Линклар

logo-print

Россия Украинага элчи жўнатди


Россиянинг Украинадаги элчиси лавозимига 2009 йилнинг августида тайинланган Михаил Зурабов Украина расмийларининг "аксилроссия" сиёсатидан норозилик сифатида шу пайтгача Киевга юборилмаган эди.

Россиянинг Украинадаги элчиси лавозимига 2009 йилнинг августида тайинланган Михаил Зурабов Украина расмийларининг "аксилроссия" сиёсатидан норозилик сифатида шу пайтгача Киевга юборилмаган эди.

Москва ва Киев ўртасидаги дипломатик совуқчиликнинг барҳам топиши Украинада яқинда бўлиб ўтган сайловда ғарбпараст президент Виктор Юшченко мағлубиятга учраганидан кейин амалга ошди.

Киевга жўнаши олдидан Россиянинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Михаил Зурабовни Россия президенти Дмитрий Медведев қабул қилди.

- Украинадаги элчимиз сифатида вазифангизни бажаришга киришингиз керак ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга максимал ҳисса қўшасиз, деган фикрдаман, деди президент Медведев Россиянинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Михаил Зурабовга юзланаркан.

Медведев Зурабовга, шунингдек, Украина билан савдо-иқтисодий алоқалар бўйича президентнинг махсус вакили ваколатларини ҳам берди.

Москванинг 5 ойлик дипломатик совуқчиликдан сўнг Украинага элчи юбориши якшанба кунги сайловда ғарбпараст президент Виктор Юшченко мағлубиятга учраганидан сўнг амалга ошди.

Сайловнинг 7 февралда ўтадиган иккинчи босқичида Виктор Янукович ва Юлия Тимошенколар куч синашадиган бўлди.

Ҳар иккала номзод ҳам кейинги бир неча ой ичида Москва билан бир қатор масалаларда келиша олмай келган Юшченкога қараганда Кремлга яқинроқ сиёсатчилар сифатида танилган.

Виктор Юшченко шаънига кесатиқ қилар экан, Медведев Украинанинг бўлғуси етакчиси "конструктивроқ" бўлар, дея умид билдирди:

- Сайлов натижалари чиқарилгач, Украинада Россия билан конструктив, дўстона ва ҳар томонлама алоқаларни ривожлантиришни ўйлайдиган самарали ҳокимият пайдо бўлади, деб умид қиламан, деди Дмитрий Медведев.

Михаил Зурабов аслида Россиянинг Украинадаги элчиси лавозимига 2009 йилнинг августида тайинланган, бироқ бир неча кундан сўнг Медведев Юшченкога йўллаган мактубида Киевнинг "аксилроссия" сиёсатидан норозилик тариқасида элчини юбормасликка қарор қилганини билдирган эди.

Москва – Киев муносабатлари 2004 йили амалга ошган "Зарғалдоқ инқилоб" туфайли ҳокимият тепасига ғарбпараст Юшченко келганидан сўнг кескин бузилиб кетган эди.

Юшченконинг украин миллати манфаатлари ҳимоя қилиши ва НАТОга интилиши Москванинг ғашини келтирди ва Кремл буни яширишга уринмади ҳам. Айниқса Украина президентининг бир ҳафталик Россия – Грузия урушида Тбилиси томонини олгани, Сталин давридаги қаҳатчиликдан миллионлаб украиналикларнинг очдан ўлганини “геноцид” деб атагани муносабатлар ҳароратини янада тушириб юборди.

Айни пайтда беш йил олдин берган ваъдаларининг кўпчилиги устидан чиқа олмаган Юшченконинг ўз мамлакатида ҳам кейинги йилларда обрўси тушиб кетди ва натижада у тунов кунги сайловда 5 фоиздан сал кўпроқ овоз ололди, холос.

Эндиликда Юшченконинг ҳокимиятдан кетиши аниқ бўлиб қолганидан сўнг Москва Киев билан алоқаларни тиклашга бел боғлаган кўринади.
XS
SM
MD
LG