Линклар

БМТ Бош котиби Ҳаитига борди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун кучли зилзиладан зарар кўрган Ҳаитига сафар қилди. Бош котиб бу ерда кенг кўламли халқаро гуманитар ёрдамни уюштиришни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқчи.

Бан Ки Мун сафари арафасида Ню Йоркда қилган чиқиши чоғида “Ҳаитига мўлжалланган ёрдамнинг бир доллари ҳам бесамар кетмаслиги керак”, деди. Унинг айтишича, БМТ шу кунда 40 минг гаитиликка озиқ-овқат ёрдами бермоқда, бироқ бу рақам бир ойнинг ичида 2 миллионга етиши мумкин.

БМТ Бош котибидан олдин Ҳаитига АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон сафар қилди.

Мамлакат президенти Рене Превал билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг Ҳиллари Клинтон АҚШ ҳукумати Ҳаитини қайта тиклашга кўмаклашишини билдирди.

- Мен Ҳаити фуқароларини ишонтирмоқчиманки, АҚШ Ҳаити дўсти, ҳамкори ва тарафдоридир. Биз президент Превал бошчилигидаги Ҳаити ҳукумати билан бирга ишлаб, қўлдан келганича ёрдам берамиз, деди Ҳиллари Клинтон.

Айни пайтда АҚШнинг икки собиқ президенти Жорж Буш ва Билл Клинтон Ҳаитига ёрдам бериш мақсадида тузилган махсус жамғармага раҳбар этиб тайинландилар.

Ҳаити Ички ишлар вазирига кўра, шу кунгача зилзиладан нобуд бўлганлар сони 50 минг кишига яқинлашиб қолган. Зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилар экан, қурбонлар сонининг 100-200 минг ўртасида бўлиши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG