Линклар

logo-print

Каримов яна ҳарбий ҳамкор изламоқда

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбек ҳарбийлари мустақилликдан бери ҳам Россия¸ ҳам НАТО томонидан уюштирилган ҳарбий машқларда иштирок этиб келмоқда.

Ўзбек ҳарбийлари мустақилликдан бери ҳам Россия¸ ҳам НАТО томонидан уюштирилган ҳарбий машқларда иштирок этиб келмоқда.

Россия билан сиëсий муносабатлар совуқлашиб¸ Ғарб¸ хусусан АҚШ билан алоқалар эса¸ аксинча қайтадан илиб бораëтган айни кезларда президент Каримов хориж давлатлари билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш зарурати ҳақида гапириб қолди.

14 январ Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланди. Президент Ислом Каримов мазкур сана муносабати билан қилган чиқишида хориж давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик кўламини ошириш лозимлигини таъкидлади.

“Қуролли кучларимизнинг қисм ва бўлинмаларини энг янги қурол-яроғ ва жанговар техника билан қайта жиҳозлаш, замонавий воситалар билан таъминлаш бўйича қўйилган вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳим принципиал аҳaмият касб этади. Шу муносабат билан хорижий ҳамкор давлатлар билан халқаро ҳарбий-техник ҳамкорликни янги поғонага кўтариш ва кўламини кенгайтириш, 2010-2015 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш ва амалга ошириш зарур”, деди Ўзбекистон президенти ва қуролли кучлари бош қўмондони Ислом Каримов.

Президент айнан қайси xорижий ҳамкорларни назарда тутаётганини аниқлаштириб ўтирмади.

Зеро, таҳлилчилар фикрича, ҳозирда Ўзбекистон ўзининг ҳарбий соҳадаги xорижий ҳамкорларини белгилаб олишда яна аросатга тушиб қолган.

Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчиси Юрий Фёдоров, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон Россия назоратидаги ҳарбий тузилма - Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшилишга қўшилдию, лекин Ғарбда 13 май Андижон фожиасига оид эҳтирослар босилгач¸ унинг КХШТга бўлган қизиқиши ҳам сусайишга юз тутди, деган фикрда.

- Ўзбекистон сиёсатида тез-тез учраб тургани каби, приоритетлар ўзгармоқда ва бугун Тошкент Россия билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни бироз музлатиш эвазига, Ғарб билан алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистоннинг бир томондан, Навоийдаги аэропортни АҚШнинг ноҳарбий, деб айтилаётган юкларини Афғонистонга транзит қилиш учун тақдим этиши ва иккинчи томондан, КХШТнинг Марказий Осиёда Тезкор коллектив кучларни ташкил этиш ғоясига қарши чиқаётгани бунинг ёрқин далилидир. Ўзбекистон раҳбарияти сиёсат юргизишда, жумладан ҳарбий соҳада ҳам ҳар доим ўзига хос йўлни тутиб келган. Бу йўлнинг моҳияти эса, Россия билан Ғарб ўртасидаги келишмовчиликлардан максимал даражада фойда кўришдан иборатдир. Менимча, буни Ўзбекистон раҳбариятига хос бўлган принципсиз йўл, деб аташ мумкин, дейди профессор Фёдоров.

Бугунги кунда Ўзбекистон қуролли кучларининг хорижий ҳамкорлар билан алоқалари кўлами қанчалик, деган савол жавобини билиш учун Мудофаа вазирлигига қўнғироқ қилдик. Матбуот хизмати телефон гўшагини кўтарган киши, ўзини қоровулман, деб таништирди ва вазирлик ходимларининг каттаю кичиги Ватан ҳимоячилари кунини байрам қилгани кетганини маълум қилди. Ўзбекистон ҳукумати кўз-қарашларини ёқлайдиган таҳлилчилар ҳам саволга жавоб бера олмади.

Шу сабабдан бу саволни Россиядаги “Ежедневний журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольцга бердик.

- Менимча, бугун Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги жуда чекланган. Бунга ягона мисол қилиш мумкин бўлган Россия билан ҳарбий ҳамкорлик ҳам ҳаминқадар аҳволдадир. Лекин ҳарбий соҳада Ғарб давлатлари билан ҳамкорликнинг кучайиши учун жиддий потенциал бор. Эслатиш жоиз, Андижон фожиаларидан аввал, Тошкентнинг Қўшма Штатлар билан ҳам, НАТО давлатлари билан ҳам ҳарбий алоқалари анча ривожланган эди. Ўз тажрибамдан бир мисол келтиришим мумкин. НАТОнинг Полшадаги ҳарбий машқларида, Россиядан ҳеч ким бормаган бир пайтда бир неча нафар ўзбекистонлик зобитларни кўрганимда жуда ҳайрон қолган эдим. Бундан ташқари, АҚШ ҳарбий ўқув юртларида тайёргарликдан ўтган ўзбекистонлик ҳарбийларни шахсан танир эдим. Яъни ўзига яраша ҳарбий алоқалар бор эди. Лекин Андижон воқеалари боис Ўзбекистон халқаро изоляцияга тушиб қолгач, ҳаммаси тўхтаб қолди. Ҳозир вазият ўзгармоқда ва Каримов яна ўзига янги ҳамкор қидирмоқда. Боз устига¸ Россия билан алоқаларда жиддий муаммолар туғилмоқда, дейди ҳарбий таҳлилчи Гольц.

Лекин кузатувчилар¸ Ғарбнинг Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорликка катта иштиёқ кўрсатишига шубҳа билдирмоқдалар.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз фикрича, ҳозирча Ғарбнинг Тошкентдан ягона таъмаси Афғонистондаги НАТО ҳарбийларига юкларни Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилишдан иборат ва у ердаги ҳарбий ҳаракатлар тугаши биланоқ, Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ҳам ниҳоясига етади.

- НАТО давлатлари, хусусан Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ўз юкларини ўтказиш ниятида¸ холос. Балки улар Афғонистондаги ҳаракатлар давом этаётган давр учун бир пайтлар фойдаланиб келган Қарши-Хонобод ҳарбий базасини ҳам қайтариб олишга умид қилаётган бўлиши ҳам мумкин, дейди Делетроз.

Ўзбекистон президенти Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан қилган чиқишида хориж давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик мамлакат армиясини модернизациялаш ва ислоҳ қилиш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Айни пайтда, таҳлилчилар Каримов ҳукуматининг нафақат ҳарбий, бошқа соҳалардаги сиёсатининг беқарорлиги инобатга олинса, Ўзбекистон армиясини халқаро ҳамкорлик орқали ислоҳ қилиш ғоясига шубҳа билан қарамоқдалар.

Яна россиялик ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц гапиради.

- Биласизми, жаноб Каримов олиб бораётган сиёсатни шарқона услубдаги прагматик сиёсат, деб айтиш мумкиндир. Яъни бу сиёсатда принцип ва қадриятлар деярли ҳеч қандай ўрин тутмайди. Бу сиёсатда ҳозир долзарб бўлиб турган ўткинчи манфаатлар асосий рол ўйнайди. Бошқача қилиб айтганда, ҳозир вазият шуни тақозо қилаяптими, ана шу қоидаларга риоя қиламиз, вазият ўзгарадиган бўлса, янгича ўйинга ҳам тайёрмиз, қабилидаги узоққа олиб бормайдиган сиёсатдир бу, дейди Россиядаги “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG