Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:58

Сўғдда ташландиқ болалар сони ортиб бормоқда


Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда биргина Хўжанд шаҳридаги 1-болалар уйига 34 та бола олиб келинган. Таҳлилчилар бу кўрсаткич икки баравар кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар.

Шу кунларда Тожикистоннинг қайси бозорига борманг, арава туртиб юрган, тиламчилик қилаётган кекса ва ёшлар орасида балоғат ёшига етмаган болаларга ҳам кўзингиз тушади. Кўча ва бозорларда санғиб юрган бу болакайлар қаердан келиб қолди?

Уст-боши юпун, тиламчилик қилиб юрган 10 ёшли қизалоқни суҳбатга тортамиз. Қизча исми Норинисо эканини айтади.

“Хўжандга қаердан келгансиз?” сўраймиз Норинисодан.

- Панжакентдан келганман.

Озодлик: Ҳозир қаерда яшайсиз?

- Кўп ҳолларда автовокзалда. Лекин бирор иссиқроқ жой топилиб қолса, ўша ерда қоламан, дейди Норинисо.

Унинг ёнида турган қизча эса ўзини Дилангез деб таништирди. У кўчада қандай иш бўлса, қилиб кетаверишини айтаркан, “фақат пулини тўлашса бўлгани”, дея қўшимча қилади. Лекин Дилангезнинг ягона орзуси бор.

- Мен умуман мактабда ўқимаганман. Ўқишни, ёзишни жуда-жуда истайман. Мактабни тугатиб, олий ўқув юртида ўқишни, врач бўлишни хоҳлайман, дейди Дилангез.

Расмий маълумотларга кўра, Хўжанд шаҳрида жойлашган 1-болалар уйига 2009 йилнинг ўзида онаси ташлаб кетган 34 бола олиб келинган. Мазкур болалар уйи бош врачи Раъно Бурҳонованинг айтишича, Тожикистонда ўз фарзандларидан воз кечаётган кишилар сони тобора ортиб бормоқда.

- Бугун болалар масканида янги туғилган чақалоқдан етти ёшгача бўлган 60 дан ортиқ гўдаклар тарбияланаяпти. Бу болакайларнинг бир қисмини онаси туғруқхонада ташлаб кетган. Қолганларини эса кўча-кўйдан милиция вакиллари ёки одамлар топиб олиб келишган. Болалар бу ерда етти ёшгача тарбияланади, агар шу давр ичида уларни бирор оила асраб олмаса, болалар Чкалов шаҳридаги интернатга ўтказилади, дейди Раъно Бурҳонова.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, бу интернатларда болалар кўп ушланиб қолмайди. Уларнинг 60-70 фоизи кўчага - тиламчилик қилишга чиқади. Бир қисми эса қулликка тушади. 2009 йилда вилоятда балоғат ёшига етмаган 48 бола қулликдан озод этилган эди. Ўспиринлар ёши катталар томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган. Уларнинг тазйиқи остида тиламчилик ва бошқа юмушларни бажаришган. Қулликдан озод этилган болалар Хўжанд шаҳрида ташкил этилган “Инқироз маркази”га жойлаштирилган. Болалар соғлиги тиклангач, яна Чкалов шаҳридаги интернатга қайтарилган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистондаги фуқаролар урушидан кейин қарийб 60 минг бола етим қолган.

- Давлат томонидан болаларнинг ижтимоий муассасаларга унчалик эътибор берилмаётгани сабабли аҳолининг энг камбағал қисмига, хусусан, етим, боқувчисиз ва бошпанасиз қолган болаларга турли Халқаро ва жамоатчилик хайрия ташкилотлари қўлдан келганча ёрдам бериб келаяптилар. Ҳозир Халқаро ва жамоатчилик хайрия ташкилотлари Тожикистонда боқувчисиз қолган, тазйиқ ва тахқирларга дучор бўлган етим болалар учун соғлиқни тиклаш марказлари ташкил этмоқдалар. Жумладан, вилоятнинг Хўжанд ва Чкалов шаҳарларида “Инқироз маркази” фаолият кўрсатиб турибди, дейди сўғдлик таҳлилчи Ботир Қобилов.

Суҳбатдошимиз боқувчисиз болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш аслида давлатнинг вазифаси эканини айтади. Бироқ иқтисодий жиҳатдан МДҲ мамлакатлари орасида энг камбағал Тожикистонда, таҳлилчи Ботир Қобиловга кўра, ҳозирча бунинг имконияти топилмаяпти.
XS
SM
MD
LG