Линклар

Халқнинг пули халқдан сир тутилаяпти

  • Гулнора Равшан

Президент Имомали Раҳмон Роғун акциялари сотилишидан тушган даромадни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга ваъда берган эди.

Президент Имомали Раҳмон Роғун акциялари сотилишидан тушган даромадни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга ваъда берган эди.

Тожикистон ҳукумат расмийлари Роғун акциялари сотилишидан топилган даромадини сир тутишмоқда. Мамлакат президенти акциялардан тушган даромад ҳақидаги маълумотлар ошкора бўлишини ваъда қилган бўлса ҳам Молия вазирлиги “бу давлат сири” эканини таъкидламоқда.

Роғун ГЭСи ҳиссалари сотувга чиқарилган 6 январ куни Тожикистон Миллий мажлис раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев Роғун - номус чегараси эканини алоҳидда таъкидлаганди.

Президент Имомали Раҳмон эса Роғун акцияси сотувидан тушган даромад шаффофлигини таъминлаш мақсадида тушумларни деярли ҳар кун оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказиб турилишини ваъда қилган эди.

Бу чақириқ ва ваъдалар ортидан тожикистонликларнинг Роғун акцияларини сотиб олишлари кўпайди.

Бешикдаги чақалоқдан тортиб, ёши бир жойга бориб қолган кекса тожикистонликлар бор будини сарфлаб бўлса ҳам акция сотиб ола бошлашди.

Ёши 80 дан ошиб қолган бир онахон давлат телевиденияси тарғибот дастурларининг бирида юртдошларига мурожат қилиб, кафанлиги учун йиғиб юрган 300 сомоний ( тахминан 69 АҚШ доллари таҳр,.) пулини ёстиғи тагидан чиқариб: “ Мана шу пулни ҳам Роғун учун бераман” деди.

Маҳаллий ахборот воситалари Тожикистон Молия вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда, дастлабки кунларида ҳиссалар сотилишидан тушган даромад 92 миллион долларни ташкил қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо кўп ўтмай Тожикистон ҳукумати расмийлари, жумладан, молия вазирлиги ўзи тарқатган бу маълумотни инкор қилиб, даромадни аввалгидан озроқ кўрсатди. Яъни тахминан 21 миллион АҚШ долларга тенг миқдордаги акция сотилгани эълон қилинди.

Бу ўз навбатида шубҳалар ва ҳамон жавобсиз қолаётган қатор саволларнинг пайдо бўлишига туртки бўлди.

Ҳиссаларни сотиш зиммасида бўлган “Амонатбанк” раиси Мамадамин Мамадаминов оммавий ахборот воситалари вакилларига Роғун ГЭСи акцияларига оид маълумотни оммага тақдим этиш фақат Молия вазирлиги ихтиёрида эканини билдирган.

-Бизнинг вазифамиз эса фақат мижозларга хизмат қилишдир. Банк сирлари қонунига асосан биз банкимизга маблағ топширган шахс сирини фош қилиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Шунинг учун бу борада бирор маълумот бера олмаймиз, - дея уқтирган “Амонатбанк”раиси Мамадаминов.

Молия вазирлиги масъуллари эса “Ҳиссалар даромади бу - давлат сири” лигини уқтиришган.

Акциялар сотувга чиқарилган биринчи кун даромадлар ҳисоботини бериб боришга тайёрлигини билдирган давлат мулозимлари нега бугун буни давлат сирига айлантириб қўйишди?

Мустақил таҳлилчилар фикрича, ҳиссалар сотилишидан тушган даромаднинг аввалига кўп, сўнгра эса бир неча баравар кам кўрсатилиши ва кейинчалик умуман сир тутилаётгани ортида давлат пирамидаси турган бўлса ажаб эмас.

- Акцияларга оид маълумотларнинг кам кўрсатилаётганига шўролар давридаги режабозлик принципига амал қилинаётгани сабаб бўлса ажаб эмас. Собиқ шўролар даврида пахта планини бажара олмаган айрим жанубий республикаларда қўшиб ёзиш касаллиги бор эди. Яна бир сабаби эса ҳиссалар даромадининг қандайдир қисмини ўзлаштириш учун шундай қилинаётган бўлиши ҳам мумкин. Ахир корупция давлат мулозимлари қонида сузади-ку, - дейди мустақил таҳлилчи Исмоил Рахматов.

Бошқа бир мустақил таҳлилчи, иқтисодшунос Ҳожамуҳаммад Умаров Тожикистондек бозори ялонғоч давлатда қимматбаҳо қоғознинг бўлишига шубҳа қилади.

-Қаердаки ҳиссалар тушуми халқдан сир тутилар экан, ўша ерда найрангбозлик бор. Бу ерда шубҳага ўрин қолмайди, - дер экан, Ҳожамуҳаммад Умаров Сангтўда - 1 ГЭСи ҳиссаларидан тушган даромадлар ному нишонсиз кетганини ва Роғун акциялари тақдири ҳам шундай ҳал бўлиши эҳтимоли кучлилигини айтади.

Халқдан тўпланган маблағни халқдан сир тутиш, мустақил таҳлилчи фикрича, ўта кетган саводсизлик нишонасидир.

Эслатиш лозимки, Роғун ГЭСи пойдевори ўтган асрнинг 70 йиллари бошида қўйилган эди. Ўшанда бу йирик гидроиншоот қурилиши, тахминан, 30 фоизга бажарилган.

Аммо СССР қулаши оқибатида Роғун қурилиши ҳам тўхтади.

Йиллар ўтиши билан энергетика тақчиллиги кучаяётган Тожикистонда янги гидроиншоотлар қуриш баробарида Роғун ГЭСини битириш истаги кучайди.

“Роғун ГЭСини тезроқ ишга туширишдан кўзланган асосий мақсад Тожикистонни Ўзбекистон қарамлигидан халос этишдир”, дейди мустақил таҳлилчи Рустам Самиев.

2004 йил Россиянинг РусАЛ ширкати билан Роғун ГЭСи қурилиши борасида икки ёқлама шартнома имзоланди.

Аммо кейинчалик мазкур ширкат раиси Олег Дерипасканинг Ўзбекистон президент Ислом Каримов билан учрашгани ва ГЭС тўғони баландлигини расмий Тошкент истаги бўйича қуришга оид руслар таклифи тожик расмийларига ёқмади.

Шундан сўнг шартнома Тожикистон томондан бир ёқлама бекор қилинди ва РусАл мамлакатдан қувилди.

2007 йил Тожикистон ҳукумати Роғунни ўз кучи билан қуришини эълон қилди.

Ҳукуматнинг бу борада амалга оширган энг сўнгги тадбири Роғун акцияларини ишлаб чиқиш ва сотувга қўйиш бўлди.

Тожикистон Молия вазирлиги 6 миллиард сомоний ёки 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг 5 миллион дона акцияни 6 январ куни сотувга олиб чиқди.

Айни пайтда кузатувчиларга кўра, сиёсий ўйин майдонига айланган Роғун ГЭСи қурилиши атрофида Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларининг даҳанаки жангги тинганича йўқ.

Ўзбекистонни кўпроқ бу иншоот қурилиши ортидан Марказий Осиё экологиясининг хавф остида қолиши ва сув тақчиллигининг вужудга келиши ташвишга солаётир.

Тожикистон парламентига бўлажак сайловнинг тайёргарлик жараёни билан танишиш учун 13 январ куни уч кунлик сафар билан Душанбега келган ЕИ вакили Пер Морел “Тожикистонда қурилажак гидроэнергетик иншоотлар атрофида Ўзбекистоннинг ҳам даъволарига қулоқ тутиш зарурлиги” ни таъкидлаган эди.

Бироқ шунга қарамай Тожикистонда Роғунни тезроқ ишга тушириш мақсадида “мажбурий ватанпарварлик” компанияси авжида.
XS
SM
MD
LG