Линклар

Хўжанд шаҳри марказида Шўролар давлати рамзи бўлмиш 10 метрли “Ўроқ ва болға” меъморий обидаси бузиб ташланди. Аснода тожикистонликлар орасида “совет давридаги ҳайкалларга тегмаслик керак” дегувчилар ҳам, “бу обидалардан қутилиш керак” дегувчилар ҳам бор.

Бугун Сўғд вилоятида одамларга йўл кўрсатиб турган ёки қалпоғини кўтариб турган Ленин ҳайкалларини ҳар бир туманда, ҳар бир қишлоқда, ҳар бир шаҳарда учратиш мумкин. Хўжанд шаҳри марказида эса Лениннинг Марказий Осиёдаги энг ҳайбатли савлат тўкиб турибди.

Конибодом, Мастчоҳ, Ашт туманларида эса Сталин ҳайкалларини кўриш мумкин. Бундан ташқари, Дзержинский, Ворошилов, Калинин, Киров каби шўро етакчилари ҳайкаллари ҳам қилт этмай турибди. Хўжанд шаҳрининг марказий кўчаси эса ҳамон Ленин номи билан аталади.

Санъатшуносларнинг айтишларича, уларнинг ҳаммаси бир санъат асари бўлиб, уларни тарих учун асраш керак.

- Жамият ривожланишида ҳар бир тарихий шахснинг ўз ўрни бор. Бошқа томондан эса ҳайкал ҳеч кимдан нон сўрамайди, шундай экан, нега уни бузиш керак? Ахир илгари қанчадан-қанча хайкаллар бузиб ташланди, мана шу бизга дарс бўлиши керак. Шаҳар ва туманларда қад кўтариб турган ҳайкаллар тарих хисобланади.Уни бузиш билан биз ёшларга қандай ўрнак кўрсатамиз? дейди таҳлилчи Жамолиддин Саидов.

Конибодомлик Максуд Жўраевнинг фикрича, Шўролар даври рамзи бўлмиш ҳайкалларнинг олиб ташланмаётганига бошқа сабаб ҳам бор.

- Чунки ўрта ва кекса ёшдаги одамлар ўша даврни қўмсаб яшаяпти, ўша давр раҳбарларини эъзозлаб келаяпти. Улар учун ўша замонлар азиз ва қадрлидир. Кексаларнинг айтишларича, Шўролар даврида ҳозиргидек бой-камбағал бўлмаган. Ахир ўзингиз ўйланг, ҳозир қайси бир оддий одамнинг уйида чироқ кечаю кундуз бор. Даладан, ишдан ҳориб-толиб келган оддий одам уйи зим-зиё бўлиб турган пайтда албатта Шўро даврини қумсайди, ҳайкалларни эхтиёт қилади. Назаримда, мана шу тушунчалар уларни Шўролар даврини ифода этувчи ҳайкалларни асрашга ундамоқда, дейди Мақсуд Жўраев.

Махаллий кузатувчи Ботир Кобилов эса бошқача фикрда.

- Раҳбарларга, етакчиларга ҳайкал қўйиш бутпарастликнинг бир кўриниши, деб хисоблайман. Мана шу “бутпарастлик” шўро даврида шунчалик кучайиб кетдики, мармар ва бошқа тошлардан ҳайкаллар ясаш, Шўролар даврини ифода этувчи турли рамзлар ҳар қадамда қўйилган эди. Бугунги кунга қайтсак, ҳайкалларни бузиш керак эмас. Дарҳақиқат, улар тарих ифодаси. Уларни авайлаб кўчириш ва бошқа жойга ўрнатиш керак, дейди Ботир Қобилов.

Зафарободлик Абдурасул Мамадалиев фикрича эса, бу ҳайкаллар ўз хизматини ўтаб бўлган. Улар ҳозирги хукуматга ҳам, оддий одамларга ҳам кераги йўқ.

- Ҳозир ҳайкалларни бузмаётганлари бунга маълум миқдорда маблағ сарфлаш лозимлиги билан изоҳланади. Давлатимизда эса ортиқча пули йўқ. Ҳайкалларни таъмирлаш учун ҳам пул керак, дейди Абдурасул Мамадалиев.

Тожикистон Ислом ўйғониш партияси аъзоси Салоҳиддин Ҳусайнзода фикрича, ҳозирда жамият ўзгарган, шунинг учун ақидалар ҳам ўзгариши керак.

- Шунинг учун ҳам айни кунда мамлакатимиздаги бу ҳайкал ва ҳайкалчаларни тарих музейларига топшириш керак. Бизнинг ёш авлод бу ҳайкаллар тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас. Шундай экан, уларнинг зарурати йўқ, дейди Салоҳиддин Ҳусайнзода.
XS
SM
MD
LG