Линклар

logo-print

Ҳуқуқ ҳимоячилари Венада намойиш ўтказди


EХҲТ раиси Қанат Саудабаев Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва демкоратия масаласига алоҳида эътибор қаратишини айтди.

EХҲТ раиси Қанат Саудабаев Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва демкоратия масаласига алоҳида эътибор қаратишини айтди.

14 январ куни Австрия пойтахти Вена шаҳрида Қозоғистон расмийлари мамлакатнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислиги бошлангани муносабати билан ташкилотга аъзо давлат вакилларига ўзларининг расмий дастурини ҳавола қилдилар.

14 январ куни Қозоғистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига расман раислиги бошланди. Ушбу кун ЕХҲТ расмийлари олдида сўзга чиққан Қозоғистон давлат котиби, ташқи ишлар вазири ҳамда ЕХҲТ нинг амалдаги раиси Қанат Саудабаев ташкилотни бошқариш давомида ҳал қилиниши лозим бўлган устувор масалаларни ҳавола қилди.

Ўз чиқиши давомида Қанат Саудабаев Қозоғистон ЕХҲТ га раислиги давомида асосий эътиборни хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик, наркотик моддаларининг ноқонуний обороти ҳамда террорчиликка қарши кураш масалаларига қаратишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ЕХҲТ раиси Қанат Саудабаев хавфсизлик ва иқтисодий масалаларга урғу бера туриб, Қозоғистоннинг раислиги даврида долзарб бўлган демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам четда қолиб кетмаслигини айтиб ўтди.

ЕХҲТ Доимий кенгаши мажлиси бўлиб ўтаётган куннинг ўзидаёқ, дунёнинг бир қанча мамлакатларидан келган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари Венадаги ЕХҲТ биноси олдида Қозоғистоннинг ушбу нуфузли ташкилотга раислик қилишига қарши норозилик намойиши ўтказдилар.

Ўз чиқишлари давомида Россия, Полша, Украина, Белорус, Туркманистон ва бир қанча ғарб давлатларидан келган намойишчилар Австрия жамоатчилиги эътиборини Қозоғистонда демократия, инсон ҳуқуқлари паймол қилиниши билан боғлиқ муаммоларга қаратдилар.

- Бизнинг бу ерга йиғилишимиздан мақсад, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтиснинг қамоққа олинганига қаршилигимизни билдириш.

Шунингдек, Қозоғистондаги йирик атом компанияси “Казатомпром” собиқ директори Жакишев устидан бўлиб ўтаётган суд маҳкамасининг ноқонуний ўтаётгани, қозоғистонлик бир қанча журналистнинг профессионал фаолияти сабаб қамоққа олинганига нисбатан қаршилигимизни билдиришдир,- деди “Очиқ диалог” жамғармаси вакили Людмила Козловская.

Бироқ ЕХҲТ Доимий кенгаши мажлисида сўзга чиққан Қозоғистон давлат котиби, ЕХҲТ нинг амалдаги раиси Қанат Саудабаев мамлакат демократия сари интилаётгани ва бундан буён ҳам шу қабилида давом этиши ҳақида баландпарвоз ваъдаларни бериб ўтди.

Намойишда қатнашган Хелсинки халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Йохан Франк, Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислиги, авваломбор, ушбу нуфузли ташкилот обрўсига салбий таъсир этишини айтиб ўтди.

- Қозоғистон ЕХҲТ учун яхши раис бўла оладиган давлат эмас. Бундан ташқари Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислик қилиши, ушбу халқаро ташкилот учун ҳавфлидир. Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари доимий равишда бузилиб келинаяпти, мамлакатда демократик сайловлар ва мухолифат мавжуд эмас,- деди Йохан Франк.

14 январ куни қозоқ мухолифати ҳам ЕХҲТ Доимий кенгаши мажлиси, ЕХҲТ дипломатик миссияси раҳбарлари, ҳамда Қозоғистондаги ғарб давлатлари элчихоналарига “авторитар давлат бўлмиш Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислиги самарали кечиши учун ЕХҲТ парламент ассамблеясида Қозоғистонда мавжуд муаммолар юзасидан махсус мажлис ўтказиш ва унда қозоқ мухолиф кучларининг ҳам иштирокини таъминлаш” ҳақида ёзма мурожаат йўллади.

Қозоғистон мухолифати лидерларидан бири Жармахон Туяқбой ушбу мурожаат борасида бундай деди:

- ЕХҲТ жаҳон ҳамжамияти олдида ўз обрўсини сақлаб қолиши учун Қозоғистоннинг фақатгина бойликлари, ресурсларига қизиқмай, балки мамлакатда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги топталиши ва демократиянинг мавжуд эмаслиги каби масалаларга ҳам эътибор қаратмоғи керак. Шу боис биз ЕХҲТ вакиллари ёзма мурожаатимизни жавобсиз қолдирмайди, деган умиддамиз,- деди Жармахон Туяқбой.

Ўз навбатида 14 январ куни АҚШнинг ЕХҲТ Доимий кенгашидаги вакили Кэрол Фюлер Қозоғистон давлат котиби Қанат Саудабаевга мурожаат қила туриб, эндиликда Қозоғистон ўз мисолида ушбу нуфузли ташкилотга аъзо давлатларга ўрнак бўлишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG