Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:22

КХШТ тинчликпарвар бўлмоқчи


КХШТ қошида тузилган Тезкор коллектив кучларнинг октябр ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган илк машқларида Ўзбекистон ҳарбийлари иштирок этмади.
КХШТ қошида тузилган Тезкор коллектив кучларнинг октябр ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган илк машқларида Ўзбекистон ҳарбийлари иштирок этмади.

Тезкор коллектив кучлар тузиш ғояси Ислом Каримовнинг "ўзгача ëндашуви" оқибатида фалаж бўлиб турган бир пайтда¸ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти яқин келажакда ўз қошида Коллектив тинчликпарвар кучлар тузилишини эълон қилди.

“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти халқаро барқарорлик, хусусан Евроосиё ҳудудларида хавфсизлик архитектурасини мустаҳкамлашга қаратилган БМТ резолюцияларини амалга оширишда иштирок этишга тайёр”, деди куни-кеча КХШТ бош котиби Николай Бордюжа БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида қилган чиқишида.

Унинг айтишича, КХШТ доирасида Коллектив тинчликпарвар кучларни тузиш якуний босқичга етган ва унга оид актларни ташкилотнинг деярли барча аъзолари ратификация қилган.

КХШТ расмийси Анатолий Чунгутовнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Бордюжа ўтган йили кучга кирган тинчликпарвар кучларни тузишга оид келишувни назарда тутиб, унинг истиқболлари ҳақида гапирган.

- Тинчликпарвар кучлар тузилган, унга оид келишув ўтган йилнинг январида кучга кирган. Бу келишув жуда катта ҳужжат бўлиб, унда тинчликпарвар кучларни мақсадли ишлатиш, таркиби ва уларнинг функционал вазифалари каби масалалар белгиланган. Бу келишув КХШТ доирасида имзоланган. Гап шундаки, тинчликпарвар кучлар тузилган бўлса-да, коллектив тинчликпарвар кучлар ҳар бир операция учун алоҳида тузилади, деди КХШТ расмийси.

КХШТ ўз тинчликпарвар кучларини тузиш ҳақида кўп йиллардан бери гапириб келади ва Бордюжанинг БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган баёноти қуруқ гаплардан нарига ўтмаётган ғоянинг навбатдаги ифодаси бўлди, демоқда таҳлилчилар.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин КХШТ ҳозирда ўзи учун долзарброқ бўлган тезкор кучлар масаласини ҳал қила олмаётган вазиятда тинчликпарвар кучлар ғояси КХШТнинг халқаро майдонда обрўсини оширишга қаратилган қуруқ декларатив баёнотдан бошқа нарса эмас, деган фикрда.

- КХШТ доирасида тинчликпарвар кучларни тузиш ҳақида қарийб 10 йилдан бери гапириб келишади. Лекин КХШТ раҳбарияти бу ғояни ташкилотнинг барча аъзолари қўллаб-қувватлашига ўзи ҳам ишонмаса керак. Масалан, Тезкор коллектив кучларга қўшилишга қарши чиқиб келаётган Ўзбекистоннинг бундай ғояни қўллаб-қувватлаши эҳтимолдан йироқ. Бундан ташқари, катта харажатларни талаб қиладиган КХШТ доирасидаги тинчликпарвар кучларнинг хизмати кимга керак бўлиб қолиши ҳам мавҳумдир. Бу харажатларнинг асосий қисми Россия зиммасига тушади ва унга бундай ортиқча харажатлар керакми ўзи, деган савол ҳам бор, дейди Мухин.

Николай Бордюжа БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқишида КХШТ аъзолари томонидан кейинги пайтларда ташкилот салоҳиятини кучайтиришга оид жиддий қадамларни қўйилгани, хусусан, аъзо давлатларнинг сара қўшинларидан Тезкор коллектив кучлар тузилганини тилга олди. Бироқ КХШТ бош котиби Ўзбекистоннинг бу масалага оид “ўзгача фикри” тезкор кучларнинг лаёқатли тузилмага айланишига тўсиқ бўлаётгани ҳақида¸ табиийки оғиз очмади.

Таҳлилчилар фикрича, президент Каримовнинг Тезкор коллектив кучларга оид келишув шартларидан келиб чиқиб ўзининг “ўзгача фикри”ни ўзгартириши амри маҳолдир.

Александр Гольц Россиядаги “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси.

- Ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган бўлсак, Тезкор коллектив кучларга оид келишув Марказий Осиё республикаларининг бирортасида бўҳрон рўй бергудек бўлса, Россиянинг эҳтимолий аралашувини қонунийлатириш, деганидир. Жаноб Каримов, бундай бўҳрон рўй бериб, уни ўзи ҳал қилолмаса ва Россия вазиятга аралашадиган бўлса, бу унинг сиёсий ҳокимиятига нуқта ясаши мумкинлигини яхши тушунади. Шунинг учун тезкор кучлар ҳақидаги ҳар қандай гапни Каримов ўз ҳокимияти учун потенциал таҳдид, деб билади ва яқин истиқболда Каримовнинг тезкор кучларга қўшилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, дейди ҳарбий таҳлилчи Гольц.

КХШТ расмийси Анатолий Чунгутов тузилажак тинчликпарвар кучлар ҳам КХШТга аъзо давлатлар ҳудуди, ҳам ундан ташқарида ишлатилиши мумкин, дейди.

- Лекин ҳозирча, уларни амалда қўллаш учун эҳтиёж пайдо бўлгани йўқ, деб қўшимча қилди КХШТ вакили.

Ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин КХШТнинг қарийб 20 йиллик тарихига таяниб, бундай эҳтиёж пайдо бўлганида ҳам КХШТнинг на тезкор, на тинчликпарвар кучларидан бирор наф чиқишига шубҳа билдиради.

- Собиқ иттифоқ тарқаганидан бери КХШТнинг тинчликпарвар ё бошқа турдаги функциялари амалда қўлланганини кўрганимиз йўқ. Тожикистонга тинчликпарвар кучлар МДҲ байроғи остида юборилган эди, Абхазиядаги қуролли можарода ҳам МДҲ байроғи остида фақатгина Россия қуролли кучлари қатнашди. КХШТ бирор жойда вазиятни барқарорлаштириш салоҳиятига эга бўлган тузилма сифатида ўзини намоён қила олмаган. Чеченистонда иккита уруш бўлди, КХШТнинг бирорта аъзоси ёрдам бермади. Ташкилотнинг ҳеч бир аъзоси Россиянинг Грузия агрессиясини қайтариш, деб айтилган операцияни қўллаб-қувватламади. Ёки Бишкекда “Атиргул инқилоби”, деб аталган воқеаларда Ақаевнинг ҳокимиятдан четлаштирилишида КХШТнинг аралашганини кўрмадик. Шунинг учун КХШТни асосан қоғозда қолаётган виртуал ташкилот, деб айтишга барча асослар бор, дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин.
XS
SM
MD
LG