Линклар

Ўзбекистонликлар олдидаги асосий муаммо нима?

  • Барно Анвар

БМТ ҳисоб-китобига кўра¸ Ўзбекистонда расман аҳолининг тўртдан бир қисми қашшоқлик даражасидан пастда кун кечиради.

БМТ ҳисоб-китобига кўра¸ Ўзбекистонда расман аҳолининг тўртдан бир қисми қашшоқлик даражасидан пастда кун кечиради.

BBC Жаҳон хизмати¸ ўзи ўтказган глобал сўров асосида жаҳон аҳолиси олдида турган энг жиддий муаммо қашшоқликдир¸ деган хулосага келди. Озодликнинг айни саволига жавоб берган аксар ўзбекистонликлар фикри ҳам¸ қолган дунë аҳлиникидан деярли фарқ қилмади.

BBC Жаҳон хизмати дунëнинг 23 давлатида яшовчи 25 минг одам орасида ўтказган сўров хулосасига кўра¸ қашшоқлик иқлим ўзгариши ëхуд террорчиликдан ҳам ўтиб¸ жаҳоннинг бирламчи муаммосига айланган.

BBC Жаҳон хизмати ўтказган глобал сўров давомида респондентлардан бугунги куунда дунë олдида турган энг жиддий муаммо деб айнан қайси муаммони билишлари сўралган.

Сўров хулосаларига кўра¸ респондентларнинг 71 фоизи қашшоқликни¸ 64 фоизи атроф-муҳит ифлосланишини¸ 63 фоизи озиқ-овқат ва ëнилғи нархининг ошиб бораëтганини дунë олдида турган энг жиддий муаммо деб атаганлар.

23 давлатда яшовчи 25 мингдан ошиқ сўралганлардан 59 фоизи одамлар ўртасида ëйилиб бораëтган турли касалликлар¸ яна 59 фоизи террорчиликни¸ 58 фоизи иқлим ўзгаришини¸ 59 фоизи эса инсон ҳуқуқлари бузилишини дунë олдида турган жиддий масалалар сифатида белгилаган.

Мазкур сўров ортидан Озодлик айрим ўзбекистонлик билан боғланиб, бугун бу мамлакат аҳли олдида турган асосий муаммолар қайси, деган саволга жавоб излади.


Жиззахлик инженер Содиқжон:


- Бизда энг асосий муаммо қашшоқликда. Етишмовчилик¸ иқтисодий таъминот оғирлиги. Бундан ташқари свет¸ газ деган нарсанинг йўқлиги. Бизда асосий муаммо шулар.

Озодлик: Нимага қашшоқликни биринчи даражага қўяяпсиз?

- Мен яшаб турган маҳаллада тахминан 450 хўжалик бўлса¸ жаҳон миқëсида олганда 50 таси ўртаҳол бўлса¸ қолган 400 хўжалик қашшоқда. Шахсан менинг ўзимнинг оилам ҳам шу. Июн ойидан бери ўртача 30 доллар ҳам кирим бўлгани йўқда.


Қўқонлик ногирон Рустамжон:


- Бизда энг жиддий муаммо бу экологиянинг бузилиши. Ҳозирги кунда жуда ҳам газли нималар чиқиб кетиб¸ экология бузилиши бўлаяпти. Иккинчи муаммойимиз касаллик.

Озодлик: Қанақа касаллик?

- Грипплар¸ турли хил ошқозон¸ ичак оғришлари касалликлари жуда кўп тарқалаяпти. Буни даволайман десангиз¸ маблағ етишмайди. Муаммо мана шунга бориб тақалаяптида. Озиқ-овқат тўғрисида муаммо бўлмайди. Ҳамма нарса етарли. Ҳамма нарса бор. Пенсияни беради. Нарх-наволар унчалик қийнамайди. Қўлимизда маблағимиз бор. Қолган нарсаларни ўзимиз етиштирамиз энди. Уйда ҳайвон боқамиз. Шулар билан тирикчилик қилса бўлади. Имконияти бор лекин. Ўзбекистонда жуда қашшоқ¸ дейиш нотўғри нарса. Чунки ҳозир имконият бор. Бозорга борсангиз¸ топасиз. Меҳнат қилсангиз¸ тирикчилик қилиш мумкин.


