Линклар

Мушукчамга Оқбош деб исм қўйдим. Ҳасанали бинтни ечиб олиб, қорақўтирига икки энлик лейкопластилин ёпиштириб қўйди.

Ҳар эҳтимолга қарши, яра атрофига дездонатор билан тоза спирт пуркади.

Оқбош кек сақламади. Ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати бизникилар учун муддатидан илгари ниҳоясига етгач, оқшом чоғи остонада миёвлаб кўриниш берди: думини хода-хода қилиб бирпас эшикка суйкалиб турди-да, яна қайтиб чиқиб кетди. Кейинги кунларда ҳам уялинқираб кабинетимга кириб келадиган, миёв-миёв қилиб, бир айланиб чиқиб кетадиган бўлди. Бир оқшом холодильникдан сосиска олиб олдига ташладим. У сосискани бир ҳидлаб манга қаради: миёв... Қорни тўқ шекилли, сосискани емади.

— Кел мунда! — деб ўтирган жойимда тиззамга шап этказиб урдим.

Оқбош югуриб келиб тиззамга сапчиб чиқиб олди. Ярасига қўл теккизмасдан бўйнини уқаладим, қорнини қитиқладим. У алчайиб ётиб олди; ўзича эркаланган бўлди. Шу тобда БМТнинг Умумжаҳон инқирози масаласига бағишланган ялпи мажлиси протоколлари билан танишаётган эдим. Ташқи ишлар вазиримизнинг баландпарвоз нутқи кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлибди. Залдан: «Ёлғон! Бизни алдаманг! Уйингизга бориб кетини кесакка артиб юрган қавмингизни алдайсиз!» деган ҳайқириқлар янграбди. Матбуот конференцияси чоғида ҳам журналистлар вазирни роса терлатибди. Оббо, ярамаслар-эй! Бировнинг ютуғини кўролмайдиган аблаҳлар БМТ қароргоҳида ҳам бор экан-да!

Оқбошни тиззамдан олиб¸ аста гилам устига қўйиб юбордим.

Нутқ ирод қилишдан олдин одамларнинг кайфиятини ўрганмайсанми, аҳмақ! Тил биламан деб оғзингга келган гапни валақлайверасанми?! Наҳотки, олдиндан залда микроклимат яратиш шунчалик мушкул бўлса? Жаноблар билан бир пиёла қаҳва устида фикр алмашиб, гап орасида халқаро терроризм хавфи билан обдон мазасини қочириб, кейин минбарга чиқмайсанми, ҳумпар!

Қалин папкани ёпиб ўрнимдан турдим. Мириқиб керишиб олдим. Нохос жавон ёнида сапчишга ҳозирланиб жунларини ҳурпайтириб ўтирган Оқбошга кўзим тушиб қолди. Қўлларимни кўксимга чалиштириб энди қандай воқеа рўй беришини индамай кузатиб турдим. Орадан унча кўп вақт ўтмади, жавон тирқишидан битта сичқон чиқиб хонанинг нариги бурчагига қараб югуриб ўтиб кетди. Оқбош тирқишни тўсиб ётиб олди. Ман тез бориб ўзига йўл тополмаётган сичқонни ҳуркитиб орқасига қайтардим. Йўл-йўлакай стол остидаги тугмачани босиб адъютантимни чақирдим. Зум ўтмай у остонада пайдо бўлди.

— Ҳидоят Махсумни чақир, тезда етиб келсин!

Бу орада Оқбош сичқонни таппа босиб чангаллаб олди. Сичқон думини ликиллатиб Оқбошнинг юзига худди хивич билан ураётгандек шип-шип этказиб савалай бошлади. Мушукчам сичқоннинг елкасидан маҳкам тишлаб столнинг остига йўналди. Бирпас пийпалади. Қарасам, у сичқонни еб қўядиган. Шиппагимни ечиб стол остига улоқтирдим. Афтидан, шиппак мушукчанинг ярасига тегди, вағғ этдию сичқонни ташлаб стол остидан қочиб чиқди. Остонага бориб орқасига қараб лаб-лунжини ялаётган мушукчага нариги шиппагимни ўқталиб пўписа қилдим. У бир марта миёв деди-да, қия очиқ турган эшикдан йўлакка чиқиб кетди.

Ҳадемай Ҳидоят Махсум етиб келди. У оғзини каппа-каппа очиб ҳаллосларди.

— У нима? — деб сўрадим стол остига энгашиб.

Махсум эмаклаб стол остига кирди ва чалажон сичқонни думидан кўтариб чиқди. Жониворнинг бўйнидан гиламга қон томчиларди.

— Сичқон, — деди Махсум. — Ҳали жони чиқмаган, қимирлаяпти. — Сичқонни баланд кўтариб чироқ ёруғига тутиб кўрди.

— Ҳе-е, энангди... — деб башарасига тарсаки тортиб юбордим. Бошидан шапкаси учиб кетди. — Қароргоҳга бирорта пашша ҳам учиб киролмайди деб мани ишонтирганмидинг?!

— Бир қошиқ қонимдан кечинг, илтимос. — У сичқонни гиламда ётган шапкасига солиб стол устига қўйди. Сўнг чўнтагидан рўмолчага ўралган қоғоз пакетчани олди. Пакетчани тиши билан йиртиб: — Сичқон қайси тирқишдан чиқди? — деб сўради.

Тирқишни кўрсатдим. У пакетчадан заҳарланган буғдой доналарини кафтига тўкиб тирқишга қарати пуфлаб юборди.

— Заҳарланиб ўлган сичқонни еб қўйса, Оқбош ҳам ўладими?

— Яхши мушук сичқоннинг ўлигини емайди, тиригини ейди, — деди Махсум.

Унинг қўлидан пакетчани тортиб олиб ёзувга кўз ташладим: «SUPER Маргмуш».

— Айтиб қўяй, агар Оқбошга бир нарса бўлса ёки яна бирорта сичқон чиқиб қолса борми, ман чақирган заҳоти солидол олиб ҳузуримга етиб келасан! Нима демоқчи бўлганимни тушундингми?

— Тушундим! — деди Ҳидоят Махсум қаддини ғоз тутиб.

— Тушунган бўлсанг, йўқол — кўзимга кўринма!

У чалажон сичқон ётган шапкасини авайлаб кўтариб кабинетдан оҳиста чиқиб кетди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG