Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:29

Тожикистонлик фаоллар кўпхотинлиликка қарши курашмоқчи


Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раисаси Хайринисо Юсуфий кўпхотинлиликка қарши аёвсиз кураш олиб бориш аҳдида қатъий.
Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раисаси Хайринисо Юсуфий кўпхотинлиликка қарши аёвсиз кураш олиб бориш аҳдида қатъий.

Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси шу йил биринчи ярим йиллигида икки ва ундан кўп хотин олганлар рўйхатини тузиб, зарур чора кўриш учун тожик расмийларига тақдим қилиш ниятида.

Тожикистонда икки ва ундан ортиқ хотин билан яшаётган шахслар қонун доирасида жазоланади. Мамлакат Жиноят кодексининг 170-моддасида бундай эркаклар жарима тўлашдан тортиб 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги қайд этилган.

Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раисаси Хайринисо Юсуфий кўпдан буён ижроси оқсаётган бу қонунни амалиётга татбиқ этишга бел боғлаганини айтади.

- Бу йўналишда дастлаб йўлга қўйганимиз тадбир жамиятимиздаги икки ва ундан кўп хотин олган эркаклар рўйхатини тузиб, давлатнинг тегишли идораларига тақдим қилишга киришдик, деди Хайриниссо Юсуфий.

Қўмита раисаси мамлакатда аёллар ҳуқуқларининг поймол бўлаётгани ва улар орасида ўз жонига қасд қилаётганлар сонининг ошиши, бунинг ортидан эса жамиятда етим болаларнинг кўпаяётганига ҳам айнан мана шу иллат сабаб бўлаяпти, деб ҳисоблайди.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда кўпхотинлилик ўтган асрнинг 90-йиллари сўнгига келиб, яъни Тожикистонда фуқаролар уруши ( 1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) тугагач, кўп кузатила бошлаган.

Расмий маълумотларга кўра, фуқаролар уруши натижасида мамлакатда 25 минг аёл бева ва яна 64 минг бола етим қолган.

Мустақил кузатувчи Нўъмонжон Фахриддинов бу рақам тожикистонлик эркакларнинг Россияга муҳожирликка чиқиб кетиши ортидан яна бир неча фоизга ошганини айтар экан, бугунги кунда жамиятда кўпхотинлиликни таъқиқлаш ўрнига уни қонунийлаштириш лозимлигини таъкидлайди.

- Ҳозир мамлакатимизда жуда ҳам аҳвол чатоқ. Аҳолининг моддий жиҳатдан таъминланиши талаб даражасида эмас. Ундан ташқари, кўп аёлларнинг эрлари бошқа давлатларга иш излаб кетиб, ўша ерда хотин, бола-чақали бўлиб қолиб кетишган. Ахир муҳтож аёлларга ҳар куни биттадан нон беришнинг ўрнига уларни ўз никоҳига олиб, фарзандларини тарбияласа, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватласа, бунинг нимаси ёмон. Бунга Ислом дини ҳам рухсат берган. Менимча, буни таъқиқлаш ўрнига уни қонунийлаштириш керак, дер экан Фахриддинов “бунинг ортидан жамиятдаги айрим фаҳш ишларнинг ҳам олди олинган бўлур эди”, дея қўшимча қилади.

Аммо Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раисаси Хайринисо Юсуфий иккинчи хотин олаётганлар орасида ана шундай савоб ишларни амалга ошираётганлар деярли йўқлигини айтади.

- Қани, ўша савоб ишларни қилаётган бирор кишининг номини айтинг-чи. Ўша иккинчи хотин олганлар орасида икки етим боласи билан кўчада қолган аёлни ўз қарамоғига олган борми? Йўқ, албатта. Иккинчи хотинликка олинганларнинг аксарияти ёш қизлар-ку, дейди Хайринисо Юсуфий.

Душанбенинг Ҳабиб Аҳрорий кўчасида истиқомат қиладиган Асолатхон тўрт нафар норасида боласи билан турмуш ўртоғи устига иккинчи ва учинчи хотин олганини ва шунинг ортидан турмуши аччиқ бўлганидан куйинди.

- Ҳурмат қилмайди, яхши қарамайди. Пул ҳам бермайди, бирор нарса ҳам олиб бермайди. У ёққа яхши гапини гапиради. “Жоним-жоним” деб телефон қилади менинг олдимда. Ҳаёт шундан бузилаяпти. Тожикистонлик аёлларнинг кўпи шу кўп хотинлиликдан бахтиқаро бўлаяпти. Баъзилар рашкдан ўзига ўт қўяяпти, ўзини осиб қўйганлар қанча, дейди душанбелик Асолатхон.

Суҳбатдошимиз Тожикистондаги кўп хотинлиликнинг ортида савоб ишлар эмас, балки тўқликка шўхлик турганини ва шу боис етим болалар кўпаяётганини айтади. Шунинг учун Асолатхон кўпхотинли кишиларнинг қонун доирасида жазоланишини тўғри, деб билади. Аммо душанбелик Насибахон бу мулоҳазага қарши.

- Мана, менинг учта етимим бор, қарашади, у бу нарсасини олиб беради. Бизнинг бахтимиз бўлмагандан кейин нима қилайлик? Биз ҳам инсонмиз-ку, кимгадир иккинчи хотин бўлишимиз керак-ку. Бизларга ҳам бир меҳрибон одам, бошимизга соябон керак. Бир умр ёлғиз ўта олмаймиз. Шунинг учун ҳукумат бу масалани кўриб чиқиб, иккинчи хотин олишга рухсат бериш бўйича ҳам бир қонун-қоида чиқарсин, дейди Насибахон.

Ҳуқуқшунос таҳлилчи Раҳматулло Зоиров Тожикистонда иккинчи хотин олишга рухсат берувчи қонун чиқишига ишонмаслигини айтаркан, айни пайтда икки ва ундан кўпроқ хотин олганларнинг каттагина қисми ҳукумат мулозимлари бўлгани учун ҳам жамиятда бу иллатга қарши курашиш амримаҳол, дея мулоҳаза билдиради.

- Бу одамлар судларга босим ўтказиш, пора бериш ёки бўлмаса ошна-оғайнигарчилик йўли билан ўз гуноҳлари исботланмай қолишига ҳаракат қилишади. Шунинг учун “Жиноят кодексининг 170-моддаси амалда бажарилсин” десак, энг аввало, қиз ва аёллар ўз ҳуқуқларидан яхши хабардор бўлишлари лозим. Агар улар ўз ҳуқуқларини билмас экан, бундай эркакларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки уларга тегишли жазо бериш кўп муаммолар туғдириши табиий, дейди ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоиров.

Тожикистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 7 миллионлик мамлакат аҳолисининг тахминан 59 фоизини аёллар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG