Линклар

Халқаро ҳамжамият Ҳаитига ёрдам бермоқда


Инсонпарварлик ёрдами ортилган биринчи юк самолёти Ҳаити халқаро аэропортига келиб қўнди.

Айни пайтда Ҳаитида сешанба куни рўй берган кучли зилзила оқибатлари бартараф этилмоқда.

Маҳаллий расмийларга кўра, Рихтер шкаласи бўйича 7 баллни ташкил қилган зилзила оқибатида пойтахт Порт-о-Пренсда кўплаб турар-жой ва маъмурий биноларга жиддий шикаст етган, касалхона, мактаб, ҳукумат бинолари вайрон бўлган.

Ҳаити расмийлари фикрича, зилзила қурбонлари сони юз мингдан ортиши мумкин. Жаҳоннинг кўпгина давлатлари кучли зилзиладан азият чеккан Ҳаити аҳолисига ёрдамга ошиқмоқдалар.

Чоршанба куни Оқ уйда матбуот анжумани ўтказган президент Барак Обама Ҳаити фуқароларига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

-Мен маъмуриятимга фуқаролар хаётини сақлаб қолиш мақсадида мувофиқлашган тарзда зудлик билан ҳаракат қилиш ҳақида топшириқ бердим. Ҳаити вайроналар остида қолган одамларни қидиришда Қўшма Штатлар ёрдамига таяниши мумкин. Яқин кунларда Ҳаитига озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон жўнатамиз, деди Барак Обама.

Халқаро Қизил хоч ташкилотига кўра, тахминан 3 миллионга яқин фуқаро зилзиладан жабр кўрган бўлиши мумкин ва улар тез тиббий ёрдамга муҳтож.
XS
SM
MD
LG