Линклар

Журналистларнинг сўроққа тутилгани хавотир уйғотмоқда


Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Ўзбекистонда қолган оз сонли мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилиб, сўроққа тутилаётганидан хавотир билдирди.

Ўтган ҳафта хорижий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилаётган журналистлар Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, касбий фаолиятлари ҳақида сўроққа тутилган эди.

Бу холатдан қаттиқ ташвишга тушган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Ўзбекистон ҳукуматини журналистларга босим қилишни тўхтатиб, қамалган журналистларни шартларсиз озод қилишга чақирган.

Аввалроқ, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Ўзбекистонда мустақил журналистлар сўроққа тутилгани юзасидан баёнот тарқатган эди.

Ташкилотга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда касбий фаолияти учун қамалган камида 10 журналист жазо муддатини ўтамоқда, улардан айримлари узоқ муддатларга қамалган.

2005 йил май ойида Андижондаги қонли воқеалар ортидан хорижий ахборот воситалари ва ўнлаб журналистлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG