Линклар

logo-print

Жалилов иши қайта терговга жўнатилди


Айтилишича¸ қайта терговга юборилган иш бўйича маҳкама икки ҳафтадан кейин қайта бошланади.

Айтилишича¸ қайта терговга юборилган иш бўйича маҳкама икки ҳафтадан кейин қайта бошланади.

15 январ куни Жиноий ишлар бўйича Қашқадарё вилоят суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг еттита оғир моддаси бўйича айбланаëтган қашқадарëлик ҳуқуқ фаоли Ғайбулла Жалилов ва унинг уч шериги ишини рад қилиб, қайта терговга жўнатди

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг укаси Нурмат Жалилов маълум қилди.

- Суд ҳукм чиқармади. Суд отвод берилди деди. Норози бўлгани учун қолдирилган эмиш¸ тамом, дейди Нурмат Жалилов.

Нурмат акага кўра, тергов жараёни 15 кун давом этиб, тахминан яна икки ҳафтадан кейин маҳкаманинг қайта бошланиши айтилган.

Нурмат Жалилов: Қайта кўрилаяпти шу иш. Булар норози бўлгани учун қайта кўрилаяпти иш.

Озодлик: Ким норози бўлгани учун?

- Шу судланувчилар. Судланувчилар норозилик билдиргани учун деяпти¸ бошқатдан тергов бўлиб, гувоҳлар бошқатдан чақиртириб¸ қайтадан ишни бошидан кўриб чиқишар экан, дейди Нурмат Жалилов.

Қашқадарё вилоят Жиноий ишлар бўйича вилоят судидан ишни рад қилиниш сабаблари борасида батафсил маълумот олиш имкони бўлмади.

Ушбу маҳкамани кузатиб келаётган қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораевага кўра, ишни рад қилинишига судланувчилар ўзларига нисбатан қўйилган айбловларни бўйнига олмагани сабаб бўлган.

- Судни қайтадан кўрамиз¸ деган. Шунинг учун ҳукм чиқмаган. Судланувчилар айбловларни бўйнига олмаганлиги сабабли қайтадан судни кўриб чиқишар экан, қайтадан суд бўлар экан, дейди Гулшан Қораева.

Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси¸ яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш¸ 161-моддаси бўйича қўпорувчилик ва 155-моддаси бўйича терроризм каби жами еттита моддаси бўйича айбланаяпти.

Айблов хулосасига кўра, Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги Қаршидаги бир қатор объектлар, жумладан, Қарши шаҳар аэропорти ва Хонобод ҳарбий базасини портлатишга тил бириктиришда айбланаяптилар.

Маҳкама давомида янграган айбловда айтилишича, судланаётганлардан бири - “Насаф” футбол командасининг тренери Файзулло Очилов, яна қаршилик Ўткир Содиқов ва Юсуф Бобомуродовлар Ғайбулло Жалилов билан биргаликда гуруҳ бўлиб амалдаги ҳукуматга қарши жиноий тил бириктирган.

Ғайбулло Жалиловнинг онаси Рўзаой Овуловага кўра, 6 январ куни судда унинг ўғлига сўз берилганида, ўғли ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчасини туҳмат деб атаган¸ ҳамда тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида гапирган.

Рўзаой Овулова: Ғайбулло “айбим йўқ”, деди. “Мен бирор нарсага қўшилганим йўқ, Бу ишларни қилмаганман. Қўшилганим ҳам йўқ¸ билмайман ҳам” деди. Булар зўрлаб, “Шу ишни қилдим, деб айтасан” деб, вена томирларимизни¸ оëқларимизни¸ ҳамма жойимизни кесиб ташлади. Зўрлаб менинг бўйнимга қўяяпти. “Шуни бўйнингга оласан” деб қийнаяпти бизларни”, деди.

Озодлик: Ким қийнаган уларни? Ким томирларини кесган?

- Ўша қоғозда тўртта-бешта милицияларнинг номини ëзган. Қоғозга ҳамма бўлган гапларни ëзган экан. Судга ўқиб берди ва қоғозни судянинг қўлига топширди. “Қилмаган айбимга мен қандай жавоб бераман? Мен қилганим йўқ”, деди болам кеча судда, дейди Рўзаой Овулова.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

У 2009 йилнинг 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган эди.

Орадан уч кун ўтиб, у милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлган.

24 ноябр куни Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги сиёсий мотивлар билан айбланиб, маҳкамага тортилди.

2010 йилнинг 6 январ куни эса давлат қораловчиси Ғайбулло Жалиловга 15, 5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

15 январ куни Қашқадарё вилоят суди ишни рад қилиб қайта терговга жўнатди.
XS
SM
MD
LG