Линклар

logo-print

Мактаб ҳамма учун¸яхши мактаб бойлар учун

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги аксар ота-оналар оддий мактабларда таълим сифатининг кундан-кунга тушиб бораëтганидан нолимоқдалар.

Ўзбекистондаги аксар ота-оналар оддий мактабларда таълим сифатининг кундан-кунга тушиб бораëтганидан нолимоқдалар.

Ўзбекистонда табақалашув жараëни кучайиб бораëтганини қайд этган кузатувчилар¸ мамлакат болаларининг бари расман таълим олиш ҳаққига эга бўлса-да¸ сифатли таълимнинг фақат бой қатлам болаларига хос ҳақ эканини айтмоқдалар.

ЮНЕСКО ташкилотининг “Таълим ҳамма учун” деб номланган ҳисоботида айтилишича¸ 2010 йилда молиявий бўҳрон сабаб энг қашшоқ давлатларда яшаётган миллионлаб бола таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

Аммо ўзбекистонлик ўқитувчилар фикрича, молиявий инқироз шу пайтгача ўзбекистонлик болаларнинг мактабларга жалб этилиш масаласига салбий таъсир кўрсатгани йўқ.

- Мактабга ҳозир ҳамма тортилади бизда. Водийдан бошқа жойларни билмайманку¸ бизда ҳамма жалб этилади. Ҳаттоки уйларига бориб ҳам ўқитишарди¸ дейди фарғоналик ўқитувчи Саиджон ака.

Ўқитувчи сўзларига кўра, Ўзбекистон мактабларидаги муаммо болаларнинг қандай таълим олаётгани билан боғлиқ.

- Ота-оналар ҳозир болаларини номига савод чиқариб олиши учун¸ яъни ўқиш-ëзишни билиб олиши учун жўнатаяпти. 90 фоиз ота-она шунинг учун ўқитади¸ холос. Ундан кейингиси қизиқтирмайди. Чунки боласининг ўқишга киришга кучи етса ҳам ўқита олмайди. Контракт пулларини кўпчилик тўлай олмайди бизда. Ота-оналарнинг куч-қуввати йўқ тўлашга. Ҳар мингтадан биттасининг тўлов қуввати бўлмаса¸ жуда қийин. Масалан ўзим. Ўзимнинг фарзандимни ҳозир ўқита олмайман. Биттагина ўғлим бор. Ўқитмайман деяпман. Иложи йўқ. Олий ўқув юртига киргани билан тўлов контрактлари жуда қимматлаб кетган. Бунинг устига йўл харажатлари¸ усти¸ қорни¸ кийим-боши¸ ëтоғи. Бу жуда катта маблағ талаб қилади. Шунинг учун ҳам ўқитиш ниятим йўқ¸ дейди Саиджон ака.

Иккинчидан¸ дейди Саиджон ака, ҳозир янги таълим стандартлари аввалгига қараганда анча бўшашиб кетган ва бу ўз навбатида болаларнинг кучли билим олишига имкон бермайди.

- Янги давлат дастурида ўқув программалари жуда соддалашиб кетган ҳозир. Олдинги бериладиган таълимнинг яримини берамизда ҳозир. Жуда ҳам содда-содда фанларни олиб қолишган¸ қолганларини чиқариб ташлашган. Бизни битирган ўқувчилар яхши ҳунарманд бўлиб чиқиши мумкин¸ аммо илмий ходим¸ илмий соҳада ишлай олмайди. Унинг учун улар бошқатдан ўқиши керак. Олдинги билимларнинг ҳажмининг ярми ҳозир. Дарс соатлари ҳам қисқартирилган. Аниқ фанларники қисқартириб ташланган¸ дейди Саиджон ака.

Учинчи муаммо бу мактаблардаги кадрлар муаммоси¸ дейди Саиджон ака. Унинг сўзларига кўра, мактаблардаги эркак ўқитувчилар деярли қолмади ҳисоб. Мактабдан оладиган маоши ўз оилаларини боқишга етмагани учун улар касбларини бошқа кўпроқ даромад берадиган соҳага алмаштирмоқдалар ва бу ўз навбатида мактабларда олий маълумоти бўлмаган ўқитувчилар кўпайишига сабаб бўлмоқда.

- Эркак ўқитувчилар қолмаган ҳозир. 15 фоиз эркаклар¸ қолганлари аëллар. 70 нафар ўқитувчи бўлса¸ булардан 10-15 нафари олий маълумотли. Қолганлари коллежларни битирган¸ бошқа. Ярми олий маълумотли¸ ярми ўрта махсус маъумотли. Бизда 45 тами¸ 50 тами ўқитувчи бор. Шундан бўлса 20-25 нафари олий маълумотли¸ дейди Саиджон ака.

ЮНЕСКО эълон қилган ҳисоботда айтилишича, таълим тизимидаги маргиналлашув жараёни деярли дунёнинг барча давлатларида кузатилмоқда. Ўзбекистонлик ота-оналарнинг айтишларича, гарчи Ўзбекистонда таълим олиш Конституцияга кўра текин қилинган бўлса-да, лекин ўзига тўқ ва бой оилалар фарзандларининг алоҳида мактабларда ўқитилиши жамиятдаги табақалашувнинг кучайишига сабаб бўляпти.

Тошкентлик Дилором ҳам Юнусобод туманининг 43- мактабида ана шундай маргинал синфлар ташкил қилингани ва бу болалар психологиясига салбий таъсир қилаётганини айтади.

Дилором: Элитний мактаблар бор.Оддий мактабларда элитний синфлар ҳам бор.

Озодлик: У қандай бўлади?

Дилором: Ҳар ойга яхшигина пул тўланадида¸ ичида ҳамма нарсаси бор. Овқати ҳам бор. Синф хонаси тўлиқ оборудавание қилинган. У ерга фақат бойваччаларнинг болаларини териб олган. Чунки оддий ишчилар унақа пул тўлай олмайди.

Озодлик: Битта мактабда икки хил таълим берилади-а?

- Ҳа. Шу ерда ҳам уже ажратилаяптио. Болалар уже қанақадир бошқача қараяпти. Бўлмаса битта мактаб. Алоҳида мактаб очса бўлади. Бир хил ота-оналарнинг қурби етади. Давлат ҳам ҳозир мана шунақа мактабларни очаяпти. Мен бунақага қаршиман. Мана шунақа нарса билан боланинг психологиясига катта путур етказилаяпти. Алоҳида бўлса¸ унчалик билинмайди. Бу ерда уже табақага ажратишяапти¸ дейди Дилором.

ЮНЕСКО ташкилоти “Таълим ҳамма учун” деб номланган ўз ҳисоботида ҳукуматларга маргиналлашган гуруҳлар ва жамиятнинг бошқа қатламлари орасидаги фарқни қисқартириш таклифини беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG