Линклар

logo-print

Айни кунларда Ўзбекистонда халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 105 йиллиги хотирланмоқда.

Таржимаи ҳол:

Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида, бўзчи оиласида туғилди. Аввал мактабда, кейин 1922-1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таҳсил олди.

1930 йили Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетини тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди. Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган “Туйғулар” шеърий тўплами билан кириб келди. “Дилбар - давр қизи” (1931), “Ўч” (1932), “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Темирчи Жўра” (1933) достонлари, “Қутлуғ қон”, “Улуғ йўл”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” каби романлар муаллифи.

Ойбек ўзбек романчилигида илк бор Алишер Навоий образини яратган ёзувчи сифатида эътироф этилади. Унинг “Навоий” романи 1944 йилда нашр этилган эди.

Ойбек Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини, Лермонтовнинг “Маскарад”, Мольернинг “Тартюф” драмаларини, шунингдек, антик адабиёт намуналарини ўзбек тилига ўгирган.

Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этди. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилди.

Ойбекнинг ҳаёт ва ижод йўли, совет даврида ижод қилган аксарият ўзбек ёзувчилари сингари бир қадар мураккаб. Ойбек ҳам кўп ижодкорлар сингари Сталин замонининг қатағон йиллари гурзиси зарбаларини ўз танасида татиб кўрди. У шўролар замонини мақтаб, Ленин, партия ҳақида шеърлар ҳам ёзди.

Лекин унинг ғоялари тамоман бошқа эди, дейди адабиётшунос, филология фанлари доктори Бахтиёр Назаров.

- Ойбек 20-йилларнинг бошлари¸ ўрталари¸ охирларида Чўлпонларга¸ Фитратларга ўхшаб халқининг дардини¸ азобини¸ орзусини¸ ўйини куйлади. Шунинг учун ҳам Ойбек деган ном чиқарди. Лекин энг даҳшатлиси шу бўлдики¸ шўро сиëсати¸ шўро мафкураси¸ шўро зуғуми ўз изини¸ ўз кучини кўрсатмаслиги мумкин эмас эди ва бу нарса Ойбекнинг дунëқарашига таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Ойбек ўз дунëқарашининг қули бўлмаган тақдирда ҳам ўз дунëқараши тасарруфида¸ таъсирида шўроларни куйлади. Шўро мафкурасини¸ керак бўлса партияни¸ Ленинни¸ социализмни ва бошқани куйлади. Бундан қатъий назар¸ Ойбекнинг дарди¸ Ойбекнинг алами халқи билан¸ халқининг орзуси¸ халқнинг дарди билан эди. Шунинг учун ҳам ўзбек халқи уни Ойбек деб қолди¸ дейди Бахтиëр Назаров.

Ўтган асрнинг 30- йилларида Ўзбекистонда қатағонлар рўйхатига тушмаган ёзувчилар жуда кам қолган эди. Абдулла Қодирий, Усмон Носир¸ Чўлпону Фитратлар отилиб кетди, ўнлаб ижодкорлар қамоққа ташланди. Бу давр Ойбек учун ҳам тинч давр эмас эди. Ёзувчи Набижон Боқийнинг КГБ архивидан олган ҳужжатлари асосида яратилган “Қатлнома” асарида ёш ёзувчи Ойбек ҳақида ҳам фикрлар келтирилган. Асарда ёзилишича, Ойбек 1935 йилда Абдулла Қодирийнинг романларини қаттиқ танқид қилиб рисола нашр эттирган. Кейинчалик бу танқидлар Абдулла Қодирий устидан ўтказилган маҳкамадаги прокурорнинг айблов хулосаларида жиноят далили сифатида келтирилган.

Адабиётшуносларга кўра, ўша қатағон йилларида НКВДнинг исканжасидан омон қолиш учун, аксар ёзувчи ва шоирлар бир-бирини чаққан ёки айблаган¸ НКВДнинг бу қатағон чиғириғидан жуда кам одам омон қолган. Ўша қатағон қилинган Абдулла Қодирий, Чўлпону Фитрат, Усмону Носирлар репрессия қурбонлари сифатида 1955 йилда оқланганидан сўнг, бу қилган гуноҳи, яъни сафдошларига, устозларига қилинган туҳматлар учун, ёзиб берилган ёлғон айбловлар учун ўз қилмишидан пушаймон бўлганлар ҳам, ўз фикридан қайтмаганлар ҳам бўлган.

Совет адабиётида ўзбек шеъриятининг отахон шоири сифатида талқин қилинган Ғафур Ғуломга репрессия қилинган ижодкорлар ноҳақ қамалгани ёки отилгани тўғрисида қоғозни олиб келишиб, “Сиз энди бу фикрингиздан қайтишингиз мумкин” дейишганда, шоир “мен ўшанда ҳам айтганман, бугун ҳам айтаман, улар халқ душманлари!” деган экан.

Ғафур Ғуломдан фарқли¸ Ойбек фарзандларининг ҳикоя қилишларича¸ адиб бу қилши учун бир умр изтироб чекиб яшаган ва қатағон қилинган ёзувчилар оқланганидан сўнг ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, бошини деворларга уриб йиғлаган.

Адабиётшунос Наим Каримов¸ қатағон йилларида ҳам кўпчилик ижодкорлардан фарқли Ойбекнинг ўз устози Чўлпонни ҳимоя қилишга ҳам уринганини эслайди.

- Ойбек домла Чўлпоннинг яқин шогирди бўлганлиги учун¸ Абдулла Қодирийнинг яқин шогирди бўлганлиги учун ҳам 30-йилларда Чўлпонга қарши ҳужум бошланган пайтда Чўлпонни биринчи бўлиб ҳимоя қилган. Ҳимоя жараëнида “Русларнинг Пушкин деган улуғ шоири аристократиянинг куйчиси бўлишига қарамасдан ўзининг бадиий асарлари билан ҳозирги замондошларига ҳам хизмат қилаяпти. Нега бизнинг Чўлпонимиз ўзбек халқининг дардини ифодалаганига қарамасдан¸ ўзбек халқининг чинакам миллий шоири бўлишига қарамасдан¸ ўзбекнинг кейинги авлодига хизмат қилиши мумкин эмас” деган гап билан бир неча марта ҳимоя қилган эди¸ дейди адабиëтшунос Наим Каримов.

Адабиётшунос Бахтиёр Назаров фикрича, Ойбек ботинан қанчалик халқнинг дардига яқин бўлмасин, у замон ва давр тақозосидан келиб чиқиб шўролар мадҳини куйлашга мажбур эди.

- Шўро замонида шўро сиëсати¸ шўро мафкураси эталон бўлиб турган бир пайтда бутун жамият¸ бутун замон¸ раҳбариятдан тортиб ўшанга ишонган халққача¸ социализмни ваъда қилиб турган гапларга ишониб турган бир замонда ўша замоннинг фикрларини куйламаслик жуда мураккаб¸ жуда қийин эди. Гамзатов дейсизми¸ Шолохов дейсизми энг катта санъаткорлар ҳам уни ифодалади. Лекин айни вақтда санъаткор шунинг учун ҳам санъаткорки¸ фақат замон диктовка қилган¸ замон буйруқ берган нарсанигина айтишдан ташқари катта санъаткорнинг қалби бор¸ юраги бор¸ дунëқараши бор. Шуни Ойбеклар бир жиҳатдан билиб турди¸ лекин айта олмас эди. Улар замоннинг зуғумидан ташқарига чиқиб кета олмас эди. Ташқарига чиқиб кетишга интилган Фитратларнинг¸ Чўлпонларнинг тақдири уларнинг кўз олдида эди. Шунинг учун имкон даражасида замон билан муроса қилишга ҳаракат қилди. Лекин ҳеч қачон эътиқодфурушлик қилмади. Шунинг учун ҳам Ойбек бўлиб қолди. Ойбекдан кичикроқ бўлган замондошлари ëзди. Мен уларнинг номини айтиб ўтирмай. Улардан жуда кўп эътиқодфурушликлар бўлди. Эҳтимол¸ улар ҳам хоҳламагандир. Ойбеклар ҳаëтнинг мураккабликлари¸ қийинчиликларини куйлади¸ деганимизда улар ўз эътиқодидан кечмади¸ дейди Бахтиëр Назаров.

Бироқ¸ дейди Наим Каримов¸ қатағон даврининг калтаклари Ойбекнинг бошида ҳам сина бошлади.

- У ишлаб турган Тил ва адабиëт институтидан ҳайдалган¸ Ëзувчилар уюшмасидан ўчирилган. Мана шу туфайли Ойбек домлага берилган уй тортиб олинган. Ойбек домла бир неча вақт мобайнида¸ бугун бўлмаса эртага қамалишим мумкин¸ деган хавотир остида яшаган¸ дейди Наим Каримов.

Адабиётшунос фикрича, 50-йилларнинг бошларида кўринган иккинчи қатағон нишонига яна Ойбек тушди. Энди унинг “Навоий” романидан кир қидира бошланди. Тинимсиз танқидлар ва таъқиб ахийри Ойбек домлани тилдан қолдирди, дейди Наим Каримов.

- 30 ва 50-йилларда бўлган ҳар икки қатағоннинг даҳшатли тўлқини Ойбек домлани майиб қилиб¸ соқов қилиб¸ уни кўз ëшидан маҳрум қилиб¸ бу касаллик 1951 йилда бошланган бўлишига қарамасдан Ойбек домла 1968 йилда вафот этгунига қадар рафиқаларига¸ фарзандларига оғзаки айтиш билан ўзбек халқининг бахтига¸ ўзбек адабиëтининг бахтига соғ одамдан ҳам яхшироқ бир қанча асарлар ëзди. Ўша хаста пайтида ëзган шеъридан бир банди ëдимда бор.

Хастамен фикрга¸ туйғуга тўлиб¸
Ой менга ҳамқадам аста юрамен¸
Соғайсам бир куни ëзамен тўйиб¸
Ҳисларга қалбимни қўшиб ëзамен.

Ойбек домла шундай бир армон билан яшаганлар. Афсуски¸ Ойбек домла вафотига қадар бутунлай соғайиш имконига эга бўлмади. Ҳатто одамлар билан ҳам¸ бизга ўхшаган талабалар билан ҳам гаплашганда унинг айтаëтган гапларини бизнинг тушунишимиз¸ илғашимиз қийин эди¸ дейди Наим Каримов.

Ойбекнинг қизи, ҳозир 73 ёшда бўлган Гулранг ая ўша оғир кунларни шундай эслайди.

- 14 ëшда эдим. 1951 йилда касал бўлиб қолди. Эсимда бор как раз менинг туғилган куним 16 апрел эди. Йиғлаб болницага борганман. Ўшанда биринчи марта инсульт бўлган. Ҳар хил гаплар бўлган. Газеталарда мақолалар чиққан. Атака бўлганда. Бизларга айтмасдан ўзи сиқилган. Инсультдан кейин просто гапи унча яхши бўлмади¸ дейди Ойбекнинг қизи Гулранг ая.

Адабиётшунос Бахтиёр Исабеков Ойбек бошидан ўтказган даврни¸ қай бир маънодадир¸ бугунги ўзбек адабиётининг аҳволига менгзайди.

- Биласизми¸ менинг тушунчам шунақа. Худо тилаганингни бераман¸ дейдию. Мен ҳукуматга хизмат қилайин дейдиган бўлса¸ шундан мукофотлар олайин деса¸ шунга эришади. Кимки¸ халқим деса¸ унга ҳам эришади. Халқи билан бирга қолади. Мана сиз тасаввур қилинг¸ совет замонида совет деганлар¸ совет ҳукуматини қўллаганлар совет ҳукумати кетиши билан бирга хоҳлайдими хоҳламайдими совет халқларининг адабиëт саҳнасидан тушиб қолди. Чунки улар совет деган эди. Совет ҳукумати уларни қадрлади. Шунинг учун улар яхши еб-ичди¸ обрўга эга бўлди. Қодирий¸ Чўлпон¸ Фитратлар халқим деган эди. Улар ҳукуматни демаган эди. Уларни қоралаган ҳукуматдан озод бўлган эди¸ улар яна юзага чиқди. Худо уларни халқим деганлиги учун халқи билан бирга қилди. Ҳукумат деганларни ҳукумат билан бирга қилди. Улар ҳукумат бор бўлса бор¸ йўқ бўлса йўқ бўлади¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Адабиётшунос фикрича, бугунги мустақил Ўзбекистонда халқнинг дардини ёзган ва унинг ҳар томонлама озод бўлишини истаган ёзувчи ва шоирлар қамоқларга ташланган ва қувғинларга учраган. Ёзувчи Мамадали Маҳмудов ва шоир Юсуф Жума қамоқда, шоир Муҳаммад Солиҳ ва яна ўнлаб ижодкорлар ватандан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлган, ҳукуматга хизмат қилаётганлар эса ҳозирча ардоқда, дейди Бахтиёр Исабеков.

- Энди уларнинг сони жуда кўп. Абдуллар Орипов¸ Эркин Воҳидовлардан тортиб¸ уларнинг сонини мен қанақа қилиб айта оламан. Миқдори жуда кўп буларнинг. Менимча¸ илгариги замонларда ҳам шунақа бўлган. Мана 20-40 йилларни оладига бўлсангиз¸ қанча ëзувчиларимиз бор. Ичида битта-иккитасини ажратиб кўрсатамиз. Масалан Чўлпон деймиз¸ Фитрат деймиз¸ Қодирий деймиз ажратиб кўрсатамиз. Ўша пайтдаги миқдорни олинг. Жуда кўп бўлган. Ҳозир ҳам шунақа ҳолат кетаяпти. Ўзи доимо шиоир ва ëзувчилар кўп бўлади. Менинг тушунчам бўйича ўшаларнинг ичида ким нимага интилган бўлса¸ шунга эришади. Маррада марра. Уларда марра ҳукуматга хизмат қилиш. Дунëда мақсади ҳам шу. Ялтоқланиб¸ бошқа нарсалар қилиб¸ бир нарсалар олиш¸ унвонлар олиш¸ пул олиш¸ ижтимоий мавқеини кўтариш. Шуларнинг ҳаммасига эришишаяпти. Демак¸ бу йўлда улар ҳукуматга хизмат қилаяпти¸ дейди адабиëтшунос Бахтиëр Исабеков.

Адабиётшунос фикрича, Ойбек “Навоий” романи орқали ўзбек халқи учун жуда катта хизмат қилиб кетди ва машаққатли меҳнат меваси бўлмиш бу асар¸ ҳали узоқ йиллар адабиëт кўшкида қолишда давом этади. Айни пайтда¸ дейди адабиёшунос, Ойбек ўша пайтдаги мавжуд тузумнинг барқарорлиги ва келажагини таъминлаш учун хизмат қилди ва унинг бу хизматлари у хизмат қилган тузум билан бирга тарих қатларида қолишга маҳкумдир.
XS
SM
MD
LG