Линклар

Синов операцияси ўлим билан тугади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги¸ буйраги алмаштирилган беморлар ўлими учун уларга уй шароитида етарлича муолажа бўлмаганини айбламоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги¸ буйраги алмаштирилган беморлар ўлими учун уларга уй шароитида етарлича муолажа бўлмаганини айбламоқда.

Тожикистонда буйрак кўчириш бўйича ўтказилган илк операцияга рози бўлган уч беморнинг иккитаси жарроҳлик амалиëтидан икки ойча ўтиб¸ ҳаëтдан кўз юмди. Расмийларга кўра¸ бунга камбағал беморларнинг қимматбаҳо дориларни қабул қилмагани сабаб эмиш.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари 2009 йилнинг ноябрида амалга оширилган жарроҳлик амалиëтининг жуда муваффақиятли ўтгани ва касал буйраги соғлом буйракка алмаштирилган беморлар ўзларини бардам ҳис қилишаётганини айтиб келаëтган эдилар.

Аммо операциядан икки ой ўтиб беморларнинг икки нафари ҳаёт билан видолашгани ҳақида хабар тарқалди.

Буйрак операцияси тожикистонлик мутахассислар таъкидлаганидек муваффақиятли ўтган бўлса, унда икки тожикистонлик нега амалиётдан сўнг жуда қисқа умр кўрди?

- Уларнинг ўлими мутахассисларимиз фаолияти билан боғлиқ эмас. Яъни синов операцияси ҳақиқатдан жуда муваффақиятли ўтган эди, демоқчиман. Аммо беморлар уй шароитида докторлар кўрсатмаларига жиддий амал қилишмаган. Буйраги кўчирилган бу уч киши, албатта, қимматбаҳо дориларни ичиб туриши зарур эди. Бироқ текширувларимиз ҳамда уларнинг яқинлари билан суҳбатларимиздан маълум бўлишича, вафот этганлар умуман бу дориларни истеъмол қилишмаган, деди Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Соҳибназар Раҳмонов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсининг билдиришича, буйрак трансплантацияси мамлакатда чўчқа гриппи авж олган бир вақтга тўғри келган ва бу ҳам беморларнинг тўла соғайиб кетишига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

2009 йил ноябр ойи бошларида Тожикистон тарихида илк бор одам буйрагини кўчиришга оид амалиёт ўтказилган эди. Ўшанда беш кун давомида уч нафар тожикистонликнинг касал буйраги соғлом ва ҳақиқий буйракка алмаштирилган эди.

Бу воқеа хабари Душанбе шаҳридаги Диякова номли касалхонанинг урология бўлимидан республиканинг барча ҳудудларига тарқалди ва одамлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Беморларга уларнинг яқинлари, асосан, оналари донорлик қилган эдилар.

Тожикистонликлар ниҳоят катта харажат талаб қиладиган буйрак трансплантацияси мамлакат ичкарисида амалга оширила бошлаганидан қувонган эди. Зотан¸ маҳаллий расмийлар¸ бундан кейин хориж давлатлардаги касалхоналарга 70-80 минг АҚШ доллари тўлаб, буйрак алмаштириш зарурати қолмаганини ваъда қилган эди. Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари буйрак трансплантациясини мамлакат ичкарисида кўпи билан 6500 АҚШ доллари эвазига амалга оширилиши мумкинлигини айтган эдилар.

Бунга қадар буйрак трансплантациясига эҳтиёж сезганлар жуда катта пул сарфлаб¸ Хитой ва Эрон ислом жумҳурияти тиб мутахассисларига мурожаат қилишга мажбур эдилар.

Шов-шувли воқеадан икки ойча ўтиб¸ буйрагини кўчиртирган икки беморнинг вафот этганига оид нохуш хабар кўпчиликнинг тожикистонлик мутахассисларга ишончини сўндирган кўринади.

Мавзу юзасидан вафот этган беморлар яқинлари фикрини билиш уринишларимиз натижа бермади - улар бу борада журналистлар билан гаплашишга тайёр эмасликларини айтишди.

Соҳа бўйича мутахассис Муҳаммад Холиқ буйраги кўчиртирилган икки бемор тожикистонлик мутахассисларнинг тажрибасизлиги қурбони бўлди¸ дея мулоҳаза билдиради.

Унга кўра, Тожикистон тиббиёти тажрибасида синов жарроҳлиги ҳали етарлича ривожланмаган.

- Менимча, бу амалиётни аввал ҳайвонларда синаб кўриш лозим эди. Аммо¸ афсуски¸ бизнинг мутахассисларимиз хорижда кўрганларини бирваракай одам танасида синаб кўришга одатланган. Энди буйраги кўчирилган икки беморнинг ўлими сабабларига келсак, бунинг учун биринчидан, жасад очиб кўрилиши ва кўчирилган буйраклар янги организмга қанчалик мослашгани ўрганилиши лозим эди. Оддий тил билан айтганда¸ у инсон тириклиги чоғида ўша кўчирилган буйрак чиримаганмиди? Бундай текширув ўтказиш “Буйракни кўчириш амалиётини мамлакат ичкарисида давом эттириш керакми ёки бунга ҳали эртами?” деган саволга тўғри жавоб топиш учун зарур деб биламан, дейди тиб соҳаси мутахассиси.

Бироқ шуни ҳам айтиш лозимки, деб қўшимча қилади Муҳаммад Холиқ¸ Тожикистон шароитида вафот этган кишининг яқинлари жасадни очиб кўришга розилик бермайди. Бу эса, афсуски, шифокорларимизнинг хатоларидан хабардор бўлишимизга имкон бермайди.

Айни пайтда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари жорий ҳафта бошида журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида ҳозирда буйрагини кўчириш истагида бўлган яна 50 тожикистонликнинг қайдга олинганини маълум қилган эди. Маҳаллий шароитда бундай операцияга рози бўлганларнинг икки ой ўтиб ҳаëтдан кўз юмгани¸ бу рўйхатдагилар сонини қанчалар сийраклаштиради¸ буниси ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG