Линклар

Минтақа ҳукуматлари яна сув устида тортишмоқда

  • Садриддин Ашур

Сув бўйича минтақавий комиссиянинг Душанбеда ўтган сўнгги йиғинида¸ мутахассисларга кўра¸ бирор жиддий қарор қабул қилинмаган.

Сув бўйича минтақавий комиссиянинг Душанбеда ўтган сўнгги йиғинида¸ мутахассисларга кўра¸ бирор жиддий қарор қабул қилинмаган.

Президентлар даражасида ҳам ечимини топмай келаëтган Марказий Осиëдаги сув ресурсларидан кимнинг қанча ва қандай фойдаланишига оид тортишув¸ 14 январ куни Чимкентда иш бошлаган ҳукуматлараро яна бир комиссия йиғилиши марказидадир.

14 январ куни Чимкент шаҳрида Марказий Осиё республикалари давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг 54-мажлиси иш бошлади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган мутахассислар бу мажлисда 2010 йил суғориш мавсумида сув тақсимотини келишиб олишлари керак.

1992 йилда тузилган Марказий Осиё республикалари давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси Сирдарёдан сув ичадиган давлатларга суғориш мавсумида сарф бўладиган сув лимитларини белгилаб беради. Комиссия ижрочи орган ҳисобланиб, ҳар тўрт ойда бир марта ўз йиғилишини ўтказиши керак. Комиссиянинг охирги мажлиси ўтган йилнинг июн ойида Душанбеда ўтказилган эди. Аввалига ўтган йилнинг сентябр ойида Тошкентда¸ сўнгра эса¸ Олмаота бўлиши кутилган кейинги йиғин эса¸ жамоатчиликка ошкор қилинмаган сабабларга кўра¸ ўтказилмай қолди.

Комиссиянинг ниҳоят Чимкентда иш бошлаган янги йиғилишида, 2010 йилдаги суғориш мавсумидаги Норин-Сирдарё бассейнидан сув ичадиган давлатларга лимитлар белгиланиши лозим. Икки кунлик йиғилиш иштирокчиларининг бу борада қандай қарорга келиши ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлсада¸ Қирғизистон Сув муаммолари ва гидроэнергетика институти директори, академик Дуйшен Маматхонов, бу каби йиғилишларнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сув муаммосини ҳал қила олишига шубҳа билдиради.

- Биринчидан, 1992 йилги келишув собиқ иттифоқдан кейин сувдан вақтинча фойдаланиб туриш учун тузилган эди. Бу келишувни қайтадан кўриб чиқиш керак, чунки собиқ иттифоқ Қирғизистоннинг сув омборлари ва каскадларини сақлаб туриш учун уни маблағ билан таъминлар эди. Бироқ ҳозир ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ. Бу Қирғизистонни камситувчи шартнома, дейди Дуйшен Маматхонов.

Академик олимнинг айтишича, Ўзбекистон суғориш мавсуми даврида Қирғизистон сув омборларида йиғилган сувни ўз қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун текин ишлатади ва бунинг учун бир тийин ҳақ тўламайди.

Токи давлатлар орасида сув тақсимоти бўйича бир квота белгиланмас экан ва бу борада олий даражадаги бир келишув бўлмас экан, бу муаммо шундайлигича қолади¸ деб хулоса қилади бу борадаги кузатишларига қирғизистонлик етакчи мутахассис Дуйшен Маматхонов.

Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг Сувни тежаш технологиялари маркази директори, техника фанлари номзоди Тоҳир Мажидов эса, Марказий Осиёдаги сув заҳиралари ҳамма учун етарли ва бундан оқилона ва келишиб фойдаланиш йўлини топса бўлади¸ деган ишончда.

- Мана бизларнинг президент иккита халқаро конвенцияга қўл қўйди. Бу конвенцияга асосан илгаридан деҳқончилик қилиб келинадиган ерларга¸ албатта¸ сув берилиши керак. Биласиз¸ бизларда деҳқончилик 3000 йил дейди¸ 5000 йилгача боради. Президент “Бамаслаҳат иш қилайлик. Нима қуриш кераклигини маслаҳатлашайлик” деяпти. Бу тўғри гап. Лекин барибир ўшанга келамиз. Бошқа чорамиз йўқ. Чунки Марказий Осиë битта уй. Буни ëпиқ экологик система дейилади. Сув бир ëққа чиқиб ҳам кетмайди¸ сув бир ëқдан келиб ҳам қолмайди. Мана шундан чиройли келишиб фойдаланилса¸ ҳаммага етади. Мана қаранг Туркиянинг 70 миллион аҳолиси бўлса керак менимча. 70 миллион аҳолини боқаяпти. Нима бўпти бизлардаги 27 миллион аҳоли. Марказий Осиëда ҳозир борган бўлса¸ 56 миллионга етди¸ холос. Ресурслар бемалол етади. Ўзаро ҳамкорлик қилсак¸ ҳали бизларда авлодларимизга ҳам етадиган сув бор¸ дейди Тоҳир Мажидов.

Тошкентлик олимнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сув жуда кўп исроф бўлади ва уни тежашнинг бирдан-бир йўли илғор технологиялар, жумладан томчилаб суғориш усулини қўллашдир.

- Томчилаб суғориш усули бу ўзимизда ишлаб чиқарилган томчилаб суғориш усули. Бу чет элникига қараганда арзон. Ҳар қандай деҳқон монтаж қилиб¸ бемалол суғориш ишларини амалга ошираверади. 2009 йилдан бошлаб сувчиларнинг ва ҳукуматнинг талаби сув тежаш технологияларини қўллаш. Яъни томчилатиб¸ ëмғирлатиб ва шунга ўхшаш. 30-50 фоиз сувни кам ишлатиб экинлардан юқори ҳосил олишни йўлга қўйса бўлади. Илгаригидагидай суғорадиган бўлсак¸ сувимиз ростдан ҳам етмайди¸ дейди Тоҳир Мажидов.

Ўзбекистонда 2009 йилда 3000 минг гектар ер томчилаб суғорилди ва бу яхши натижа берди, деб давом этади ўзбекистонлик мутахассис.

- Менинг ҳисобим бўйича¸ асосий сув ичадиган пахтада 35-40 фоизга тежалаяпти. Боғларда 50-60 фоизгача тежалаяпти. Боғларда¸ биласиз¸ дарахтларнинг ораси саккиз метр бўлади. Ҳар саккиз метрда дарахт томчилаб суғорилаяптида¸ дейди Тоҳир Мажидов.

Олимнинг қайта-қайта таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқилган томчилатиб суғориш технологияси чет элникига нисбатан беш-олти баробарга арзон тушади.

- Туркияники¸ Исроилники 9-10 минг доллар бўладиган бўлса¸ ҳозир бизлар ишлаб чиққан нима пахтада узоғи билан 1200 доллар бўлади. Бу бир гектарига. Айтаяпманку¸ шлангимизнинг бир метри 100-125 сўм. Уни ўртада улаш мумкин ëки отиб юборасизда янгисини ўрнатаверасиз. Оддий шлангдан Қорақалпоғистонда оддий лойқа сувлар ҳам ўтиб кетаверди. Ҳатто одамларнинг ўзи ҳайрон қолди. Насос керак эмас. Бир метр¸ бир ярим метр баландга қўйсангиз¸ сув оқиб бемалол жўяларни нима қилаверади¸ дейди Тоҳир Мажидов.

Олим фикрича, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам минтақанинг энг долзарб муаммосига айланиб бораëтган сув масаласида бир ечимга келиш учун¸ сувни тежаш технологияларини кенг қўллашлари лозим бўлади.
XS
SM
MD
LG