Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Муносабат ёмон - орада халқ сарсон


Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларининг қўшни давлат фуқароларига нисбатан ноқонуний ҳаракатларини акс эттирувчи информацион уруш давом этмоқда. Бундан эса кўпроқ икки давлатнинг оддий фуқаролари жабр кўрмоқдалар.

20 январь куни Центразия сайтида Ойбек Зоҳидов имзоси билан “Тожикистон куч ишлатар тизимлари вакиллари пул ишлашнинг яхши усулини топишди” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг Ховос темир йўл станциясида ишлайдиган Ихтиёр Бердиёров Тожикистоннинг Шаҳристон туманига қариндошларини кўргани бормоқчи бўлган. Бироқ Зафаробод-Истарафшан йўли оралиғида у ўтирган машинани “Мерседес” русумли автомашина йўлини тўсган. Машинадан тушган фуқаро кийимидаги одам ўзини Миллий хавфсизлик қўмитаси вакили подполковник Жамшед Ғуломов деб таништириб, Ихтиёрни ўзи билан бирга олиб кетган.

Уч кун давомида Ихтиёр Бердиёров Зафаробод миллий хавфсизлик бўлими ҳибсхонасида ушланган. Уни ҳар куни сўроқ қилишган. “Ўзбекистон хукуматининг тожик миллатига мансуб фуқароларга муносабати қандай?” қабилидаги саволларни қайта-қайта беришган. Тазйиқлар остида Ихтиёр Бердиёров Ўзбекистонда тожиклар тазйиққа учраётгани ва ўзбекистонликлар миллий мансубиятига кўра вазифасидан бўшатилаётганлигига оид фактлар борлигини ёзиб берган. Эртасига Сўғд вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси вакиллари келиб, Ихтиёр Бердиёровдан худди шу мазмундаги аризани олиб кетишган. Учинчи куни подполковник Жамшед Ғуломов Ихтиёрни кўчага олиб чиқиб, қочиб кетишига ёрдам берган. “Кейинчалик маълум бўлишича, Ихтиёрнинг Тожикистондаги амакиси Бобур Бердиёров 5000 АҚШ доллари миқдорида пул бериб, жиянини озод қилган экан”, деб ёзади муаллиф.

Мақола муаллифи бундай фактларни кўплаб келтириш мумкинлигини қўшимча қилади. Жумладан, Ойбек Зоҳидовнинг ёзишича, Тожикистонга меҳмонга борган ўзбекистонликлар қўлга олиниб, уларга жосуслик айби қўйилиб, бир неча йилга озодликдан маҳрум этилган.

Вилоят Миллий хавфсизлик бошқармасидан мазкур мақолада келтирилган фактлар бўйича бирор-бир муносабат олишнинг иложи бўлмади. Расмийлар фикрича, бундай провокацион мақолаларга жиддий эътибор бериш керак эмас.

- Бу масала хаммамизни ташвишга солади. Мен жуда кўп туманларга қилган сафарим чоғида ўша ерда яшаётган ўзбекзабон аҳолининг ўзи бундай сиёсатдан хафа эканлигини айтишмоқда. Улар менга: “Ижозат беринг, биз ўз норозилигимизни изҳор қилайлик”, деб айтишди. Лекин бу ҳаммаси бекорчи гаплар. Икки халқнинг тарихий бирлигига ҳеч ким, ҳеч қанақа кўрсатув ва мақолалар тўсиқ қўя олмайди, деганди эди Сўғд вилояти раиси Қохир Расулзода аввалроқ бундай ҳолатлар юзасидан ўз муносабатини билдирар экан.

Сўғдлик зиёли Қосим Раҳимовнинг сўзларига кўра, аслида бундай мақолалар ҳеч қачон икки халқнинг дўстлигига хизмат қилмаган, бундай мақолалар пайдо бўлишига эса икки давлат расмийлари ўртасидаги адоват сабаб бўлмоқда.

- Ўзбек ва тожик халқи хақида гап кетганда тарихдан уларни “икки тилда гапирувчи бир миллат” дейишлари бежиз эмас. Назаримда, бундай мақолаларга эътибор бермаслик керак, дейди Қосим Раҳимов.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараолди ҳудудларида турли можароларнинг келиб чиқишига икки давлат фуқароларининг чегарани ноқонуний кесиб ўтиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Таҳлилчи Мадина Сайфиддинованинг айтишича, Ўзбекистон томони 2008 йилдаёқ ёпиб қўйган олтита чегара пунктларини ҳалигача очмаган. Шу боис одамлар тирикчилик боис чегарани бузишга мажбур бўлади.

- Ўзбек ва тожикларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтишларига биринчи навбатда иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлмоқда. Шўролар даврида чегара нималигини билмаган қўшниларнинг қариндош-уруғчилик ришталари шунчалик қаттиқ боғланган эдики, улар билиб-билмай чегарани бузишга мажбур булдилар. Бу ҳолат шу кунларда ҳам давом этаяпти. Ҳар икки давлатнинг куч ишлатар тизимлари вакиллари эса бундан фойда кўришмоқда. Менимча, икки республика раҳбарлари ўз халқи хақида қайғуриши керак ва яхши қўшничилик муносабатларини тиклаш вақти аллақачон етган. Зеро, одамлар бу йўллардан минг йилдан буён ўтиб юрган бундан кейин ҳам ўтаверади, дейди Мадина Сайфиддинова.
XS
SM
MD
LG