Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Каримов садоқатли ҳокимларини сийлади


Ўзбекистонда ҳокимлар халқ ëки қонунга эмас¸ балки фақат Ислом Каримовга ҳисоб берадилар.
Ўзбекистонда ҳокимлар халқ ëки қонунга эмас¸ балки фақат Ислом Каримовга ҳисоб берадилар.

Ўзбекистон президенти 14 январ куни Андижон, Бухоро,Қашқадарё ва Жиззах вилоятларини узоқ йиллардан бери бошқариб келаëтган ҳокимларни ўз лавозимида қолдириш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Бу билан Каримов гўë¸ ҳокимларни ҳар беш йилда алмаштиришга оид қонунга амал қилди.

Ўзбекистонликлар ҳокимларнинг ишга келиши ва кетишига ўрганиб ҳам қолди. Лекин президентнинг сўнгги фармони билан ҳеч қайси вилоят ҳокими ишдан кетгани ҳам, янгиси ишга келгани ҳам йўқ. Президент шунчаки эски ҳокимларнинг муддатини янгидан узайтириб қўйди.

Ўзбекистондаги ҳокимлар ва президент ўртасидаги муносабатларни ўргана туриб, Х1Х асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида яшаган рус тарихчиси ва тадқиқотчиси Владимир Наливкиннинг хонлар, амирлар ва уларнинг хокимлари ҳақида ёзганлари ёдга тушади:

“Беклар ва ҳокимлар уларга хон ёки амирлар томонидан берилган чексиз ҳокимиятдан фойдаланиб, қонуний ва ноқонуний солиқларни йиғиб бориши, аҳолини барча қонуний ва ноқонуний буйруқларни бажаришга бўйсундириши , белгиланган вақтда катта совғалар билан ўзининг хўжайини олдига етиб бориши керак. Ҳокимнинг вилоятни бундан кейин муваффақиятли бошқариб бориши у хонга олиб борган совғаларнинг даражаси билан боғлиқ”.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда ҳозир хонлик ёки амирлик даври бўлмасада, ҳозир ҳам ҳокимликка тайинланиш халқнинг хоҳиш-истаги билан амалга ошмайди, балки ҳокимларнинг президент қош-қовоғига қараб иш юритиши Абдулла Қодирий сўзлари билан айтганда, мозийга саëҳатни эслатади.

Фарғоналик Саиджон ака ҳокимларнинг ҳозир халқдан ажралиб қолгани, оддий одамларнинг уларга ишонмай қўйганини айтади.

- Бизнинг давлатимизда битта ҳокими мутлақ бор. Ҳозирги ҳокимлар¸ ҳокимиятга бориб бирорта ишингизни бажара олмайсиз. Юқоридан берилган Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилиши бўйича ҳисобот бериб туради¸ холос. Буларга бир нарса буюрилса¸ булар шуни кейин халққа тарқатади. “Мана шунча бажарилди” деб қўшиб¸ чатиб юради. Олдин райком¸ горком бўларди. Борганда¸ анча-мунча иш битарди. Бизда ҳозир ҳамма нарса прокуратура¸ суд¸ СНБ¸ ички ишларнинг қўлида. Ҳаттоки тумандаги бўладиган ҳар бир йиғинда ўртасида энди битириб келган ëш прокурорчалар ўтиради. Юлдуз тақишган ëқасига. Ҳозир ҳокимлар четда. Халқ билан ҳеч қанақа иши йўқ. Фақатгина пахта вақтида ҳокимдан қарор келади. Ҳозир пулингиз бўлса¸ ҳамма ерда ўзининг ставкаси бор¸ ишингиз битаверади. Бошқа йўли йўқ¸ дейди Саиджон ака.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, ҳокимликка номзодларнинг олдига иккита талаб қўйилади.

- Биринчиси¸ президентга шахсан содиқлиги. Иккинчиси¸ унинг малакалилиги. Малакали эканлииг катта рол ўйнайди¸ лекин малака билан содиқлик ўртасида зиддият бўлса¸ бўлажак ҳоким содиқлик орқали ўзини намоëн қилиши керак. Президентга ўзининг содиқлигини кўрсатиши керак. Профессионал қонунчилик билан Каримовнинг манфаатлари ўртасида зиддият чиқадиган бўлса¸ айтайлик охирги президентлик сайловлари Ўзбекистон қонунига зид¸ ҳоким қонун эмас¸ балки Каримов манфаатини ҳимоя қилиши шарт. Сайлов давомида қайси вилоятдан президентга қанча овоз берилаяпти ëки мана шундай кўриниш қилинаяпти¸ мана шу катта рол ўйнайди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Баъзи норасмий манбалар хабарларига кўра, Ўзбекистонда вилоят ҳокими курсиси жуда катта пулга сотилади. Бироқ бу фактни тасдиқловчи бирорта ҳужжат қайд этилмаган. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам, ҳокимлик вазифаларини эгаллашнинг ниҳоятда коррпуциялашганини таъкидлайди.

- Ўзбекистон авторитар давлат. Яна шу нарсани биламизки¸ агарки Каримов билсаки давлат ҳокимиятидаги одамларнинг катта бойлиги бўла туриб ҳокимият билан ҳисоблашмаса ëки Каримовнинг атрофидан бир танга юмалаб ўтиб кетса ва бу ҳақда Каримов билмай қосла¸ кейинчалик маълум бўладиган бўлса¸ Каримов бу нарсани қаттиқ жазолайди. Баъзан Каримов индамаслиги мумкин. Катта бюрократларнинг катта пул йиғаëтганини била туриб¸ индамаслиги мумкин. Лекин вақти келади¸ у билан ҳисоб-китоб қилинади. Ўзбекистон ҳокимият тизими ҳаддан зиëд коррупциялашган. Президент оиласи кадрлар масаласи орқали катта пул йиғаяпти. Бу нарса ҳеч кимга сир эмас. Собиқ давлат маслаҳатчиларидан бири билан суҳбат бўлганда “Бу Ўзбекистонда коррупцияни енгиб бўлмаса керак. Агар биринчи шахс коррупция билан шуғулланмаса¸ коррупцияни енгиш мумкин” деган фикрни айтган. Яъни Ўзбекистондаги коррупцион жараëнларга шахсан Каримовнинг ўзи бошчилик қилади. У ҳамма нарсадан хабардор¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшуноснинг айтишича, одатда Ўзбекистон президенти вилоятлар янги ҳокимларини йиғилишларда мақтаб-мақтаб ишга қўяди ва кўп ҳолларда орадан кўп вақт ўтмай яна авра-астарини ағдариб танқид қилиб¸ ишдан олиб ташлайди. Бунинг сабаби эса:

- Аслида бу сиëсий тизимнинг катта нуқсони. Сиëсий тизим ўзига баҳо бермайди¸ шахсларга баҳо беради. 90-йилларда мана шундай тизим ўзининг самарасини берди¸ лекин кейингин йилларда эътибор берсангиз¸ бу фақатгина Каримовнинг ва марказий ҳокимиятнинг обрўйи тўкилишга олиб келаяпти. Шу сабабдан кейинги пайтларда¸ мана шу ҳам катта сабаблардан биттаси¸ бундан ташқари Каримовнинг соғлиғи ëки ëши дейишимиз мумкин¸ вилоят ҳокимини тайинлашда ëки ишдан олишда Бош вазир юборилаяпти. Ҳокимлик институтининг ўзида жуда ҳам катта муаммо мавжуд.

Конституцияга мувофиқ вилоят ҳокимлари¸ туман ҳокимлари ҳокимликни якка ҳокимлик принципи аасосида амалга оширади. Ҳокимларни назорат қилувчи институтлар мавжуд эмас. Ҳар бир вилоятда ва ҳар бир туманда депутатлар кенгашлари мавжуд¸. Ҳар бир вилоятда 60 тадан депутат кенгаши мавжуд¸. Туманда 30 тадан иборат депутатлар кенгаши мавжуд¸. Каримов томонидан тайинланган ҳокимлар ўша депутатлар кенагашига раислик қилади. Бу абсурд. Бу умуман ақлга сиғмайдиган ҳолат. Халқ томонидан сайланган вакилларга ижроия ҳокимият томонидан тайинланган шахснинг бошчилик қилиши вакиллик тамойилига тўғри келмайди. Шу сабабдан вилоят ҳокимини фақат президент назорат қила олади. Шунинг учун президентнинг ўзи мақтайди¸ президентинг ўзи шармандаларча ишдан олади¸ дейди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG