Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:19

Фарғонада сайёр жиноятчи кўпайди


Ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, Фарғонада яқин хорижликлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг кўпайишига чегараларда авж олган коррупция ҳам катта таъсир кўрсатаяпти.
Ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, Фарғонада яқин хорижликлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг кўпайишига чегараларда авж олган коррупция ҳам катта таъсир кўрсатаяпти.

Жорий йил 12 январ куни Фарғона шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда қайд қилинишича, ўтган йили Фарғона шаҳрида 2194 та жиноят содир этилган бўлиб, улардан анчагинасида яқин хориж фуқароларининг иштироки бор.

Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлимида ишловчи бир ходимнинг айтишича, шаҳарда ҳақиқатдан ҳам Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари томонидан жиноят содир қилиш ҳолатлари ўтган йилларга нисбатан кўпайган бўлиб, қўшни мамлакатлар фуқаролари, асосан, ўғирлик билан қўлга тушадилар.

Милиция ходими қўшни мамлакатлар фуқаролари томонидан содир қилинаётган жиноятчилик ҳолатларига батафсил тўхталишни хоҳламади.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари томонидан Фарғонада содир қилинаётган жиноятчилик турларини санайди.

- Қирғизистондан¸ Тожикистондан Ўзбекистонга келиб, жуда кўп жиноий гуруҳлар фаолият юритишлари жуда табиий ҳол. Масалан, уйларни ўғирлаб, тўнаб кетиш¸ мотоцикл¸ велосипедларни ўғирлаш ҳолатлари кўпроқ бўлади. Яна валюта савдосида¸ сохта пуллар савдосида¸ айниқса одам савдосида кўпроқ фаолият кўрсатишади. “Биз Қирғизистондан Туркияга ëки Дубайга чиқариб юборамиз, Қирғизистон паспортини қилиб берамиз” деган таклиф билан келадиганлар Фарғона водийсида жуда кўп. Андижон¸ Фарғона¸ Намангандан енгилоëқ қизларни Туркия¸ Малайзия¸ Ҳиндистон¸ Дубайга таклиф қиладиганлар ҳам айнан Қирғизистон томондан кўпроқ келади, дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғоналик кузатувчи Барчиной Набиевага кўра, қўшни мамлакатлар фуқаролари томонидан вилоят ҳудудида одамларнинг мол-мулкини, айниқса, чорва молларини ўғирлаш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.

- Чегарадош районларда у ҳудуддан бу ҳудудга ҳайвонларни, масалан, сигирларни ўғирлаб олиб ўтиб кетишади. Ўртада битта йўл-ку. Кўп эшитганман, фарғоналикларнинг сигирларини қирғиз томондан келиб ўғирлаб кетишган, деган гапларни, дейди Барчиной Набиева.

Абдусалом Эргашев фикрича, Фарғонада қўшни мамлакатлар фуқаролари томонидан жиноятчилик қилиш ҳолатлари кўпайиши, уларнинг вилоят ҳудудига эмин-эркин кириб-чиқишлари билан боғлиқдир.

- Келадиганлар жуда кўп. Фарғона шаҳрига ëки Фарғона туманига Қирғизистоннинг Ўш¸ Боткен вилоятлари шаҳар ва қишлоқларидан кўплаб келишади. Бемалол кириб келишади. Бундан ташқари, шаффоф чегаралар ҳам кўп. Коррупция ривожланган жойда чегара ҳам ўз аҳамиятини анча йўқотади. Фарғона шаҳрида¸ Фарғона тумани қишлоқларида қирғизистонликларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Қирғизистонликларнинг енгил хусусий машиналарни ҳам ҳар қадамда учратиш мумкин, дейди Абдусалом Эргашев.

Қирғизистоннинг Жалолобод туманидаги “Ҳаво” ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаровга кўра, Қирғизистон ҳудудида ҳам Ўзбекистон фуқаролари томонидан жиноятчилик содир қилиш ҳолатлари кўплаб учрайди.

Азимжон Асқаров ўзбекистонлик фуқаролар аксар ҳолларда ўта оғир кўринишдаги жиноятлар билан қўлга тушишларини айтади.

- 2009 йилда икки Ўзбекистон фуқароси Арслонбобдан келаëтганда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинади ва улар олиб келаëтган сумкада (қанчалигини билмайман лекин) қуритилган наша олиб келаëтган бўлишади. Жалолободда ўзбекистонликлар бор. У ерда Ўзбекистондан ўтганларнинг кўпчилиги аёллар. Ҳозирги пайтда Жалолободга аëллар¸ фоҳиша қизлар ҳам ўтишади. Улар бемалол юра олади. Жалолободнинг марказида битта кўча бор. Ўша ерда ўзларини савдога қўйишади. Ўш шаҳридаги учта кўчада ўзбекистонлик қизлар фоҳишалик билан шуғулланишади, дейди Азимжон Асқаров.

Uzmetronom сайтининг ёзишича, Фарғонада ўтган йили 25 та қотиллик, 569 та ўғирлик, 281 та товламачилик ҳолатлари қайд қилинган.

Шунингдек, ўтган йили Фарғонада 109 та диний экстремизм билан боғлиқ жиноятчилик ҳолатлари аниқланган.
XS
SM
MD
LG