Жиззахлик уй бекаси:


- Уни билмасам энди.

Озодлик: Сиз учун асосий муаммо нима?

- Биз учун ҳаммаси яхши бўлса керак.

Озодлик: Нарх-навонинг ошгани сизни ўйлантирмайдими?

- Мен бозорга чиқмасам¸ бошқа қилмасам¸ нарх-наво қандайлигини билмайманку. Хўжайиним олиб келади ҳамма нарсани.

Озодлик: Етарлими¸ қора қозон яхши қайнаяптими?

- Тоза яхши қайнайди. Етарли ҳаммаси.

Озодлик: Хўжайинингиз ким бўлиб ишлайди?

- Ишламайди. Уйда.

Озодлик: Сиз ҳам ишламайсиз-а?

- Йўқ¸ ишламайман.

Озодлик: Нечта фарзандингиз бор?

- Учта.

Озодлик: Ҳаммаси ўзингизнинг қўлингиздами? Ҳали уйланган эмасми?

- Улар ҳали уйлангани йўқ. Бари мактаб болалари.

Озодлик: Сиз ишламасангиз¸ хўжайинингиз ишламаса¸ болаларингиз мактабда ўқиса¸ қандай қииб ҳамма нарса етарли бўлаяпти?

- Ўзидан сўрайсиз келгандан кейин. Мен ҳозир овқат қилаëтган эдим. Кечирасиз¸ гўштим куйиб кетмасин.


Бухоролик уй бекаси:

- Мана ойлик муаммоси бор. Ойликни олмаяпти одамлар. Нарх-навонинг ошиши.

Озодлик: Сизнингча¸ энг жиддий муаммо қайси?

- Камбағаллик.

Озодлик: Иккинчисичи?

- Нарх-наво. Учинчиси одамларни иш билан таъминлаш. Яъни ишсизлик. Ишсизлик кўпайгандан кейин ана шу муаммолар чиқаяптида. Иш йўқ бу ерда. Заводлар¸ фабрикалар ëпиқ. Шунинг учун одамлар азоб чекаяпти. Ҳаммаси камбағал¸ деса ҳам бўлади. Ўртаҳол ҳам¸ бой ҳам йўқ.

Озодлик: Сиз ўз оилангизни қайси тоифага киргизасиз?

- Бизники ўртаҳол. Камбағал ҳам эмас¸ бой ҳам эмас. Ҳар кун қозонимиз қайнайди.

Озодлик: Гўшт билан қайнайдими?

- Ҳа.


Андижонлик деҳқон Ғофуржон ака:


Озодлик: Ўзбекистонда яшаб турган оддий одамларни¸ шу жумладан сизни ўйлантириб турган асосий муаммолар қайсилар?

- Асосан етишмовчилик сабабда. Ҳозир бир жойда ишласангиз¸ ойлик вақтида берилмайди¸ задержка ëки пластик карточка. Мана баҳор яқинлашаяпти. Деҳқончиликка ҳаракат қилишаяпти одамлар.

Озодлик: Атроф-муҳитнинг ифлосланиши¸ глобал иқлимнинг ўзгариши каби нарсалар одамларни ўйлантирадими?

- Йўқ¸ биз унақа нарсалардан йироқроқдамиз. Биринчи ўринда тирикчилик. Ҳамма “Қандай қилсам эл қатори яшайман” деган фикрда ҳаракат қилаяпти.


Қорақалпоғистонлик деҳқон Кенжабой:

- Асосий муаммо қашшоқлик. Пул йўқ. Яшаш қийин. Озиқ-овқатлардан гўштдан бошқа ҳаммаси қиммат.

Озодлик: Демак¸ биринчиси қашшоқлик¸ иккинчиси нарх-навонинг ошиши. Яна қандай муаммолар бор?

- Бизда яна Орол муаммоси. Камқонлик¸ тузнинг кўпайиб кетиши. Бу касаллик етишмовчиликдан ҳам келиб чиқаяптида. Ойига бир кило ҳам гўшт емайди¸ бир кило ҳам. Йилига бир кило ейиши мумкин.

Озодлик: Сал ошириб юбормаяпсизми? Ростдан ҳам шунақами?

- Бизнинг Қорақалпоғистонга бориб кўринг. Менинг ҳозир ўзимнинг иморатим ҳам йўқ. Бировнинг иморатида ўтирибман.


Сирдарëлик механик Ҳабибулла ака:

- Биринчиси¸ халқимизнинг қашшоқлиги. Иккинчи муаммо бу ўқитувчиларимиз. Шу инсонлар ҳам ойлигини ололмасдан¸ қишлоқ хўжалигини гапирмасак ҳам бўлади. Шахсан мен ўзим қишлоқда яшайман. Яшаш шароитим жуда оғир.

Озодлик: Яъни биринчидан¸ иш йўқ¸ иккинчидан¸ иш бўлса ҳам маошлар берилмайди.

- Мана фермер хўжаликларини олинг. Фермерларда фуқаролар қишин-ëзин ишлайди. Бир сўм пул ололмайди. 10-15 сўтик огород экади. Ўша билан тирикчилик қилиб чиқади.

Озодлик: Сиз ўз оилангизни қайси тоифага киритасиз?

- Қашшоқлар тоифасига киритаман. Шахсан менинг еб-ичишимга 7000-8000 пул кетади. 10 минг ҳам кетади. Бир ҳафтага амаллаб етказаман. Ëн-атрофдаги қўни-қўшниларим мен расход қилгандан камроқ расход қилишади.


Қашқадарëлик 90 яшар пенсионер:

- Бу тўғрида савол берсангиз¸ мен шундай тушунчага эгаман. 90 йилдан бери бу дунëда яшаяпман. Бизда ўзининг тақдирига бефарқ одамлар кўп. Ўзининг келажагини фарқ қилмайди.

Озодлик: Фарқ қилмайди деганда қайғурмайди демоқчимисиз?

- Ҳа. Ўзининг кучини¸ қувватини¸ тушунчасини бошқалар қатори ривожлантирмаган. Камбағаллик ўзидан ўзи келмаган. Ўзининг қилмишига яраша келган.

Озодлик: Ҳозир камбағаллик озми ëки кўпми?

- Унча кўп эмас. Кўп бўлганда Ўзбекистондан ҳаммаси чиқиб кетган бўлар эди. Камда бу. Кам бўлса ҳам камбағаллик¸ етишмовчилик кишиларга тез кўринади.

Озодлик: Асосий муаммо одамларнинг ўз келажагига бефарқлигими?

- Ҳа. Бундан ташқари бизда бирдамлик йўқ. Ўзбекистонда бошқа мамлакатларга нисбатан пана жойларда бир-бирига нисбатан ғийбат қилиш кўп.


Тошкентлик пенсионер Абдуқаҳҳор ака:

- Аҳолини қийнаëтган биринчи муаммо қашшоқлик десам ҳам бўлади. Етишмовчилик ўзимнинг бошимдан ҳам ўтаяпти. Нима қилишни билмайсизда. Етишмовчилик бўлгандан кейин қашшоқчилик пайдо бўладида.

Озодлик: Иккинчисичи?

- Иккинчиси¸ адолат йўқлиги¸ қонунларнинг мутлақо ишламаслиги.

Озодлик: Атроф-муҳитнинг ифлосланиши¸ иқлим ўзгариши¸ касалликларнинг тарқалиши. Қайси бирини учинчи ўринга қўярдингиз?

- Атроф-муҳитнинг ифлосланиши бизларда бор нарса. Корреспондент бўлса¸ мен ўзим шаҳар ичидаги ахлатхоналарга ҳозир олиб бораман.

Озодлик: Сиз буни учинчи ўринга қўйган бўлармидингиз?

- Ҳа. Шахсан мен ўзим шаҳарда кўзим билан кўраëтган нарсалар.


*******************************************************
Азиз муштарий¸

Бугун ўзбекистонликлар олдида турган энг жиддий муаммо қайси
¸ деган саволимизга Сиз ҳам жавоб беринг. Ўз мулоҳазаларингизни шарҳ катакчасига ëзиб¸ бизга жўнатинг. Фикр ва кузатишларингизни кутиб қоламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG