Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:17

ЕХҲТ кузатувчилари Тожикистонга келмоқда


Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Муҳибулло Додожоновнинг айтишича, парламент сайловлари демократик тарзда ўтади.
Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Муҳибулло Додожоновнинг айтишича, парламент сайловлари демократик тарзда ўтади.

28 февралда Тожикистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини 400 нафар хорижлик эксперт кузатади. 18 январ куни сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёни ҳамда унинг ўтказилишини кузатиш мақсадида ЕХҲТ нинг 25 нафар кузатувчиси Тожикистонга келади.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси расмийси Муҳибулло Додожоновнинг билдиришича, ЕХҲТ экспертларининг яна 140 нафардан иборат каттагина гуруҳи Душанбега сайлов арафасида келади.

Расмийнинг маълум қилишича, Тожикистон парламент сайловларини МДҲ давлатларидан келиши кутилаётган яна 150 нафар эксперт ҳам кузатиб боради.

-Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тахминан 20 делегати олдинда турган сайловларда қатнашади, - дея билдирди Марказий сайлов комиссияси масъули.

Додожоновнинг айтишича, Америка Қўшма Штатлари ва Канадада яшаётган бухоролик яҳудийлар бирлашмаси ҳам Тожикистон парламент сайловларини кузатиш истагини билдириб, ўз вакилларини юборишга ҳозирлигини маълум қилган.

Бироқ Тожикистондаги сиёсий партия вакилларининг аксарияти мамлакатда парламент сайловининг шаффоф, демократик ва эркин ўтишига халқаро кузатувчилар таъсир кўрсатиши мумкинлигига ишонмасликларини айтишади.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий халқаро ташкилотлар ва улар юборган кузатувчилардан олдинги сайловлардаёқ ихлоси қайтганини айтади:

-Халқаро ташкилотлар, Европа Иттифоқи ва ЕХҲТдан келган кузатувчилар бизга демократик, шаффоф ва адолатли бир сайловни ташкил қилиб беришига ишонадиган ҳамда уларга суяниб иш кўрадиган романтизим даври ўтди. Ҳозирда биз фақатгина ўзимиздаги сиёсий партияларга ишонамиз ва уларнинг халқимиз тақдири учун муҳим сиёсий тадбирда фаолроқ бўлишига умид қиламиз, холос,- дейди Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон Социал демократик партия раиси Шокиржон Ҳакимов ҳукумат сиёсий тадбирларга Тожикистон сингари демократияга фақат қоғоздагина амал қилиб келаётган давлатлардан кўпроқ кузатувчи чақиришини айтади.

“ Шуни назарга олган ҳолда, - дейди у, - хорижлик экспертлар сайловларнинг шаффоф ва демократик ҳамда эркин ўтишига кўмаклаша олмайди”.

Шокиржон Ҳакимов сўзида давом этиб:

-Демократия билан муаммоси бўлган бу давлатлар кузатувчилари манфаатлар умумийлигини назарга олган ҳолда, сайлов жараёнида кузатилаётган камчиликларни кўрмасликка олишади.

Бу ўз навбатида демократик тамойилларнинг оқсаши ҳамда ташвишларга сабаб бўлади, - дея мулоҳаза билдиради.

Шокиржон Ҳакимов ўз партияси мамлакатда ўтказилажак сайловни кузатиб бориш мақсадида ўндан ортиқ маҳаллий кузатувчи ва ёрдамчи ходимлар тайёрланаётганини айтди.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси расмийси Муҳибулло Додожонов шу йилнинг 28 февралида бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловларини халқаро ва маҳаллий экспертлар қаторида журналистлар ҳам кузатиб бориши мумкинлигини маълум қилди.
Расмийнинг билдиришича, шунингдек, журналистлар ҳам овоз бериш бюллетенларини санаш жараёнида қатнашишади ва бу Тожикистон тажрибасида илк бор йўлга қўйилмоқда.

-Агар журналистлар сайловимизни беғараз кузатишса, уларнинг бу маракада бошдан оёқ қатнашишлари учун ҳеч ким қаршилик қилмайди, - дея таъкидлади Марказий комиссия расмийси.

Тожикистон парламентига олдинги сайлов 2005 йил февралида бўлиб ўтган эди.

Ўшанда сайлов натижаларидан аксарият сиёсий партиялар норози бўлиб, унинг нодемократик ўтказилганини айтишган эди.
Шунингдек, ЕХҲТ идораси ўтган сайловларда кўзбўямачилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва сайлов қонунларига зид ҳолатлари кузатилганини очиқлаганди.

Халқаро ташкилот кузатувчилари сайлов амалдаги президент Имомали Раҳмон партияси саналмиш Тожикистон Халқ демократик партияси фойдасига бир томонлама якунланганини билдиришган эса-да, Тожикистон ҳукумати ҳозирга қадар бу иддаолар асоссизлигини уқтириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG