Линклар

Эркин микрофон - "Қаерга қараманг¸ ўзбек мардикор"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Москвада таксичилик билан шуғулланишини айтган ўзбекистонликлардан бири¸ ўзини Россия пойтахтида худди Ўзбекистонда юрган каби ҳис қилиши¸ зотан кўча-кўй¸ бозор-ўчарда ишлаëтганларнинг кўпини ўзбек муҳожирлари ташкил қилишини таъкидлайди.

Президент халқ ҳолидан хабар олсин!

“Президентимиз Ислом Каримов ўзбекистонликлар Россияда хор-зорликда, аянчли бир тарзда кун кечираётганидан хабардормикинлар”, деб сўз бошлади бизга Москвадан сим қоқан тингловчимиз.

- Мен Москвадаман. Ҳозир Москвада такси ҳайдайман. Бу президентимиз бу ерда одамлар қийналиб ëтганини билармикинлар дейман. Бир чора кўриш керак. Ўзбекларнинг ҳаммаси бу ерда. Ëш-ëш қизлар¸ болалар¸ аëллар. Шунга бир чора кўриш керак эди.

Озодлик: Қайси томондан қийналишаяпти?

- Бир бозор бор. Шу ерга борсангиз¸ мардикор. Ўзбекистонда юргандай бўласиз. Машинада тўхтасангиз¸ ҳаммаси зув этиб келади.

Озодлик: Бозордаги ҳамма мардикорлар ўзбеклар шунақами?

- Ўзбеклар¸ тожиклар. Кўпи ўзбеклар. Ўзбекистонда юргандай бўласизда. Одамлар қийналиб юрибди.

Озодлик: Қандай чора кўриш керак дейсиз?

- Одамларнинг Ўзбекистондаги шароити яхши бўлса¸ бу ерда қийналиб юрмайдику. Одамларнинг кўпчилиги ишлаб пулини ололмай юрибди. Ўзбекистонда катта-ката заводлар¸ фабрикалар қуриб¸ ойликларини яхши қилиб қўйса¸ шу ердагилар ўзимизда Ўзбекистонда ишлайди. Мен ўзимни олсам¸ менинг ишим яхши бу ерда. Просто одамларни кўриб ачинасизда. Президентлар ичида энг бойи Каримов бўлса керак деб ўйлайман. Шунча пул йиққанлари бўлар энди. Халққа бир нарса қолдириш керак¸ ëрдам бериш керак¸ дейди Москвадан сим қоқан суҳбатдошимиз.

Тожикистонлик Фарҳод исмли суҳбатдошимиз ҳам президент Каримовга мурожаат қилар экан¸ сўнгги пайтларда Ўзбекистон билан муносабатлар совуқлашаётганидан, чегаралар бекилаётганидан ташвиш билдиради. “ Агар президент Каримов чарчаб қолгани туфайли яхши сиёсат юрита олмаётган бўлса, ўрнини ёшроқ одамга бўшатиб берсин”, дейди бу суҳбатдошимиз.

Фарҳод: Тожикистонданман. Регар районида яшайман. Мухлисларингиз бўламан. Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ришталар анча ëмонлашган. Ўшаларни айтмоқчи эдим. Оғайнилар бор шу ëқда. Деновда яшашади. Уларнинг келиши¸ бизларнинг боришимиз қийин. Ислом Каримов нимага бундай қилаяпти? Ë чарчаганларми дейманда. Агар чарчаган бўлсалар¸ постни ëшроқ¸ ҳалол одамга топширсинлар. Қачонгача бундай давом этади дейманда.

Озодлик: Сиз Тожикистон ва Ўзбекистон алоқалари ëмонлашаëтганидан норозисиз шунақами?

- Олдин ҳамма нарса яхши бўлганда. Борди-келдиларнинг ҳаммаси очиқ бўлган. Ҳозирги вазиятда ҳамма томон ëпиқ. Гиëҳванд¸ бошқа нарсалар ўтади дейди. Унақа нарсалар ўтмайди ҳеч қачон. Унақа нарсалар бошқа йўлдан кетади. Границани очса яхши бўлади деган умиддаман¸ дейди тожикистонлик Фарҳод.


"Ўзбек аëлларидан қўймасин..."

Ўзини Баҳодир деб таништирган самарқандликлардан бири Озодликнинг ўтган эшиттиришларидан бирида янграган “Уй-жойи бор ўрис қизга уйланаман” сарлавҳали лавҳамизга муносабат билдирди.

Бу лавҳада Россияга бориб меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёш йигитларнинг рус қизларига уйланиш ҳолатлари кўпайгани, бу орқали ўзбек йигитлари Россия фуқаролигини олиш, ўз иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадини кўзлагани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Самарқандлик Баҳодирнинг фикрича, Россияда уйланаётган ўзбек йигитлари “ўзлигини унутган одамлар”дир.

Баҳодир: Мен Самарқанддан Баҳодирман. Россияда юрган ўзбеклар ўрис қизларга уйланган¸ деган мавзуда бир эшиттириш эшиттикда бизлар. У ерда ўзининг ватанини эсламайдиганлар уйланиб олар экан. Ўзимизнинг Ўзбекистондан қўймасин. Бу ерда ўрисга уйлангандан кейин¸ эртага битта болангиз бўлганидан кейин бу ўрис хотин эртага бошқаси билан юриб кетиб¸ сизни ҳайдаб юборишдан ҳам тоймайди. Мана кўпчилиги деярли квартирада турибди.

Озодлик: Сиз шунақа воқеаларга ўзингиз гувоҳ бўлдингизми?

- Кўрдим. Фарғона тарафлардан келиб ўрисларга уйланганларни кўрдим. Хотинидан устун гапира олмайди. Ҳайдаб юборишса¸ қаерга боради?

Озодлик: Барибир ўзимизнинг ўзбек аëларига етмайди, демоқчимисиз?.

- Ҳа. Ўзбекистонда туғилиб ўсган барибир. Кейинчалик қаëққа боради? Танишларини¸ ўртоқларини унутади. Қайтиб боргандан кейин ҳамма “Мана бу барибир келибди” деб гапиради¸ дейди Баҳодир.


Озодликка таклифлар

Тожикистоннинг Хатлон вилоятидан бизга қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз Озодлик радиосини 18 йилдан бери тинглаб боришини айтиб¸ бир илтимос билан мурожаат қилди.

- Сизларнинг доимий мухлисларингиз Қудратуллоҳ бўламан. Ҳар кунлик эшиттиришларингизни тинглаб бораман. Мен эфир орқали сизлар бир нарсани узатиб боришларингизни сўрайман. Иттифоқ даврида Ўрта Осиë ва Қозоғистон муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бор эди. Ўша одамни кўп вақтлардан бери Озодлик радиостанцияси орқали эшитмаяпман. Тожикистон республикасининг Хатлон области Темур Малик ноҳиясидан бўламан. Мен Озодлик радиосини 1992 йилдан бери тинглаб бораман¸ дер экан Қудратуллоҳ ака Озодликда муфтий ҳазратлари билан суҳбатни кутиб қолажагини қўшиб қўйди.


**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG