Линклар

Украинада сайловнинг иккинчи давраси бўлиб ўтади


Жорий йилнинг 7 февралига белгиланган иккинчи давра сайловда мухолифат етакчиси Виктор Янукович ва мамлакат бош вазири Юлия Тимошенко ўзаро куч синашадилар.

Украина Марказий сайлов комиссияси якшанба кунги президент сайловида берилган овозларнинг қарийиб 98 фоизи санаб бўлинганини эълон қилди. Дастлабки натижаларга кўра, Виктор Янукович сайловчиларнинг 35.0 фоиз, Бош вазир Юлия Тимошенко 25.0 фоиз овоз тўплаган.

Украина Марказий банки собиқ раиси Сергей Тигипко 13 фоиз овоз билан учинчи ўринда бормоқда. Мамлакатнинг амалдаги президенти Виктор Юшченко эса беш фоиз атрофида овоз олишга муваффақ бўлган.

Якшанба кунги сайловдан сўнг Юлия Тимошенко ғалабага яқинлашаётганини таъкидлаб, 7 феврал куни ўтказиладиган сайловнинг иккинчи даврасида кўпроқ овозга эришиш мақсадида мағлуб бўлган номзодлар билан сўзлашувлар ўтказишини билдирди.

Виктор Янукович эса сайловнинг иккинчи даврасида ғолиб чиққудек бўлса¸ Юлия Тимошенко ва амалдаги ҳукумат хатоларини такрорламасликка ваъда берди.

- Мен сайловчилар, жумладан, амалдаги ҳукуматни қўллаб-қувватлаб, менга қарши овоз берган сайловчиларга мурожаат қилмоқчиман. Мен ўз салафларим хатоларини ҳеч қачон қайтармайман. Украина халқи қайси ҳудудда истиқомат қилмасин¸ улар бир хил эканини яхши тушунаман ва ҳар бир шахс фикрини ҳар доим инобатга олиш лозим, деди Виктор Янукович.

Айрим сайлов участкаларида қонунбузарчиликлар рўй бергани ҳам хабар қилинди. Бироқ кузатувчиларга кўра, якшанба кунги сайлов жиддий нуқсонларсиз ўтказилган.
XS
SM
MD
LG