Линклар

logo-print

Туркманбоши ҳайкаллари бузилмоқда


Ашхобод марказидаги "Бетарафлик биноси" яқин кунларда воқеликдан тарих саҳифаларига кўчади.

Ашхобод марказидаги "Бетарафлик биноси" яқин кунларда воқеликдан тарих саҳифаларига кўчади.

Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов Ашхободдаги "Бетарафлик биноси"ни бузиш ва унинг ўрнига янгисини барпо этиш тўғрисида фармон имзолади. Бу эса шахсга сиғинишга мажбурланаëтган жамият саҳнасида ўйинчилар алмашгани тасдиғи сифатида кўрилмоқда.

1998 йилда ўрнатилган бу ёдгорлик баландлиги 63 метр бўлиб, унинг марказида туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг қуёш билан бирга айланувчи ҳайкали жойлашган.

Бу воқеани айрим кузатувчилар марҳум туркманбоши шахсига сиғинишга қарши кураш, деб баҳоласалар, бошқалари Ниёзовнинг ўрнига Бердимуҳаммедов шахсига сиғиниш маданиятининг шаклланаётгани ифодаси сифатида шарҳламоқдалар.

Турли энциклопедия ва луғатларда "шахсга сиғиниш" атамасига деярли бир хилда изоҳ берилади:

“Шахсга сиғиниш – муайян бир шахсни (асосан давлат арбобини) пропоганда воситалари, маданият ва санъат асарлари, давлат ҳужжатлари ва қонунларда улуғлаш. Уларда улуғланаётган шахснинг инсоният фаолият кўрсатувчи барча соҳаларда ўта истеъдодли экани, донишмандлиги, келажакни башорат қила олиши, халқ ва миллат тараққиёти учун керакли бўлган ягона ва энг тўғри қарорни қабул қилиш салоҳиятига эга экани ва бошқа жиҳатлари тасдиқланади”.

Мазкур аниқламадан чиқарган хулосамиз шуки, шахсга сиғиниш деб аталувчи ижтимоий-сиёсий касаллик ёпиқ жамиятларда пайдо бўлади ва бу касаллик вирусини бундай жамиятларда асосан тарғибот-ташвиқот воситаси сифатида кўриладиган ижтимоий институтлар¸ матбуот ва маданият урчитади.

Марказий Осиё ва постсовет давлатларида шахсга сиғинишнинг шаклланиши тўғрисидаги “Амир Темур мероси” ва “Эркинликдан мастлик” китоблари муаллифи, швециялик тадқиқотчи Диcа Хостаднинг айтишича, минтақада шахсга сиғинишнинг турли кўринишлари мавжуд.

- Ўзбекистонда бу кўриниш устамонлик билан рамзларга кўчирилган. Масалан, Ўзбекистонда Ислом Каримов ўрнига ҳамма жойда кучли доҳий Амир Темур ёдгорликларини кўриш мумкин. Пропаганда бу мамлакатда кучли, чўрткесар, одамлар кўрганда дағ-дағ қалтирайдиган доҳий ғоясини тарғиб қилади, дейди Диcа Хостад.

Айни пайтда тадқиқотчи президентлар Назарбоев ва Каримов шахсига сиғинишда тафовутлар борлигини айтиб ўтади. “Президент Каримов халқ ўзидан қўрқишини истайди. Назарбоев эса, аксинча, халқ ўртасида катта обрўга эга бўлиш орқали ўз шахсига сиғинишларини ҳоҳлайди”, дейди суҳбатдошимиз.

Диcа Хостад минтақада шахсга сиғиниш ҳолати Туркманистонда ўта кучли бўлиб қолаётгани ҳақида ҳам гапирди. Бу мамлакатда туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг ҳайкаллари у тириклигидаёқ бунёд этилган эди.

Сўнгги хабарларга қараганда, бу ҳайкалларнинг энг дабдабалиси ҳисобланган Ашхабоддаги "Бетарафлик биноси" янги президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов фармони билан бузилмоқда.

Хорижда яшаётган туркманистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Фарид Тухватуллин бу воқеани хушхабар сифатида қабул қилишини айтади.

- Менинг фикримча, бу туркманбоши шахсига сиғинишга қарши туркманча курашнинг силлиқроқ кўринишидир, дейди Фарид Тухватуллин.

Бироқ туркман парламентининг собиқ депутати Холмурод Суюнов фикрича, Туркманистонда янги президент шахсига сиғиниш даври бошланмоқда. Собиқ депутат Ниёзов шахсига сиғиниш даври бошланган 1992 йил сценарийси бугунги кунда айнан такрорланмоқда, деб ҳисоблайди.

- 1992 йил сценарийси яна қайтадан ўйналади. Яъни Ниёзов ўрнига Бердимуҳаммедов шахсига сиғиниш даври бошланмоқда. Буни олиб ташланган Ниёзов портретлари ўрнига Бердимуҳаммедов портретлари ўрнатила бошлаганидан ҳам сезса бўлади, дейди Холмурод Суюнов.

Бошқа таҳлилчилар ҳам Туркманистонда бир шахсдан кейин иккинчи шахсга сиғиниш жараёни бошлангани ҳақида гапирадилар.

Қирғизистон ва Тожикистонда бу жараён унчалик сезилмайди. Аммо қирғиз мухолифати вакилларига кўра, Қирғизистонда матбуот ва фикр эркинлигининг аста-секин бўғиб борилиши оқибатида шахсга сиғинишнинг илк кўринишлари сезила бошлади. Бу нарса президент Бакиевнинг яқин қариндошларидан етти кишининг мамлакатдаги энг юқори лавозимларни эгаллаб турганидан ҳам билинади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, минтақада шахсга сиғиниш ҳодисасини ўрганган швециялик тадқиқотчи Диса Хостадга "Марказий Осиёда шахсга сиғинилмайдиган жамият мавжуд бўла оладими?" деган савол билан юзландик.

- Бундай одам бор эди. Уни биласиз, бу Акаев эди. Бироқ у ҳаммага, ўз халқига ҳам, минтақадаги президентларга ҳам заиф раҳбар сифатида кўринар эди. Охир-оқибат уни ҳокимиятдан қувишди, дейди Диса Хостад.

Тадқиқотчи фикрича, Марказий Осиё халқи учун демократия тамойиллари бегона эмас. “Жумладан, Ўзбекистонда бир вақтлар минтақадаги энг кучли мухолифат ва демократия мавжуд эди”, деб эслатади Хостад.

Аммо халқнинг демократик жамият борасидаги иродасини муайян сиёсий гуруҳлар ўз манфаатларига алиштирмоқдалар ва бу манфаатлар юзага чиқиши учун шахсга сиғиниш энг мақбул сиёсатдир¸ деб давом этади швециялик таҳлилчи:

- Шахсга сиғиниш ҳокимиятни сақлаб қолишнинг энг амалий ва синалган усулидир. Халққа пропаганда энг донишманд раҳбар ғоясини сингдириб юборади. Ўз-ўзидан бу раҳбар амалдан кетса ҳолимиз хароб бўлади, деган тушунча пайдо бўлади, дейди Диcа Хостад.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG