Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:47

Янги пенсия тизими. Суюнайми ё куюнайми?


ўзбекистонда ҳар бир ишловчи фуқарога 0,3 пенсионер тўғри келади.
ўзбекистонда ҳар бир ишловчи фуқарога 0,3 пенсионер тўғри келади.

Ўзбекистонда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ташкил этилмоқда. Пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур жамғарманинг тузилиши билан мамлакат пенсия тизимида нима ўзгаради?

Ўзбекистон республикаси президентининг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони чиққанига ярим ойдан ошди.

Мазкур фармон, унинг муқаддимасида айтилишича, "пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ўз вақтида молиялаштириш ҳамда уларни тўлиқ ҳажмда тўлаш, шунингдек, республика фуқароларининг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида" қабул қилинган.

Ҳужжатга биноан Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ташкил этиладиган бўлди.

Жойлардан олинган маълумотларга қараганда, вилоятларда шу кунда Пенсия жамғармасининг бошқармалари тузилмоқда.

Масалан, Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи 15 январ куни тайинланди ва вилоят молиячиларига таништирилди.

Бу ҳақда Озодлик мухбири Қўқон шаҳар молия бўлимининг ўзини таништирмаган ходимидан билди.

Хўш, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тузилиши билан мамлакат пенсия тизимида нима ўзгаради?

Жамият ва қонуннинг бугунги сонида шу савол жавобини излаймиз.

Андижон вилоят молия бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими билан ўртамизда мана бундай савол-жавоб бўлиб ўтди.
Ходимдан "Пенсия тўлаш билан энди сизлар шуғулланасизларми?" деб сўрадик.

- Бизга ўтмади, ака. Молия вазирлигининг қошида пенсия жамғармаси очилди. Ўшаларга ўтди.

Озодлик: Вилоятларда сизлар қилмайсизларми бу ишни?

- Вилоятларда пенсия жамғармасининг бошқармаси очилди. Улар қилади.

Озодлик: Сизларнинг қошинглардами у?

- Молия вазирлигининг қошида. Улар прямо Молия вазирлигига бўйсунади.

Озодлик: Сизларга бўйсунмайдими?

- Йўқ.

Озодлик: Ўзи умуман нима ўзгараяпти?

- Нима деса бўлади. Буни гапираман десам ниҳоятда гап кўп. Бир бошдан сизга айтиб чиқишим керак-да. Юзма юз ўтириб гаплашсак¸ айтиб беришим мумкин-да. Телефонда етказиб бериш қийин.

Озодлик: Энг асосий принциплар, яхши бўлаяптими ëмон бўлаяптими?

- Яхши томонга ўзгараяпти. Албатта яхши томонга ўзгараяпти. Пенсионерларнинг ўз вақтида пенсияларини олиши¸ узилишлар бўлишининг олди олинаяпти, ака. Пенсионерлар пенсиясини осонроқ олиши учун қўлланилаëтган чора бу¸ - дейди Андижон вилоят молия бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Шундан сўнг Тошкентга, Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси раҳбариятига қўнғироқ қилдик. Жамғарма етакчиларидан бири Мухтор ака Маннонов Озодлик саволларига телефон орқали жавоб беришни истамади.

Икки хил пенсия тизими

Пенсия тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар тўғрисида ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловдан сўрадик.

"Шу пайтгача Ўзбекистоннинг пенсия тизими солидар пенсия тизими эди", дейди у.

- Солидар тизимига асосланга пенсия тизимида фуқаро маълум бир вақтда ишлаган ўртача ойлиги олинади. Йиғиб боришга асосланган пенсия тизимида¸ бу ҳозир жорий қилинаëтган пенсия тизими¸ пенсия фондини ўзидаги маблағ орқали кўпайтириши мумкин¸ - дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистон президенти фармони билан жорий этилаётган янгиликни тушуниш учун ҳозир эшитганингиз асосий гапни уқиб қўйишимиз керак эди.

Нима учун янги тизимга ўтмоқдалар?

Келинг, энди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов билан ўтказганимиз суҳбатни бир четдан эшитайлик.

Озодлик: Сиз шу масалани ўрганган мутахассис сифатида бу ислоҳотни тўғри¸ прогрессив қадам деб айта оласизми?

Суҳроб Исмоилов: Ҳозирги пайтдаги долзарб муаммолардан бири пенсия муаммоси. Бу амалга оширилаëтган ислоҳот реал бозор механизмлари билан таъминланмаса¸ охирига етмай қолади деган қўрқиш мавжуд. Буни асослаб берадиган бўлсак¸ мана қўлимизда бор маълумотлар 2005 йилдаги маълумотлар¸ шу маълумотларга кўра¸ Ўзбекистон пенсия тизими 3 миллионга яқин пенсия олувчи фуқароларни қамраб олар экан. Назарий жиҳатдан қарасак¸ Ўзбекистонда пенсия тизимининг шароитлари жуда яхши. Ҳар бир ишловчи фуқарога 0¸3 пенсионер тўғри келади. Бу иқтисодий жиҳатдан пенсиня тизими учун қулай шароит. Лекин бу назарий жиҳатдан.

Аслини олиб қарасак¸ Ўзбекистон пенсия тизими Совет Иттифоқи даврида давлатнинг бениҳоя иқтисодиëт ишларига аралашиши натижасида юзага келган солидар пенсия тизимига асосланган. Ўша пенсия тизими бизда сақлаб қолинди. Пенсия тизимининг ислоҳоти Ўзбекистонда фақат бу йилгина эмас¸ 2005 йилда бошланди.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилда Ўзбекситонда солидар пенсия тизими биланя биргаликда йиғиб боришга асосланган пенсия тизимини параллел равишда жорий қилишни қарор қилган эди. Бу иккала тизимнинг бир-биридан фарқи шундаки¸ солидар тизимига асосланган пенсия тизимида фуқаро маълум бир вақтда ишлаган ўртача ойлигини олади. Йиғиб боришга асосланган пенсия тизимида ўзидаги маблағ билан пенсия фондининг фоизини кўпайтириши мумкин.

Бу қонун бундан тўрт йил олдин қабул қилинган эди. Ўша пайтда “Мана шу тизим жорий қилинади” деб эълон қилинган эди. Куни кеча эълон қилинган президент қарорида биз бунинг давомини кўраяпмиз. Агар бу реал бозор иқтисодиëтлари билан таъминланмаса¸ жамғармаларни сақлаб турувчи банкларга фуқароларнинг ишончи паст бўлса¸ банклар рисоладагидай ишламаса¸ молиявий тизим ëпиқ бўлса¸ ҳисоботлар бериш амалиëти йўқ бўлса¸ жорий қилинаëтган ислоҳотлар барибир ўз мақсадига етишмайди деган қўрқиш мавжуд.

Озодлик: Сиз Ўзбекистон пенсия тизими учун жуда қулай шароит деяпсиз. Битта ишловчига 0¸3 пенсионер тўғри келади. Шундай экан солидар тизимни сақлаб қолса бўлмасмиди? Нимага керак бўлаяпти янги тизимга ўтиш?

- Солидар тизимида иқтисодиëтда давлатнинг ўрни ҳам расман¸ ҳам амалиëтда жуда кучли бўлган. Бундай олиб қарасак¸ маъмурий бошқарув тизимига асосланган иқтисодиëтлар учун солидар тизим тўғри келади. Бундан бошқаси бўлмасди ҳам. Ўзбекистон мустақиллик йилларидан бери бозор иқтисодиëтига асосланган¸ шу билан бирга кучли ижтимоий ҳимоя элементини ўз ичига оладиган йўналишни ўзига танлаб олган.

Мана шунақа йўналиш расмий доираларда жуда кўп такрорланади. Шунинг учу давлат 2005 йилдан бошлаб солидар тизимни сақлаб қолган ҳолда бир-икки фуқаро давлат минимал даражада кафолатлайдиган пенсиядан ташқари ўзининг жамғармасини кўпайтирмоқчи бўлса¸ йиғиб бориш тизимига асосланган тизим орқали мана шу тизим ҳам жорий қилиб борилди.

Ўтган йили мана шу соҳадаги ислоҳотга туртки берувчи қарор қабул қилинган эди. Бу қарорнинг асосий мазмуни шундан иборат эдики¸ илгари фуқаронинг барча ишлаган йиллари ҳисобга олинса¸ бу қарор билан 2009 йил 1 январдан Ўзбекистон пенсия тизимида битта ўзгариш юз берди¸ фуқаро охирги 10 йиллигидан битта беш йилликни ўз ихтиëрий равишда танлайди ва мана шу беш йилликдаги ўртача ойлиги пенсия учун асос бўлади. Мана шу қарор ҳам жуда эътибордан четда қолди.

Пенсионерларнинг ўзи¸ ҳуқуқ ҳимоячилари бехабар қолди. Бу ҳам пенсионерлар ҳуқуқларини поймол қиладиган қарор ҳисобланади. Чунки уларнинг 10 йилликдан олдинги меҳнатлари ҳисоб-китобга ўтмай қоладиган бўлаяпти¸ - дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

47 минг сўм билан пенсияга чиққан ҳоким

Келинг, шу ўринда бошқа бир ўзбекистонлик – наманганлик пенсионер Абдураҳим ака билан ўтказганимиз суҳбатдан парча тингланг. Бу парчанинг Суҳроб Исмоилов айтган сўнгги гапга бевосита алоқаси бор.

- Яқин йилларгача пенсияга чиқаëтганимизда энг яхши ишлаган беш йилликни танлардик-да, беш йиллик иш ҳақидан энг юқориси билан 75 фоиз даражада пенсия белгиланар эди. Шунақа бўлиб келган эди. Мана яқинлардан бошлаб охирги 10 йилликни ҳисоблаймиз дейишди. Ҳатто шунақа воқеалар бўлдики¸ районимизнинг ҳокими кейинги 10 йилликдаги ойлигини ҳисобласа¸ у ҳам фермер бўлиб ишлаган¸ 49 минг пенсия ҳисобланибди.

Масалан, мен ўртача 150 минг пенсия оладиган бўлсам¸ уники 49 минг. У буни ўзига ҳақорат деб билиб¸ “Мен бу пенсияни олмайман. Кечдим” деб аразлаб чиқиб кетибди. Ҳозир айтишларича¸ унисини-бунисини қўшиб 100 мингча қилиб қўйишибди. Районда ҳоким бўлган одамга бу. Ҳозир шунақа бўлаëтган эди. Янги бўлган ислоҳни билмайман, қанақа бўлаяпти¸- дейди Абдураҳим ака.

Ўша, қанақа бўлаётганини тушунишга ҳаракат қилаяпмиз.

Ичида эскиси бўлган янги тизим

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Солидар пенсия тизими 1 январдан бошлаб йўқ бўладими?

Суҳроб Исмоилов: Йўқ. Солидар тизим қолаяпти. Шу билан бирга ҳукумат йиғиб бориш тамойилига асосланган тизимни бундан бу ëғига кучайтириб боради.

Озодлик: Демак¸ янги пенсия жамғармасининг асосида шу пайтгача ишлаб келган принциплар ëтади.

- Ҳа¸ ундан бутунлай воз кечилгани йўқ. Совет даврида солидар тизим ҳукмрон бўлган бўлса¸ ҳозир ҳам мана шу тизим асос қилиб сақланиб қолинаятпи¸ лекин¸ бозор иқтисодиëти йўналиш қилиб танланди дедик¸ шунга мос келиши учун йиғиб бориш тамойилига асосланган пенсия тизими ҳам параллел равишда жорий этилаяпти.

Реал бозор механизмлари билан бу таъминланмаса¸ бунинг охирига етиш қийин бўлади. Биринчидан¸ фуқароларимиз банкларга унчалик ишонмайди. Иккинчидан¸ охирги йилларда кўпгина фуқароларимиз ўзларининг расмий меҳнат стажларини оширадиган ва йилларига йил қўшиб борадиган кўпгина ишлаб чиқариш жойлари ëпилаяпти. Ишсизлик суръатлари кескин ўсиб бораяпти. Кўпгина оилаларимиз ўз даромадларини расмий иш манбаларидан эмас қанақадир ҳисоб-китобда турмайдиган ва статистикада юрмайдиган турли хил манбалардан олиш нормал ҳолатга айланиб қолаяпти.

Шунинг учун бозор механизмларини таъминлаш томонлари ўйлаб кўрилмас экан¸ ҳозирги пайтда параллел жорий қилинаëтган жамғарма реформаси ҳам ўзининг кўзлаган ижобий мақсадларига олиб келиши жуда қийин¸ - дейди Суҳроб Исмоилов.

Заифлик банкларданми?

Шу ўринда яна бир пенсионернинг, фарғоналик Маъруфжон аканинг айтганларини эшитинг. У кишидан Ўзбекистондаги пенсия тизимининг заиф томонлари тўғрисида сўрадик.

- Пенсия таъминотида энг заиф томони пенсиянинг ўз вақтида берилмаëтгани. Нақд пулнинг йўқлиги туфайли дейишади. Нақд пулнинг йўқлиги банкнинг муаммоси бўлиши керак. Чунки бу корхона ва ташкилотлар банкка хизмат қилмайди. Аксинча банк корхона ва ташкилотларга¸ аҳолига хизмат қилади. Нима учун ўзи хизмат қилаëтган аҳолисининг пулини банк ўз вақтида бермайди деб банк раҳбарларини чақириб олиб талаб қиладиган на ҳукумат бор¸ на Олий Мажлис бор. Мен шунисига ҳайрон қоламан холос¸ - дейди Маъруфжон ака.

Худди шу гапни айтмадими ҳозиргина ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Гапнинг лўндаси ёки Ўз ғамингизни ўзингиз енг

Озодлик: Мана боядан бери сиз билан гаплашаяпмиз. Эрта-индин пенсияга чиқишини кутиб турган катта одам иккаламизнинг суҳбатимизни эшитиб туриб “Тўхтанглар йигитлар. Мен бу янгиликдан куюнайми суюнайми? Лўндасини айтинглар” дейди. Нима деган бўлардингиз?

Суҳроб Исмоилов: Ҳар битта фуқаромиз ўзларига ишонсинлар. Иложи борича давлатдан боғлиқлик жойларини камайтиришга ҳаракат қилсинлар. Мана шу бутун дунëдаги ривожланган мамлакатлардаги одатий ҳолат. Ҳар бир фуқаро ўзининг ғамини есин. Мен фуқаро сифатида¸ келажакда Худо хоҳласа биз ҳам пенсионер бўлармиз¸ кўпроқ йиғиб бориш тизимига асосланган жамғарма биринчи ўринга ўтиб олса¸ мен шунинг тарафдориман. Лекин бунинг учун банкларимиз¸ молия институтларимиз яхши¸ ишончли ишлаши керак.

Озодлик: Ўша тизимнинг биринчи қадами дейиш мумкинми президент қароридан келиб чиқиб қилаëтган ҳаракатларни?

- Албатта¸ буни дастлабки қадам десак бўлади. Лекин ижобий мақсадларга етишишга анча йиллар бор шекилли¸- дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG