Линклар

Афғон депутатлари ҳукумат таркибини муҳокама қилдилар


Афғонистон парламенти янги ҳукумат таркибини муҳокама қилди.

Кобулдан олинган хабарларга кўра, депутатлар Ҳамид Карзай томонидан ҳукумат таркибига иккинчи маротаба тақдим қилинган 17 номзоддан 7 тасини тасдиқлаган.

Айтилишича, депутатлар Ташқи ишлар вазири лавозимига Залмай Расул, Адлия вазири лавозимига Ҳабибуллоҳ Ғолиб ва Диний масалалар бўйича вазир лавозимига Муҳаммад Ниёзий номзодларини маъқуллаганлар.

Бироқ Олий таълим вазири лавозимига кўрсатилган Муҳаммад Ҳошим ҳамда бир қатор номзодлар депутатлар томонидан рад қилинган.

Айни пайтда Ҳамид Карзай маъмуриятига кўра, президент янги рўйхатдаги номзодларнинг аксари маъқулланмаганидан таажуб билдирган.

Бундан икки ҳафта муқаддам Афғонистон парламенти президент Ҳамид Карзай томонидан янги ҳукумат таркибига тақдим қилинган 24 номзоддан 17тасини рад этди. 9 январ куни эса Карзай ўзгартирилган янги ҳукумат таркибини қайтадан мамлакат парламентига тақдим қилди.

Афғонистон парламенти депутатлари янги ҳукумат таркибига киритилган айрим номзодларнинг етарлича малакага эга эмаслиги ҳусусида шикоят қилиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG