Линклар

Украина сайлов арафасида


Украинада москвапараст сиёсатчи Виктор Януковичнинг ҳокимият тепасига келиши башорат қилинмоқда.

Украинада москвапараст сиёсатчи Виктор Януковичнинг ҳокимият тепасига келиши башорат қилинмоқда.

17 январ куни Украинада президент сайлови бўлиб ўтади. 2005 йилда Украинада рўй берган Зарғалдоқ инқилобидан буён биринчи маротаба ўтказилаётган бу сайловда москвапараст номзод Виктор Януковичнинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда

Боиси кўпгина украиналикларнинг иқтисодни ислоҳ қилиш ва коррупцияни илдизи билан йўқотишга оид амалдаги президент ваъдаларидан тоқати тоқ бўлган кўринади.

Айни пайтда президент сайловида яхши натижага эришиши мумкинлиги айтилаётган Зарғалдоқ инқилоби қаҳрамонларидан бири Бош вазир Юлия Тимошенко мамлакат фуқароларининг уни қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.

Украинада президент сайлови яқинлашар экан, президентликка номзодлар ҳам сайловолди кампаниясидан тўлақонли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилдилар.

Ҳусусан, мамлакат Бош вазири Юлия Тимошенко ўзининг сайловолди кампанияси давомида мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш, Россия ҳамда ЕИ билан алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда берди. Бундан ташқари Тимошенко президент этиб сайлангудек бўлса, Украинани қудратли ва сиёсати Ғарбга йўналтирилган давлатга айлантириш, унинг устивор вазифаларидан бири бўлажагини таъкидлади.

-Беш йиллик президентлигим даврида Украинанинг Европа Иттифоқи сафига қўшилиши учун барча имкониятларни ишга соламан,-деди Юлия Тимошенко.

Бош вазир, шунингдек, Украинани чуқур иқтисодий таназзулдан қутқаришга ва жаҳондаги иқтисодий тараққий этган давлатлар даражасига олиб чиқишга сўз берди.

Бироқ бу мушкил вазифадир. Украинанинг машхур шахслари ва санъаткорлари Тимошенко учун овоз беришлари мумкин ва бу давлатда сиёсатдан кўра шахсиятга овоз бериш муҳим омилдир.

Бироқ сайлов арафасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари Украина мухолифати раҳбари Виктор Януковичнинг давлат раҳбари лавозимига биринчи даъвогар, Бош вазир Юлия Тимошенконинг эса иккинчи ўринда эканини кўрсатмоқда.

2004 йилда амалга оширилган “Зарғалдоқ инқилоби”да Януковични мағлубиятга учратган ҳозирги президент Виктор Юшченконинг бу галги сайловда мағлубиятга учраши ва иккинчи давра сайловларга ўта олмаслиги кутилмоқда.

Жума куни президентликка асосий даъвогар бўлган Тимошенко ўз рақиби Януковични давлатни бошқара олмаслигини таъкидлаб, унинг сайланиши Зарғалдоқ инқилобидан сўнг демократия соҳасида қўлга киритилган ютуқларни пучга чиқариши ҳусусида огоҳлантирди.
Януковични саноат ҳудуди ҳисобланган ва асосан рус тилида гапириладиган Украина шарқи қўллаб-қувватламоқда. Тимошенко ўз навбатида Янукович етакчилигидаги Регионлар партиясини айнан ушбу ҳудудда овозларни соҳталаштиришга тараддуд кўрганликда айблади.

Бироқ Янукович Бош вазир иддаоларини инкор қилиб, сайловни Тимошенко ҳукумати назорати остида бўлган идоралар ўтказаётганини таъкидлади.

Януковичнинг Регионлар партияси расмийларидан бири Борис Колесников Зарғалдоқ инқилоб етакчиларини оддий халқни алдаганликда айблади.

-Зарғалдоқ инқилоби чоғида фуқаролар ҳақиқат учун курашганлар. Бироқ майдон ташкилотчилар оддий фуқароларни унитиб, эртасига Украина мол-мулкини бўлиб, конкурентлар бизнессини тортиб ола бошладилар,-дейди Борис Колесников.

Айни пайтда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти матбуот вакили Йенс Ҳаген Эшенбаҳер ташкилотнинг 600га яқин кузатувчиси якшанба куни ўтказиладиган сайловни назорат қилишини маълум қилди. Бундан ташқари Украинадаги сайловни мингдан зиёд халқаро кузатувчи, жумладан, МДҲдан келган кузатувчилар ҳам назорат қиладилар.

Сайлов натижаларининг келаси ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG