Линклар

logo-print

Украинада президентлик сайлови ўтаяпти

  • Фаррух Юсуфий

Украинада 37 миллион сайловчи рўйхатга олинган.

Украинада 37 миллион сайловчи рўйхатга олинган.

Украинада беш йил аввалги Зарғалдоқ инқилобидан бери биринчи президентлик сайлови ўтказилмоқда. Cўровларга кўра, Россияпараст собиқ Бош вазир Виктор Янукович бу пойгада олдинда кетмоқда, жорий Бош вазир Юлия Тимошенко эса унинг асосий рақиби сифатида кўрилмоқда.

Эрталабки соат саккизда иш бошлаган овоз бериш участкалари тунги соат ўн иккигача очиқ бўлади.

Украина бўйлаб рўйхатга олинган 37 миллион сайловчи овозлари учун 18 номзод курашмоқда.

Овоз беришининг биринчи даврасида номзодларнинг бирортаси мутлақ кўпчилик овозни ололмаса, сайловнинг иккинчи босқичи 7 феврал куни ўтказилади.

Сўровларга кўра, президентлик пойгасида Россияпараст собиқ Бош вазир Виктор Янукович олдинда кетмоқда.

Януковичнинг 2004 йил сайловда мунозарали тарзда ғалаба қозонгани демократик қарашлардаги украиналикларнинг кўчага чиқиб, Зарғалдоқ инқилобини ясашига сабаб бўлган эди. Ўшанда Януковичнинг ғалабаси бекор қилинганди.

Бу сафарги президентлик сайловида Януковичнинг асосий рақиби ҳисобланган Зарғалдоқ инқилоби йўлбошчиларидан бири ва жорий Бош вазир Юлия Тимошенко ҳам кейинги пайтларда Москва билан яқин алоқаларни ўрнатишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Озодлик радиосининг Киевдаги мухбири Грегори Файферга кўра, иқтидордаги президент Виктор Юшченконинг сайловда ғалаба қилишга умид қилмаса ҳам бўлади. Айтилишича, сайлов олдидан ўтказилган сўровларга кўра, ғарабпараст қарашлардаги Юшченконинг рейтинги аранг 3 фоизни ташкил қилган.

Лекин якшанба куни эрталаб Киевдаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Юшченко ғалаба қилишига ишончи комил эканини таъкидлади.

"Сайловлар,- деди жорий президент - Украинанинг эркин сайловларга шароит яратиб бера оладиган Европа мамлакати эканини намойиш этади".

“Ҳаммангизга ва Украина халқига европачасига сайловлар ва кўп йиллик бахт тилайман”, деди Юшченко.

Сайлов олди кампанияси давомида иқтидордаги президент Янукович билан Тимошенко Кремлпараст кучлар экани ва Украинанинг мустақиллигига таҳдид солишини айтиб келди.

Януковични асосан Украинанинг русийзабон ва саноатлашган шарқий ва жанубий минтақалари қўллаб-қувватлайди.

Киевда овоз бериб бўлгач, Янукович тўпланганларга рус тилида мурожаат қилиб, украиналиклар ҳаётини яхшилаш мақсадида ҳам Европа, ҳам Россия билан ишлаш ниятида эканини таъкидлади.

“Мен Европа ва Россия ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатлари билан иш олиб ораман”, деди Янукович.

Тимошенко ўз сайлов олди платформасини ўзини Украинани қутқара оладиган ягона сиёсатчи, қилиб кўрсатиш стратегиясига қурди. Украинага беш йил ичида Европа Иттифоқи аъзолигини олиб бериш унинг сайлов олди ваъдаларидан бири бўлди.

“Бугун бир номзодни танлаш ҳақида гап кетмаяпти, бугун Украина ўзининг ўн йилликларга татийдиган келажагини танлаяпти”, деди Тимошенко ўзи туғлиб ўсган Днепропетровскда овоз бериб бўлгач.

Президентлик сайлови халқнинг Зарғалдоқ инқилобидан кутган катта ўзгаришларга оид умидлари амалга ошмаганидан хафсаласи пир бўлиб турган руҳда ўтмоқда.

Хусусан, Қрим Мухтор Республикасида сайловчиларнинг овоз беришнинг биринчи босқичига катта қизиқиш кўрсатмаётгани айтилмоқда. Қрим татарлари миллий мажлисининг раиси Мустафо Жалилов Озодлик радиосига берган суҳбатида, жумладан, бундай деди:

“Сайловчилар жуда фаол иштирок этмоқда, деб айта олмайман. Чунки ҳозир халқ орасида қандайдир ноаниқлик муҳити сезлиб турибди. Бир сўз билан айтганда, 2004 йилдаги президентлик сайловларида кузатилган эҳтиросли воқеалар бугун йўқ. Лекин ўлашимча, сайловнинг иккинчи босиқичида кураш кескинроқ бўлади. Ҳозир сайловчилар 18 номзод ичидан танлаши керак, шунинг учун ҳам курашда қандайдир кескинлик кузатилганича йўқ”

Қрим татарлари орасида ҳам алоҳида бир номзодни қўллаб-қувватлаш бўйича якдил қарор йўқ, деб қўшимча қилади Мустафо Жалилов.

“Бундай сайловлар ўтказилганда Қрим татарлари у ёки бу номзодни қўллаб қувватлаш ҳақидаги қарорни ўз миллий қурултойида чиқаради. 5 декабр куни ўтказилган охирги қурултойимизда алоҳида бир номзодни қўллаб-қувватлашга оид аниқ қарорга келмадик. Биз ўз миллатдошларимизга демократик кучлардан бўлган номзодларга овоз беришни тавсия қилиш ҳақида қарор чиқардик. Бундай номзодлар эса бир нечта, жумладан, Тимошенко, Юшченко, Костенко ва Гриценколардир. Иккинчи босқичга ким чиққани аниқлангач, Қрим татарлари миллий мажлиси улардан қай бирини қўллаб-қувватлаш бўйича келишиб олади албатта”, дейди Қрим татарлари миллий мажлисининг раиси Мустафо Жалилов.

Айни пайтда киевлик сайловчилар орасида ҳам кимга овоз берсам экан, деган саволга жавоб топа олмаганлар талайгина. Ўзини Сергей, деб таништирган сайловчи ана шундайлардан бири.

“Кимга овоз беришни билмайман. Сайлов участкасига борганимда бир қарорга келарман”, дейди Сергей.

Киевлик яна бир сайловчи Светлана Марчук Тимошенкога овоз берганини айтади. Кейинги беш йил давомида ҳукуматдан хафсалам пир бўлган бўлса-да, Зарғалдоқ инқилоби кўплаб ўзгаришларни олиб келди, дейди Светлана.

“Ўйлашимча, бизда сўз эркинлиги ва демократия анча юқори даражага кўтарилди, лекин ҳозир биз иқтисодни ўнглашимиз керак бўлади”, дейди Светлана Марчук.

Мамлакат бўйлаб сайлов жараёнида қонунбузарликлар рўй берганига оид хабарлар пайдо бўлди.

Украинадаги президентлик сайловини кузатгани минглаб халқаро кузатувчилар келган, жумладан, ЕХҲТнинг 600 нафар кузатувчиси мамлакат бўйлаб сайлов участкаларига ташланди.
XS
SM
MD
LG