Линклар

Қудратли давлатлар Эрон ядровий дастурини муҳокама қилдилар


Жаҳоннинг қудратли олти давлати вакиллари Эронга нисбатан янги санкцияларни жорий қилиш масаласини муҳокама қилдилар.

Ню Йоркда бўлиб ўтган учрашувда Буюк Британия, Хитой, Франция, Россия, АҚШ ва Германия вакиллари, шунингдек, Эроннинг октябр ойида уранни ядровий ёнилғига айрибошлашга оид Атом энергияси халқаро агентлиги таклифларига берган жавобини муҳокама қилдилар.

Мазкур учрашувга раислик қилган ЕИ расмийси Роберт Купер жаҳоннинг қудратли олти давлати вакиллари Эрон халқаро ҳамжамият таклифларига риоя қилмагани ҳусусида якдил бўлганликларини маълум қилди.

-Биз Эрон Женева учрашувида эришишга муваффақ бўлган муҳим масалаларни рад қилган деган ҳулосага келдик. Боиси Теҳрон ядровий дастур юзасидан қўшимча сўзлашувлар олиб борилишини инкор қилиб келмоқда,-деди ЕИ расмийси.

Россия расмийси Сергей Рябков, ўз навбатида, учрашувда конкрет бир қарор қабул қилинмаганини билдирди. АҚШ вакили Уилиямс Бернс сўзлашувларни “самарали” дея атади.

Жорий ҳафта АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон "Обама маъмурияти ядровий дастур масаласида Эронга босим ўтказишнинг энг мақбул йўли бу давлатга нисбатан янги санкцияларни жорий қилиш", деб ҳисолашини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG