Линклар

Ҳаитига халқаро ëрдам йўлга қўйилмоқда


Ҳаити марказий аэропортига хориж давлатларидан гуманитар ëрдам ортилган учқичлар келишда давом этмоқда.

Ҳаити марказий аэропортига хориж давлатларидан гуманитар ëрдам ортилган учқичлар келишда давом этмоқда.

Кариб ҳавзасидаги энг қашшоқ ўлкалардан бўлган Ҳаитида рўй берган кучли зилзила оқибатида нобуд бўлганлар сони ортиб бормоқда. Айни пайтда¸ аҳолисининг учдан бири зилзиладан жиддий зиëн кўрган бу давлатга халқаро ëрдам кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама кучли зилзиладан зиён кўрган Ҳаитига ёрдам кўрсатиш Вашингтон учун устувор масала бўлишини таъкидлади.

Вашингтон Ҳаитига зилзила оқибатларини бартараф этиш учун 3500 аскарини ва 2200 ҳарбий денгиз пиёдачисини жўнатишини билдирди.

Шунингдек, АҚШ президенти Ҳаити учун 100 миллион долларлик ёрдам жамғарма тузилаётганини ҳам маълум қилди.

Оқ уй раҳбарига кўра, Ҳаитида Америка тарихидаги энг йирик қутқариш амалиёти йўлга қўйилади.

- Ҳаити аҳолисига қарата¸ бундай оғир дамларда биз сизга ҳамдармиз, Америка сиз билан, бутун жаҳон сиз билан демоқчимиз, деди Барак Обама.

Айни пайтда Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренс аэропортига турли давлатлардан инсонпарварлик юклари ортилган учқичларнинг келиши тўхтамаяпти.

Бир қатор давлатлардан етиб келган қутқарув гуруҳлари вайроналар остидан омон қолганларни қидиришни давом эттирмоқда.

Вақт ўтган сайин вайроналар тагида қолган инсонларнинг тирик қолиш эҳтимоллари ҳам камайиб бормоқда.

Сешанба куни рўй берган 7 баллик зилзила оқибатида Ҳаитида қанча одам ҳалок бўлгани ҳақда ҳалигача аниқ рақамлар йўқ.

Мамлакатдаги Халқаро Қизил Хоч ташкилоти расмийсининг айтишича, қурбонлар сони 45мингдан 50 мингга қадар бўлиши мумкин.

Ҳаити президенти Рене Превал шу пайтга қадар 7000 одам жасади оммавий қабрга дафн этилганини маълум қилди.

БМТ эса табиий офат оқибатида 36 нафар ходими ҳалок бўлгани ва бу рақам яна ортиши мумкинлигини айтмоқда.

БМТ расмийси Дэвид Уимҳарстга кўра, ташкилот учун бу ўз тарихидаги энг катта йўқотишдир. Ҳаитида бунақа каби кучли зилзила сўнгги 200 йил ичида кузатилмаган.

Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Ҳаитида қарийб уч миллион одам ёрдамга муҳтож. Бу эса¸ Ҳаити аҳолисининг учдан бири демакдир.

Франция президенти Николя Саркози Ҳаитига ёрдам бериш бўйича донор давлатлар иштирокида халқаро анжуман ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббснинг билдиришича, Барак Обама Американинг собиқ президентлари Жорж Буш ва Бил Клинтонлардан Ҳаитига халқаро ёрдам етказилишига бош-қош бўлишни сўраган.

Ҳаити Кариб хавзасидаги энг қашшоқ ўлкалардан бири саналади. Зилзила оқибатида ушбу мамлакатнинг шундоқ ҳам ғариб аҳолиси халқаро ёрдамларга ҳар қачонгидан-да муҳтож бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG