Линклар

АҚШ Давлат котиби Ҳаитига борди

  • Ҳасанжон

Ҳаити президенти Рене Превал (ўнгда) билан учрашган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон (чапда) АҚШ Ҳаитига ёрдам беришини айтди.

Ҳаити президенти Рене Превал (ўнгда) билан учрашган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон (чапда) АҚШ Ҳаитига ёрдам беришини айтди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 12 январ куни содир бўлган кучли зилзила қанча зарар етказгани ва юзага келган вазият билан яқиндан танишиш мақсадида Ҳаитига борди. Клинтон Ҳаити табиий офатдан “кучли ва яхши” давлат бўлиб қайта оёққа туриши учун Қўшма Штатлар қўлдан келганча ёрдам беришини айтди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 12 январ куни Рихтер ўлчови бўйича 7 балл куч билан зилзила содир бўлган Ҳаитига келган ғарблик юқори лавозимли биринчи расмий бўлди.

Сўнгги 200 йил ичида содир бўлган энг кучли зилзила экани айтилаётган ушбу табиий офат натижасида 40 минг одам ўлгани тахмин қилинмоқда.

- Президент Барак Обама айтганидек, биз бу ерда бугун, эртага ва ундан кейин ҳам бўламиз. Шахсан мен Ҳаити халқи бардошли ва иродаси мустаҳкам халқ эканини биламан, - деди АҚШ Давлат котиби.

16 январ куни Ҳаитига борган Клинтон АҚШ Ҳаити президенти илтимосига кўра, бу мамлакатга махсус қутқарувчилар гуруҳлари, минглаб қўшин ва гуманитар ёрдам жўнатганини айтди.

Давлат котиби Ҳаити Бош вазири билан учрашиб, гуманитар ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Ҳаити президенти Рене Превал АҚШ собиқ президентлар Билл Клинтон ва Жорж Бушни ҳам Ҳаитига ёрдам кўрсатиш ташаббусига жалб этгани учун президент Барак Обамага миннатдорлик билдирди.

- У, яъни Барак Обама икки собиқ президент Буш ва Клинтонни Ҳаити учун махсус жамғарма тузиш йўлидаги сўнгги ташаббусига жалб этгани Ҳаитини қўллаб-қувватлаш йўлидаги катта уринишдир, - деди президент Превал.

Айни пайтда БМТ зилзиладан беш кун ўтганига қарамай, кулаган бинолар деворлари остида тирик қолган одамларни қидириб топиш учун қутқарувчи гуруҳлар тинимсиз иш олиб бораётганини билдирди.

Шу кунгача вайрон бўлган бинолар остидан 70 киши тирик қутқариб олинди.

Ҳаитида 1 минг 800 нафар мутахассисдан иборат бўлган 40дан ортиқ қутқарувчи гуруҳ 160та искович ит билан вайрон бўлган ҳудуднинг 60 фоизини текширувдан ўтказди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти табиий офат оқибатида 40 мингдан 50 минггача одам нобуд бўлганини айтмоқда.

Ҳаити ҳукумати маълумотига кўра, зилзила натижасида 250 минг одам жароҳатланган, юз минглаб одам бошпанасиз қолган.

Шунингдек, БМТ ташкилотнинг Ҳаитидаги Миссияси бошлиғи Хеди Аннаби ва унинг ўринбосари Луиз Карлос да Коста ҳам зилзила пайтида нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG