Линклар

Рим папаси ҳужумчиси озодликка чиқди


Айрим манбаларнинг ëзишича¸ қамоқдан озод қилинган Муҳаммад Ағжа Иоанн Павел II қабрини зиëрат қилиш орзусида эканини билдирган.

Айрим манбаларнинг ëзишича¸ қамоқдан озод қилинган Муҳаммад Ағжа Иоанн Павел II қабрини зиëрат қилиш орзусида эканини билдирган.

Туркияда бундан қарийб 30 йил муқаддам Рим папаси Иоанн Павел II га ўқ узиб, тан жароҳати етказган туркиялик Меҳмет Али Ағжа қамоқдан озод қилинди. 52 га кирган Меҳмет Али Ағжа умрининг 29 йилини қамоқда ўтказди.

13 май 1981 йил. Рим папаси Иоанн Павел II минган усти очиқ машина Римнинг Муқаддас Пëтр майдонига яқинлашади. Рим папасини қарши олиш учун майдонга мингдан зиёд зиёратчи тўпланган. Машина оломон олдида тўхтаб, оқ кийимда бўлган Рим папаси онаси кўтариб турган жажжи қизалоқни қўлига олади. Асли полшалик Иоанн Павел II қизчани онасига қайтариб бераётган маҳал, Браун пистолети кўтарган қўл оломон орасидан чиқади ва майдонни ўқ овозлари титратади.

Қорни ва иккала қўлидан ўқ еган Рим папаси машина ўриндиқлари орасига йиқилади.

АҚШнинг ABC телеканали журналисти Питер Женингс ўз даврида дунëни титратган ушбу воқеа рўй берган куни мана бундай деган эди.

- Бирданига оломон орасидан ўқ овози эшитилади. Гувоҳларга кўра, Рим папаси бир неча сонияга карахт бўлиб қолган ва машинанинг орқа ўриндиғига йиқилган, дейди америкалик журналист.

Рим папасига қарата ўт очган шахс ўша ернинг ўзида қўлга олинади. Бу шахс туркиялик 23 яшар Меҳмет Али Ағжа бўлиб чиқади.
Ағжа ўзи устидан бошланган маҳкамада Римдаги болгариялик ҳарбий атташе Зило Василевнинг махсус топшириғи билан ҳаракат қилганини ошкор қилади.

Бу билан Ағжа бутун Шарқий Европада марксизмга қарши кураш ва озодлик рамзига айланган асли полшалик католиклар раҳнамосига қарши уюштирилган суиқасд ортида коммунистик тузум турганига ишора қилади.

Зотан Рим папасига уюштирилган суиқасддан саккиз ой олдин Полшада Леҳ Валеса етакчилигида “Солидарност” эркин касаба уюшмаси ташкил қилинган ва расмий Москва полшалик Рим папасининг “Солидарност” каби Шарқий Европадаги коммунизмга тахдид сифатида кўраëтган эди.

Бироқ Ағжанинг Болгария хавфсизлик хизматлари ва собиқ СССР КГБсига алоқадорлиги ўз тасдиғини топмади. Иоанн Павел II га қилинган ҳужум мотивлари шу кунгача қороғулигича қолмоқда.

Ағжа Италия қамоғида сақланаëтган пайтда¸ жароҳатлари битиб кетган Рим папаси у билан турмада учрашиб¸ унинг гуноҳларини авф қилганини билдирган эди.

18 январ куни эса Али Ағжа қамоқдан озод қилинди ва журналистларга келаси ҳафта давомида 1981 йилда уюштирилган суиқасд ҳақида қўшимча маълумотларни ошкор қилишга ваъда берди.

Айни пайтда унинг адвокати Гокай Гутлекин Ағжанинг озод этилишидан қўрқишга ҳожат йўқлигини айтади.

-У тайинланган қамоқ жазосини ўтаб бўлди. Адлия тизими билан ҳеч қандай муаммо йўқ. Рим папаси жонига қасд қилгани учун у Италия қамоғида 19 йилу 11 ой ва Туркиядаги воқеа сабабли бу ерда 10 йил ўтирди. Эндиликда у озод қилинди. Унинг озод этилишига қарши муносабат билдиришда ҳеч қандай мантиқ йўқ, деди Ағжанинг адвокати.

Хабарларга кўра, озод қилингач Али Ағжа Анқарадаги ҳарбий бўлинмалардан бирига олиб кетилган. Айтилишича, Али Ағжа ёшлигида армияда хизмат қилмагани учун мажбурий ҳарбий хизматга чақиртирилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG