Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:33

Ҳаитида одамларнинг тоқати тоқ бўлмоқда


Бошпанасиз қолган миллионлаб ҳаитиликлар халқаро ҳамжамиятдан ëрдам кутмоқда.
Бошпанасиз қолган миллионлаб ҳаитиликлар халқаро ҳамжамиятдан ëрдам кутмоқда.

12 январ куни сўнгги 200 йил ичида содир бўлган энг кучли зилзила оқибатида вайрон бўлган Ҳаити пойтахти Порт-о-Принс шаҳрида минглаб аҳоли учинчи тунни бошпанасиз ёки чодирларда ўтказди.

Дунё давлатлари жўнатган фавқулодда ёрдамлар Ҳаитига етиб келмоқда. Аммо¸ мухбирларга кўра, бу ёрдам ўз вақтида аҳолига тарқатилмаётгани одамлар тоқатини тоқ қилмоқда.

Маълумотларга кўра, пойтахтнинг бир қисмида одамлар кўчаларни тўсиб қўйиб¸ тезроқ ёрдам кўрсатилишини талаб қилган.

Зилзиладан омон қолганлардан бири Элойза Эстимабле тоқати тоқ бўлгани мухбирларга шундай изҳор қилди.

- Оила аъзоларимнинг ҳаммаси жияним, синглим, холам ва онам нобуд бўлди. Уйим вайрон бўлди. Яшашга жой йўқ. Ҳамманинг яшашига жой йўқ. Мен ҳукумат нима қилмоқчи эканини билишни хоҳлайман, деди Элойза Эстимабле.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходими Пол Гарвуд табиий офат кўлами улкан бўлгани учун барча имконият йўққа чиққани, ҳатто жасад солинадиган халталар етишмаётганини айтди.

Ёрдам кўрсатувчи гуруҳлар табиий офатдан омон қолган одамлар ичимлик суви, озиқ-овқат ва тиббий дориларга муҳтож эканини айтмоқда.

Қароргоҳи Амстердам шаҳрида жойлашган Чегара билмас шифокорлар ташкилотининг жонлантириш бўлими ходими Винсент Хут Озодликка шифокорлар зилзила пайтида жароҳат олган кўплаб одамларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун бор имкониятни ишга солаётганини айтди.

- Одамларимиз жароҳат олганларга дуч келган жойда, идоралар, чодирлар, бўш қолган биноларда биринчи ёрдам кўрсатишга мажбур бўлмоқда. Ҳозир ишимизни зилзила пайтида қуламаган, Ҳаити Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ўз оилаларига ёрдам бериш учун ташлаб кетган касалхона биноларига кўчиряпмиз, деди Винсент Хут.

Қизил хоч ташкилоти сешанба куни Рихтер ўлчови бўйича 7,0 балл куч билан содир бўлган зилзила пайтида 45 мингдан 50 минггача одам нобуд бўлганини тахмин қилмоқда.

БМТ ғарбий ярим шардаги энг қашшоқ давлат ҳисобланган Ҳаитидаги кучли зилзиладан уч ярим миллион одам азият чекканнини билдирди. Табиий офат натижасида¸ камида 300 минг одам бошпанасиз қолган.

Айни пайтда, АҚШ, Европа, Россия, Хитой, Канада ва Лотин Америкаси давлатларидан Ҳаитига етиб келган қутқарувчи гуруҳлар фавқулодда ёрдам юкларини тарқатиш ва деворлар остида қолиб кетган одамларни қутқариш ишларига киришди.

Айтилишича, табиий офат юз берганидан 48 соат ўтиб Порт-о-Принс шаҳри кўчаларида жасадлар тахланиб кетган. Мурдаларни кўчиришда булдозерлардан фойдаланилмоқда.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти икки миллион аҳолини бир ой давомида боқиш учун етарли бўлган тайёр озиқ-овқат тўплаш устида иш олиб бормоқда.

- Одамлар овқат пишириш имкониятига эга эмас. Шу боис ҳозир уларга истеъмол учун тайёр бўлган овқат керак. Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти сешанба кунги зилзиладан азият чеккан икки миллион аҳолини кунига 14 миллион порция истеъмол учун тайёр овқат билан таъминлашга ҳаракат қилаяпти, деди ташкилотнинг матбуот вакили Эмилиа Каселла.

БМТ миссияси вертолётда ўтказган кузатув натижасида Ҳаитининг айрим минтақаларида биноларнинг 50 фоизи вайрон бўлганини аниқлади.

15 январ куни АҚШ Куба ҳукумати кучли зилзиладан азият чеккан Ҳаитига ёрдам юкларини етказиш ва жароҳатланганларни эвакуация қилишда Куба ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берганини билдирди.

Ҳаитида зилзиладан азият чеккан одамларга ёрдам кўрсатиш учун БТМнинг ёрдам кўрсатувчи ташкилотлари 550 миллион доллар ҳажмида маблағ тўплашга киришди.

БМТ дунё ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлари Ҳаитидаги қутқариш ишлари учун 268 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратишга ваъда қилганини билдирди. АҚШ ва Жаҳон банки эса Ҳаитига 100 миллион доллардан маблағ ажратишни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG