”, дейилаяпти. Журналистлар билан боғлиқ, сиёсат билан боғлиқ ишларда ҳақиқий айбдорларни топиш ўта мушкул. Бу ишнинг очилиши кўпроқ Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг ишлашига боғлиқ бўлади, деди Қирғизистон Бош прокуратурасининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Тилек Мурзақулов.

Журналист Геннадий Павлюкнинг ўлимидан сўнг қирғиз мухолифатининг айбловларига жавобан Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев матбуот хизмати Павлюк ўлимига ҳукуматнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот берганди.

Эслатиб ўтамиз, 16 декабр куни Олмаотада жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 22 декабр куни Олмаота шаҳар марказий клиник шифохонасида ҳушига келмай, жон таслим қилганди.

Ўз мақолаларини Иброҳим Рустамбек тахаллуси остида ёзиб келган журналист Павлюк жорий йил охиригача Қирғизистондаги мухолифатдаги “Ата-Мекен” партиясининг газетаси ва веб-сайтини очиш тараддудида бўлган. Аввалроқ у Россиянинг “Аргументи и Факти” газетасининг Қирғизистон бўлими раҳбари лавозимида ишлаган, сўнг эса “Белий пароход” интернет нашрини ташкил қилган.

Геннадий Павлюк кейинги пайтларда Қирғизистондаги режим, хусусан, президент Қурмонбек Бакиев сиёсатини кескин танқид қилиб келгани маълум.
XS
SM
MD
LG