Линклар

ЕИ Тожикистонда шаффоф сайлов бўлишига ишонади

  • Гулнора Равшан

Уч кунлик сафар билан 13 январ куни Тожикистонга келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел чоршанба куни бу мамлакатдаги барча сиёсий партиялар вакиллари билан давра суҳбати ўтказди.

Суҳбат давомида жаноб Морел асосан феврал ойи охирида бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларга тайёргарлик билан қизиқди.

- Сиёсий партиялар вакиллари билан суҳбат жуда самимий, очиқ бўлгани учун мен сиёсий тадбирга тайёргарлик тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлдим. Ўйлайманки, ҳаммамиз учун умумий идора саналмиш ЕХҲТ экспертлари, қолаверса, ўзимиз ҳам бевосита Тожикистон парламенти сайловларини алоҳида эътибор билан кузатиб борамиз, деди ЕИ расмийси кечаги учрашув таассуротлари билан ўртоқлашар экан.

ЕИ расмийси билан учрашган сиёсий партиялар вакиллари ҳам Пьер Морел билан учрашув ўзаро ишонч руҳида ўтганини айтмоқдалар.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийси Муҳиддин Кабирий ЕИ расмийсига сиёсий партияларнинг ҳаммаси ҳам ўзлари муносиб деб билган номзодни сайловга қатнаштира олмаётганини очиқлаган. Ўз навбатида, жаноб Морел бу масалани президент Имомали Раҳмон билан учрашув чоғида кўтаришга ваъда берган.

- Шунингдек, Пьер Морел билан учрашувимиз давомида Роғун масаласи атрофида ҳам баҳслар бўлди. Сиёсий партиялар ЕИ вакилига бу иншоот аҳамиятига доир фикрларини билдиришди. Аммо жаноб Морел иқтисодий масалани сиёсий масалага айлантириб юбормаслик ва парламент сайловлари арафасида сиёсий партиялар бу иншоот акцияси тарғиботи билан чалғиб қолмасликлари зарурлигини уқтирди, деди Ислом уйғониш партияси раиси.

Айни пайтда ЕИ расмийси билан учрашувга скептикларча ёндошувчи сиёсий партия вакиллари ҳам бор. Улардан бири Тожикистон Коммунистик партияси раис ўринбосари Исмоил Талбаковдир.

- Ҳар гал шундай сиёсий тадбирлар арафасида халқаро ташкилотлар вакиллари Тожикистонга келиб, муаммоларимизни сўрашади ва сайловларимиз шаффоф ва эркин ўтиши учун тўсиқ бўлаётган бу муаммоларни юқори даражадаги учрашувларда ҳал қилишга ваъда беришади. Аммо кўп йиллик тажриба буларнинг ҳаммаси расмиятчиликдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатмоқда, дейди Коммунистик партия вакили Талбаков.

Аснода 14 январ куни ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

Тожикистон президенти билан 3 соатга чўзилган мулоқотидан сўнг журналистлар олдида сўзлаган ЕИ расмийси ўз офиси Тожикистонда сиёсий тадбирларнинг демократик тамойилларга мос ўтишига ҳисса қўшиши баробарида, бу мамлакатнинг гидроэнергетик лойиҳаларининг амалга ошиши ҳамда Сўғд вилоятидаги Қайроқум ГЭСини таъмирлаш учун 60 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишини билдирди.
XS
SM
MD
LG